Зулфия Куралбой кизи

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (1 голосов, средний бал: 5,00 из 5)
Загрузка...

Зулфия Қуролбой қизи             

Родилась в 1966 г. Первые рассказы опубликовались, когда училась в пед. институте. Написала два романа, оба издались. Опубликовала четыре сборника рассказов и повестей. Также стала автором сценария художественного фильма и сериала. В настоящее время работаю в мультобъединении ОАО «Узбекфильм» редактором.

_______________________________________________________________________________________________________

Синопсис к конкурсному рассказу «Больная птица»

 

Это рассказ-притча. В глухом месте сооружена санатория для тяжело больных людей. Все они медленно умирают. В санаторий больные только приходят, но никто оттуда не возвращается. Здесь даже птицы безнадежно больны. В отношениях между больными, докторами, персоналом санатории разыгрывается настоящая трагедия. Здесь и обрушенные надежды, и последние надежды, и разрушенные мечты, и подлость, измена, и даже настоящая предсмертная любовь. Рассказ представляет собой письмо смертельно одного к своей возлюбленной. Это – прощальное письмо…

 

 

КАСАЛ ҚУШ

Ҳикоя

(парча)

“Бугун ҳам кечгача сенинг қўнғироғингни кутдим.

Сиҳатгоҳга келганимга олти ой бўлди, шу вақт ичида деярли ҳар куни хабар кутаман, лекин ҳар доимгидай – сен жимсан.

Бу аҳволда ақлдан озиш ҳеч гапмас. Бўлди, энди кутмайман, дейман-у, қўлтелефонимни отиб юбориб, ҳамшира Ойдинойнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, чошгоҳга яқин ҳовлига чиқаман. “Ҳаво совуқ, сизга ташқарига чиқиш мумкин эмас!” дейди ҳамшира Ойдиной ортимдан югуриб келиб. Мен унга ҳечқиси йўқ, дегандай кулиб қўйиб йўлимда давом этаман. “Дўхтир мени ўлдиради!” деб қолади ҳамшира ваҳима ичида. У тўладан келган, очиқ юз, жонсарак  жувон. Унга ачинаман. Оғир хаста эканликларига қарамай бурчак-бурчакка биқиниб олиб гоҳ чекаётган, гоҳ шаробхўрлик қилаётган ёки уйларига қочиб кетишга уринаётган “қулоқсиз” беморларнинг кетидан югуриб юриш ҳамшираларга ҳам осонмас. Ахир улар… маошига қўшимча ҳақ тўлангани сабаб бу сиҳатгоҳда ишлашга рози бўлишган. Лекин бизникилар жуда антиқа-да ўзи, касалхонага оҳ-воҳ қилиб келишади-да, аҳволлари сал ўнгланса бас, дўхтирларнинг кўзини шамғалат қилиб бўлса-да уйларига жўнаб қолиш пайида бўлишади. Оқибатини ўйлашмайди. Фақат қари-қартанг беморларгина ташқарига чиқишмайди,  хоналарига қамалиб олишган, уларга барибир энди, баъзилари уззу кун қув-қув йўталишади, айримлари иситмадан алаҳлаб ётишади, бундай ҳаётнинг бир лаҳзасига қараб, унинг давомини, эртасини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қариялардан биргина Усмон чол дегани сал бардам. Ёки ўзини бардам кўрсатади. Юзи шунчалик озғинки, бир қўлнинг кафтига жо бўлгудек, вужуди гўё ўз гўштини еб жонини сақлаб тургандай юпқа, сарғимтир териси  устихонига ёпишиб кетган рамақижон, нақ тирик арвоҳ дейсиз, лекин  у ҳам менга ўхшаб ҳар куни сиҳатгоҳ ҳовлисига чиқмаса туролмайдиганлардан.

Чол унчалик қув эмас, аммо эзма-чуруклиги одамнинг тез жонига тегади.

– Биззи дардимиз дунёдаги дардлар ичида энг безиёни аслида, – деб мақтанишни яхши кўради чол. – Мана, ўзингиз ўйланг, сариқ касал ҳам, сахарнийлар ҳам бир умр диета қилиб ўтишга мажбур. Спиртни-ку бир грамм ҳам оғизга олиш мумкинмас! Бу энг оғир жазо-да одам учун. Кўнглинг тусаган нарса олдингда турсаю сен ея олмасанг, ича олмасанг! – чол нурсиз, сарғайган  кўзларини суҳбатдошига тикиб бир неча сония жим туриб қолади, кейин  яна ўзининг дардини ардоқлай бошлайди: – Аммо бизники миравой касал! Истаган нарсангни ейсан-ичасан, парҳез-марҳез деган нарсани билмайсан!

