Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ (Узбекистан)
Родился в 1962 г. Окончил Ташкентский политехнический институт. Пишу со школьных лет. С 1993 г. член союза писателей Узбекистана. Опубликовал около десяти книг, состоящих из повестей и рассказов. В этом году издан мой первый роман «Банкир». По моим сценариям снято четыре полнометражных художественных фильма и четыре сериала. Люблю играть в шахматы и, естественно, читать…
_______________________________________________________________________________________________________
Синопсис к короткому рассказу Абдикаюма Юлдашева «Где же ты, чудо…»
Маленький узбекский аул. Жизнь здесь протекает мирно и тихо. Люди привыкли к такому образу жизни. Вдруг один сельский юноша начнет показывать удивительные способности. А людям это не нравится, особенно, отцу юноши. Он хочет, чтобы его сын был «как все». Отец изо всех старается добиться своего. По совету одного корреспондента отец попробует окунать в воду своего сына, чтобы он стал «нормальным». Также заставляет его заниматься тяжелым физическим трудом.
В конце концов, парень со странными способностями умирает от мучительного труда. Теперь жизнь снова будет идти как раньше – тихо, спокойно. Но дети, которые увидели своими глазами чудеса, показанные юношей, больше не хотят жить прежней унылой жизнью…
ҚАЙДАСАН, МЎЪЖИЗА…
Ҳикоя
(парча)
* * *
Ўзбековуллик Тиркаш чўпоннинг кенжа ўғли Дамин кутилмаганда қишлоқда машҳур бўлди-қолди.
Ҳар доимгидек, энг аввал бу гапни болалар топиб келишди. Аммо катталар ишонқирамай бош чайқашди. Заҳаргина тили билан овулда танилган Беркин муаллим эса очиқдан-очиқ истеҳзо билан:
— Қарқуноқдан булбул чиқмайди, биродарлар, — деди. Сўнг, гапининг янада чуқурроқ мазмун касб этишини истадими ёинки аввалдан ёдлаб олган жумласимиди, ишқилиб, жиддият ила қўшиб қўйди: — Олма ҳеч қачон ўз дарахтидан узоққа тушмайди.
Қарангки, табиатда баъзан шунақа ҳодиса ҳам юз бериб тураркан, яъниким, олма ўз дарахтидан узоққа ҳам бориб тушаркан. Ҳолбуки, ҳар қандай воқеа-ҳодисага дарҳол муносабат билдириши билан танилган, айниқса, аксар ҳолларда гаплари тўғри чиқиши боис ҳатто “синчи” лақабини олиб улгурган Беркин муаллимнинг адашиши жуда-жуда қийин эди…
Орадан озгина фурсат ўтар-ўтмас Дамин ҳақидаги узунқулоқ гаплар овулдан чиқиб, қўшни қишлоқларга ҳам тарқала бошлади. Хусусан, тўй-маъракаларда ўзбековулликлардан бу йигитча тўғрисида сўраб-суриштиришлар бошланди:
— Қишлоғингиздан бир бола чиққан эмишми…
Бировларнинг олдида сўралган масалани билмаслиги боис қизариб қолишни ёқтирмайдиган ўзбековуллик ёши катталар ниҳоят бу ишга жиддий киришмаса бўлмаслигини англаб етишди.
Аввал болаларни сўроқ қилишди. Уларнинг эса ҳаяжони бир олам эди.
Болаларнинг тўлиб-тошиб гапиришларига қараганда, Тиркаш чўпоннинг кенжа ўғли Дамин, ана шу озғингина, қилтириқлиги боис ёшига нисбатан кичикроқ кўринадиган, айтайлик, ташқи кўриниши нари борса ўн олти-ўн етти яшар ўсмирни эслатадиган Дамин алламбало мўъжиза кўрсатиб, ҳамманинг оғзини очириб юрган эмиш. Яъни қоронғу тушиб, овул зимистон оғушига кўмилган маҳал болалар йиғилишиб чўпоннинг уйи ёнига боришаркан. Улар ярим соат-бир соат кутиб тургандан сўнг ахийри эски, ён томонга оғиб қолган дарвозанинг бир тавақаси ғийқиллаб очиларкан ва қоронғуликда пайдо бўлган Дамин нималарнидир пичирлаб-шивирлаб ўқигач, кетмон дастадай узун ва ориқ қўлларини болалар томон чўзаркан. Ана шунда… ана шунда яланғоч қўлларда олов пайдо бўларкан. Ҳақиқий олов. Бир неча лаҳзадан сўнг эса олов қандай пайдо бўлса шундай ўчаркан-қоларкан. Шундан кейингина Дамин дарвоза тепасига ўрнатилган чироқни ёқаркан-да, бир туки ҳам куймаган қўлларини болаларга намойиш қиларкан…
Албатта, бу гапга катталар мутлақо ишонишмади. Оловни эса оддий кўзбойлоғичлик деган хулосага келишди.