Айтишларича, Усмон чол сиҳатгоҳга мендан бир ой олдин келган экан. Мана, ярим йилдан ошдики, уни бирорта қариндоши йўқлаб келганини кўрмадим. Ҳамшираларнинг гапига қараганда, унинг ўғил-қизлари бор эмиш ва улар катта-катта жойларда ишлармиш. Ора-сира қўнғироқ қилишиб, чолнинг аҳволини сўраб туришаркан. Ҳатто азбаройи оталарининг ҳурмати ва яна  сиҳатгоҳ маъмуриятининг илтимосига кўра, гоҳ-гоҳида ўзларининг мурувватли қўлларини узатиб ҳам туришаркан. “Ҳомий” деб шунақа одамларни айтишса керак-да. Шунинг учун  ҳамшираю дўхтирлар олдида чолнинг ҳурмати баланд. Уларнинг ардоғида. Ёлғиз ўзига барча шароитлари муҳайё бўлган алоҳида хона берилган. Чол ўз уйида яшаётгандай яшайди. Афсуски ўғиллари негадир уни кўргани келишмайди. Аммо чол буни сездирмайди. Худди ҳеч кимни кўришга зор эмасдай тутади ўзини. Янглишмасам, икки ҳафта бўлиб қолди-ёв, бош дўхтир чолнинг ўғилларига қўнғироқ қилиб, уни уйларига олиб кетишлари мумкинлигини айтибди. Аммо ўғиллардан дарак бўлмабди. Бош дўхтир қув одам, ўйлаб кўриб, ҳийла ишлатибди: “Отангизни нари борса уч ҳафталик умри қолди, келиб олиб кетсангиз яхши бўларди, ҳар қалай сўнгги дамда одам яқинлари қуршовида оёғини узатгани маъқул.” Эртаси куниёқ баҳайбат машиналарда чолнинг ўғиллари етиб келишди. Миннатдорчилик ифодаси бўлса керак, улар сиҳатгоҳ маъмурияти ва беморларга каттагина зиёфат беришди. Концерт уюштиришди. Шу куни айниқса беморларнинг роса бити тўкилди.  Ҳатто хоналарига қамалиб олган қари-қартанглар ҳам зиёфатда қўр тўкиб ўтиришди. Ўйин-кулгига иштиёқ одамзоднинг қонида борлиги рост. Чолнинг олдида гапиришмаса-да, орқаворатдан унинг ўғилларини бемеҳрликда айблаб юрганлар энди уларга ҳурмат, айрича эҳтиром билан қарардилар. Зиёфат ва концертдан кейин ўғиллари олиб келган янги уст-бошларни чолга кийдиришиб, олиб кетишга тараддудланишди. Бироқ! Бироқ қайсар чол кетмайман, деб туриб олса де! Ўғиллари бир нималар деб ялиниб-ёлворишди, қаттиқроқ гапиришди ҳам, аммо ўжар чол барибир кўнмади.

Шу куни кечаси юрагим сиқилиб, йўлакка чиқсам… дераза олдида Усмон чол ташқарига қараганча ўй суриб турибди.

Шўрлик чол ёнидагиларга сир бой бермагани билан ич-ичидан куйиб юрган экан-да.

Эртаси куни чол анча ҳардамхаёл бўлиб юрди. Негадир мақтанмади ҳам. Аммо кечга яқин дўнглик устига чиқиб, ёнимга ўтираркан чуқур хўрсиниб қўйди-да:

– Бу дунё шунақа экан-да, – деб қўйди.

Чолнинг ҳасратлашгиси келганини тушундим, аммо индамадим. Унинг феълини биламан,  гапирмасдан туролмайди барибир.

Дарҳақиқат:

– Бир умр пахта зовутда, чанг-тўзон ичида ишладим, – дея сўзлади чол бир оздан кейин. – У ерда яхши тўлашарди… Хотиним раҳматли неча марта айтди, ўпкангиз микробга тўлиб кетди-ку деб. Аммо мен парво қилмадим… – чол бир лаҳза жимиб қолди, кейин мақтангандай бўлиб яна давом этди: – Катта ўғлимни банкка ишга жойлаш учун ўн минг сарфлаганман вақтида. Кичигини корхона директорлигига ўтқазиш учун ҳам шу атрофда харажат қилдим. Мен бу пулларни ўпкамга инган чанг зарраларидай мисқоллаб йиққанман. Мана, ҳозир ўғилларимнинг пичоғи мой устида. Улар учун ўн минг ҳеч нарсамас! Аммо… мендан ирганишади уйда бўлсам. Болаларини яқинимга йўлатишмайди. Келинларим уйда ниқоб тутиб юришади…

Бирдан чол ҳўнграб юборди. Худди ёш боладай қоқсуяк елкалари силкиниб, ҳўнг-ҳўнг йиғларди.

Ўрнимдан туриб хонамга кириб кетдим. Чолга тассалли беролмадим. Шунча кўнгилсизликлар ва тақдирнинг аччиқ сабоқларидан кейин ҳам унинг шу оламда яшаб юрганини ўзи катта гап.

Тунов куни эса… сиҳатгоҳдан қочиб чиққан ёш жувонни ярим йўлдан тутволишиб, бу ерга қайтариб олиб келишди. Жувон эри билан тўрт йил яшаган, фарзанд кўришмаган, бу камлик қилгандай эри автоҳалокатга учраб оламдан ўтган, ёлғиз қолган аёл  кўп ўтмай юқумли касалга чалинган. Айтишларича, бошиданоқ унинг дарди оғир кечган, – аслида авлод-аждодларида ҳам шу бедаво билан оғриганлар бўлган эмиш, –  ва тўппа тўғри шу ерга олиб келинган. Бу ерга келганидан кейин жувон ўзини анча яхши ҳис қилган, аммо қариндошлари уни уйга олиб кетишга шошилмаётганмиш, яна бир оз даволансин, деб ташлаб кетишганмиш. Дарвоқе, яна бир гап,  аёл ҳомиладор экан. Шу ерда даволанаётган  бемор йигитлардан бири билан учрашиб юргани ҳақида у-бу қулоғимга чалинганди. Докторларни билмадим-у, аммо ҳамшираларнинг ҳам бу сирдан хабари бўлган, лекин  қатъий чора кўришмаган, фақат… жувонга ҳомиладор бўлиб қолишдан сақланиши лозимлигини тайинлашган холос.

Кечанинг ўзидаёқ жувонни аборт қилишди. Ҳомиладорлик аёлнинг касалини ривожлантириб юборармиш.

Албатта, аёлнинг бу қилиғи яхшимас. Ҳар қалай ўзбекчиликка тўғри келмайди. Лекин аёлнинг икки йилдан буён шу ерда яшашини, яқинлари хабар олмай қўйганини ва энг даҳшатлиси, ўлимга маҳкумлигини ўйлаб, унинг бу дунёдан ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетмаслик учун қилган ҳаракатини тушунса ва кечирса бўлади.

Операциядан кейин жувонни  кўрмагандим, аммо эрталаб йўлакдан ўтаётиб ёпиқ эшик ортидан унинг йиғисини эшитдим. Бу сўнгги илинжию умидидан айрилиб қисматга бош эгган аёлнинг таслимият йиғиси эди.

Ҳовлидаги ўриндиқда юзи қордай оқарган йигит ўтирарди.

Мен ундан жувоннинг аҳволини сўрадим.

– Билмадим, хонасига ҳеч кимни киритмаяпти, – деди йигит ўйчан оҳангда. – Кейинги вақтда ундан бахтиёр одам йўқ эди. Энди нима бўлади?..

– Докторлар учун унинг ҳаёти муҳим, – дедим бошқа бирор бир таскин берувчи сўз тополмаганимдан қийналиб.

– Ҳа, – деди йигит кимгадир жаҳл қилгандай бўлиб. – Кимдир яшаши учун кимдир ўз ўрнини бўшатиб бериши керак шекилли. Ҳатто туғилмай туриб…

Начора… ҳаёт ҳамиша бечораҳол кишилар устидан ғалаба қозониб келган. Лекин барибир одамга алам қилади, қисматнинг нима ҳаққи бор одамни бунчалик азобларга солишга?..

Айтганча, бу ерда жуда ажойиб ёш жуфтлик бор. Қараб одамнинг ҳаваси келади, айтишларича, жувон  дарди бедавонинг  оғир формаси билан оғригани маълум бўлгач, турган гапки, бу ёққа юборилган. Орадан икки ҳафта ўтиб… унинг эри келган ва ўша кундан буён улар бирга эмишлар. Энг қизиғи, йигит бу ерга келмасидан аввал мутлоқо соғлом бўлган.

Йигитнинг қилиғи кўпчиликни ҳам ҳайрон қолдирди, ҳам ғашини келтирди. Айниқса Усмон чолнинг қаттиқ  жаҳли чиқди.

– Ҳаётнинг қадрига етмаган тентак! – дерди у ҳар гал йигитга кўзи тушганида.

Битта аёлни деб ўзидан кечиш… ҳақиқатан ҳам ажабланарли. Айниқса докторларнинг жаҳллари чиққанини кўрганингда! Улар бир неча марта  йигитни ҳайдаб чиқаришди, ҳатто жувоннинг ўзи ҳам эрининг бу ерда бўлишини истамай, уни хонасига киритмасди; бечора йигит кунни касалхона ташқарисида, темир панжаралар атрофини айланиб юриш билан ўтказарди,  лекин кечки обходдан кейин врачларнинг ҳам,  қоровулнинг ҳам кўзини шамғалат қилиб, панжарадан ошиб ўтиб ичкарига кириб келаверади. Бу масалада докторлар ҳақ албатта. Ахир бу ерда соғлом одамнинг юқумли дардга чалиниб, яримжон бўлиб қолиши икки карра иккидай маълум-ку. Йигит кейинчалик афсусланмасмикин?

Тез орада кутилган нохушлик рўй берди: бебош йигит ҳам дардга чалинди.

– Иккаламиз ҳам етимхонада катта бўлганмиз. Тарбиячимнинг гапига қараганда, иккаламизни бир кунда етимхонага ташлаб кетишган экан. Бирга катта бўлдик, муштдай бошимиздан ҳаётнинг аччиқ-чучугини  бирга тотдик. Лекин хасталик биринчи бўлиб уни танлади. Мен шундан хафа эдим.  Мана, энди иккаламиз ҳам тенгмиз, – деди у бир куни кечки пайт ҳовлида дуч келиб қолганимизда менга. – Тўғрисини айтсам, шу вақтгача хотиним олдида хижолатда эдим…