Балки мана шу кўзбойлоғичликнинг ўзига ҳам тан берса арзирди. Аммо кутилмаганда кимё ўқитувчиси Алибой аканинг изоҳи бу борадаги сўнгги иккиланишларга ҳам барҳа берди ва натижада:
— Чўпоннинг кенжа ули ёш болаларни алдаб юрган экан-да, — деган узил-кесил хулосага келинди.
Муаллим эса шартта:
— Дамин қилган ишни мен ҳам қила оламан, — деди бир даврада. — Биламан, у бола шу йўл билан пул ишламоқчи. Лекин мен бу ишни текинга қиламан.
Ўтирганлардан айримлари бунга шубҳа билдиришди. Шунда қони қайнаб кетган муаллим бас бойлашишга киришиб кетди. Зерикиб ўтирганларга бу яхши эрмак бўлди. Хуллас, бир яшик ароқдан гаров ўйналди.
Шундан кейин ютиб олинадиган бир яшик ароқни ўйлаб терисига сиғмай қувонаётган Алибой ака бир қўлини пақирдаги сувга ботириб, жиққа ҳўл қилгач, камзулининг ҳўл енги устидан бензин қуйди-да, шартта гугурт чақди.
Камзул енги ловуллаган олов ичида қолди. Олов бир неча лаҳза ловуллаб ёниб турди. Сўнг муаллим қўлини яна пақирдаги сувга тиқиб оловни ўчирди-да, қўлини тортиб олди.
Даврада ўтирганлар гуриллаб муаллимни олқишлашди. Табиийки, бунақа пайтда олов ҳўл енгни қуритгунча анча вақт ўтишини ҳар қандай ақли қосир одам ҳам билиб туради.
Хуллас, чўпоннинг ўғли мана шундай оддий кўзбойлоғичлик қилаяпти, деган қарорга келинди.
Тўғри, ютқазган томон:
— Дамин қўлини сувга тиқмас экан… Даминнинг қўли яланғоч бўлар экан… — дея эътироз билдиришга уриниб кўрди.
Лекин кўпчиликни ташкил этадиган ғолиб томоннинг бақир-чақирлари бу ожиз эътирозларни босиб кетди ва ноилож қолган мағлуб томон ўша зорманда бир яшик ароқни насияга бўлса ҳам олиб келишга мажбур бўлди.
Ушбу даврада мен ҳам бор эдим. Мўйловимни ҳўллаб ароқ ичдим. Кейин эса… ўйланиб қолдим.
Ким билади, балки болалар рост гапираётгандир.
Бу дунёда нималар бўлмайди дейсиз. Балки мўъжиза деганлари чиндан ҳам учрар. Бунинг устига, яқиндагина вилоят газетасида иш бошлаганман. Ким билади, балки шов-шувга арзирли мақола ёзарман… Тўғри, мен кўнглимнинг туб-тубида Алибой ака рост гапирганини эътироф этиб турардим. Дамин эса… пул ишлашнинг шунақа йўлини топгандир-да. Иссиқ демай, совуқ демай акалари, отаси билан қирма-қир сурув ортидан улоқиб юргандан кўра, иссиққина уйда ўтириб пул топишни орзу қилиб қолгандир…
Даврадан сирғалиб чиқиб, Тиркаш чўпоннинг қишлоқ чеккасида жойлашган уйига йўл олдим.
Борсам, томоша энди тугаб, болалар уй-уйларига тарқалишаётган экан. Улар орасида жияним Нодирни кўриб қолиб:
— Хўш, қандай бўлди? — деб сўрадим.
Нодир кўрсаткич бармоғини кўкка бигиз қилди:
— Зўр бўлди!
— Томошага пул йиғмаяпсизларми ҳали?
Нодир менга ажабланиб тикилди.
— Қанақа пул?
— Томоша учун-да.
— Йўқ.
Мен беписанд кулдим:
— Унда яқин-орада бошлайсизлар…
Гапимни унча англамаган жиянимни ҳайратда қолдириб, чўпоннинг уйи томон юрдим.
Дамин дарвозага суяниб турган экан. Қўлларини кўкрагига қовуштирган.
— Салом, — дедим тўғри йигитчанинг олдига бориб. — Мен вилоят газетасиданман.
— Ассалому алайкум, — деди бирдан жонланиб қолган Дамин мен томон иккала қўлини чўзиб. — Мен сизни танийман.
Дарвоза тепасидаги чироқ ёниб турарди. Мана шу ёруғликда йигитнинг қўлларига, билакларига синчиклаб разм солишга уриндим. Йўқ, ҳаммаси жойида. Ҳеч қанақанги куйиш аломати йўқ. Ҳа, афтидан, Алибой аканинг гапи чинга ўхшайди. Йигитча болаларни лақилатиб юрибди-ёв…
Шундай бўлса-да, чиқмаган жондан умид қабилида сўрадим:
— Ўзи сенга нима бўлган?
Дамин шоша-пиша, ҳовлиқиб сўради:
— Газитга ёзасизми?
Бу сафар Алибой аканинг гапи мутлақо тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим. Бу шуҳратпараст бир йигитча экан асли… Шу сабабли дудмолроқ жавоб қилдим:
— Буни… кўрамиз. Агар ўқувчига қизиқ бўлса…
— Юринг, юринг, уйга кирайлик.
Йигитчанинг бу мулозамати негадир ғашимни келтирди. “Уйга опкириб, бир пиёла чой берадими-йўқми, кейин катта зиёфат берган одамдай мақола қачон чиқишини сўрайвериб бошимни қотиради”, деган ўйда кескин бош чайқадим:
— Шу ер яхши экан. Тоза ҳаво.
— Майли, — дарҳол рози бўлақолди Дамин. Сўнг очиқкўнгиллилик билан илжайди: — Сўранг.
Очиғи, болакайнинг бу илтифоти ҳам мени ранжитиб, энсамни қотирди. Шу сабабли сал зардали оҳангда сўрадим:
— Сенга нима бўлган ўзи?
Мен узоқ давом этадиган жавобни кутгандим. Яъни болаликда содир бўлган қандайдир ғалати воқеалар, қанақадир имо-ишоралар… Хуллас, довдираш-алжирашда-ей…
Аммо кутилмаганда Дамин илжайиб, елка қисди ва оддийгина қилиб:
— Билмасам, — деди. Кейин, менинг ажабланиб тикилиб қолганимни сезди шекилли, ўзича изоҳ берган бўлди: — Лекин мен ўзимни ёқа оламан… Бунинг қандай бўлишини ўзим билсам ўлай агар. Ўйланиб туриб, қўлимга қараб тураверсам, ўт ёнади. Ўт ёнса, кейин анча енгил тортаман…
— …
Йигитчага анграйиб қараб туравердим. Дамин бўлса ҳамма гапни айтиб бўлган интервью берувчидай мулойимгина илжайиб турибди.
Ниҳоят сўрадим:
— Қанақасига ёқа оласан?
Дамин яна бир бор елка қисди-да:
— Билмадим, — деди. Сўнг яланғоч қўлларини мен томон чўзди: — Ёққим келса ёқавераман…
Ана шунда… менинг кўз олдимда, шундоққина бурнимнинг тугида турган яланғоч қўлларда аввал сариқ бир шарпа пайдо бўлгандай туюлди ва мен ҳали ҳайратланиб улгурмасимдан иккала қўлда гуриллаган олов пайдо бўлди.
Бу ҳақиқий олов эди!
Азбаройи карахт аҳволга тушганимдан мен ҳатто ўзимни четга ололмай қолдим.
Олов эса, қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ўчди-қолди…
Мен тамомила эсанкираб Даминнинг қўлларига қарадим. Олов асорати мутлақо йўқ эди уларда…
Мастманми, деб ўйласам, бор-йўғи икки пиёла ичганман, холос. Ҳушёрман, десам…
Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ эди: бу ерда Алибой муаллимнинг назарияси ўтмайди. Йўқ, бошқа гап бор бу ерда. Лекин… нима гап?
Ўзимга келиб олишим керак эди. Шу сабабли йигитча билан шоша-пиша хайрлашарканман:
— Шанба куни фотоаппарат билан келаман, — дея ваъда бериб юбордим.
Уйга келдиму, кўрганларимни мулоҳаза қилиш ўрнига ўзимни ўринга ташлаб, донг қотиб ухладим…