Zahiriddin

JgДжалолов Бобур Набиевич родился 1988 году в Андижане. Он закончил международная журналистика в УзГУМЯ. Сейчас работает в Центральном Совете Общественная движение молодежи "Камолот".


 Hikoyalar va maqolalar to'plami

“ИККИ МЕРСЛИК” ЧАҚАЛОҚ МАШМАШАСИ (Ҳангома)

 

Жияним фарзандли бўлибди. Эшитиб жа хурсанд бўлдим. Тўғри-да, ҳамма ҳам ота бўлиб кўрсин, кейин билади. Туғруқхонага шошилдим. Бечора бола отасиз ўтган, мендан бошқа яқини йўқ. Келинни туғруқхонадан чиқаришга бош қош бўлишим керак-да энди.

Ҳозир шунчаки олиб чиқиб кетишмас экан у ердан. Йўқ, нотўғри тушунманг, пул беришни айтмадим. Алламбало машиналар, камералар, қариндош-уруғлар керак экан, хуллас, яна тўй қилгандек бўларкансиз. Майли энди, биттаю битта жияним яйраса, яйрабди-да.

Ҳаммасини гаплашиб бўлдим. Иккита узун “Мерс”, лимузинми, шундан, битта камера тушгача етиб келишларини айтишди. Унгача қолганларни йиғиб, тайёрланиб туришимиз керак экан. Хўп, дедим-да, туғруқхонага келдим. Ана, хотин ҳам, қизчалар ҳам, аммасию холаси ҳам келишибди. Ҳамма жамулжам, фақат асосий “меҳмонларимиз” кеч қолишмаса бўлди. Ана, камерачи йигит ҳам пайдо бўлди. Энди келиннинг чиқишини кутсак, унгача машина ҳам келиб қолади.

Йўқ, камерачининг ғавғоси кўп экан-ку. Репетиция қиламиз, дейди. Нима, театрда роль ўйнамаяпмиз-ку. Чиройли чиқармиш. Майли энди, нимаям дердик. Аввалига аммаси ва холаси қўлига гулдаста ушлаб, икки қизча билан йўлакчадан юриб келишади, у эса съёмка қилади. Камерачи йигит аччиқлана бошлади, жа асабий бола экан ўзи. Бошқатдан оламиз, дейди, кулворишибди. Мошинлардан ҳали ҳам дарак йўқ негадир. Атрофга одамлар йиғилиб, бизни томоша қилишаётганини энди сезибман. Бир хижолат бўлиб кетдим.

Шу пайт туғруқхона эшигидан ёш рус оиласи чиқиб келди. Аёлнинг қўлида чақалоқ, ёнида эри қўлида гул билан. Улар жуда хурсанд, секин бизга қараб қўйишди. Уларнинг нигоҳларидан ҳайрат ҳиссини англаш қийин эмасди. Кейин эр мийиғида кулдию “Че за идиотизм?”, деб йўлида давом этди. Қарасам, на бир машина бор, на бир ортиқча одам, камера-ку умуман йўқ. Йўлка бўйлаб пиёда кетиб боришяпти. Бизнинг устимиздан кулдими? Ие, аҳмоқ дедими?

Камерачи йигит ҳамон репетиция ила банд эди. Туғруқхона эшигидан мўралаб турган каллани энди пайқаб қолдим. Келиним қўлида боласини кўтариб, репетиция тугашини кутиб турган экан бояқиш. Бояги ўриснинг гапи ва келиннинг чақалоқ билан сарсон бўлиб тургани жаҳлимни чиқарди. Бор заҳримни хотинга, камерачига сочиб юбордим:

— Йиғиштир-е камера-памерангни! Юр, мени оласан. Келинни обчиқаман, камерангни тайёрла. Менга репетиция-пепетиция керакмас, ўзим яхши актёрман. “Мерс”ларинг ҳам ўзларингга буюрсин! Шундоқ пешком кетавераман. Тайёрмисан?

Ҳамма жим. Ҳамма ҳайратда. Ростданам айтганимни қилдим. Келинни обчиқиб, пиёда кетиб қолсам бўладими. Ҳе ўргилдим “Мерс”ингдан! Камера эмиш-а. Эсиз, шунча пул. Кулги бўлганимиз қолди холос.

Аёллар қачон тилдан қолади? (Ҳажвия)

Айтайлик, қайсидир тўйдан бир неча кун ўтиб, тўйда яхшигина хизмат қилган хотин, кейин келин хизматидан роҳатланаётган қайнона ўз эри билан гаплашишни ихтиёр этиб қолди. Бу пайтда аслида асосий мавзу келин бўлиши керак. Лекин у нимагадир қариндошлар орасида шов-шувга айланган синглисининг қизи ҳақида гапиришни истади. Эр уни эшитишга тайёрми-йўқми, бу иккинчи масала, муҳими, у гапириб олса бўлгани.

Эр телевизор кўриб ўтирганда секингина ёнига келиб, олдинига бирор нима керакми-йўқми, шуни сўради. Рад жавобини эшитгач, қолаверса, кайфияти ҳам сал яхшилигини инобатга олиб, тўй ҳақида гап очди:

— Дадаси, тўй яхши бўлди-а?

Дабдурустдан ва яна шу саволни бераётгани учун эр хотинига кўз қири билан назар солдию, индамади. Хотин буни ўзича тушуниб давом этди:

— Аши куни синглимнинг қизини кўрдийзми? Бирам хомуш эди бечара, унинг аптини кўриб, менам йиғлаворай дедим. Нимага бунақа юрганиниям билассими?

Эр индамасдан эшитар, икки кўзи телевизорда эдию хотинини ҳам тинглаётганини билдириш учун “Ҳм” деб қўйди. Хотин яна давом этди:

— Онаси уни энди мажбурлаб эрга беряптийкан. Кимгалигини эшитсез, ҳайрон қоласиз. У қизи тушмагур биттаси билан севишиб қоганакан. Тўйгача раса гаплашиб юришибди, кейин йигити уни ташлаб кетибди. Йигит кимлигини билассими? Ўзимизди раисди ўғли экан. У бу қизгачаям шаҳарда анчаси билан юриб қўйган экан. Шаҳарда ўқимаганми, ашунчун шаҳар ҳокимиятида ишлаб юрарди. Ҳокимди ёрдамчиси билан анча яхши эди. Аши ҳокимди ёрдамчисиям-чи...

— Хўш, кимга узатаркан? — дея чўрт кесди эри тобора “ўтлаб” кетаётган хотинининг сўзларини бўлиб.

— Э, сабр қилинг, айтяпману, — деди хотин эркаланиб. — Аши ҳокимди ёрдамчисиям сал суюқроғакан. Раисди ўғлиниям аши йўлдан урганакан. Унданам қизиғи, бир марта иккаласиям битта қизман гаплашишганакан. Бунақалигини жиянимам билганакан. Тушида аши раисди ўғлини кўрганакан.

Эр бир уф тортди. У энди асабийлаша бошлаганди. Қулоғининг тагида қарийб ярим соатдан бери жағи тинмаётган хотини энди унга тинмай кавшанаётган говмишини эслатиб юборди. Хаёлига келган ўхшатишидан ўзи ҳам мийиғида жилмайдию, хотинига билдирмасликка уринди. Лекин хотин буни ҳам ўзича тушунди ва яна давом этаверди:

— Аши жияним тушида раисди ўғли билан юрганакан. Бир пайт қараса, орқасидан раса кўп қизлар югуриб келётганини кўрибди. Улар кимлигини йигитидан сўраса, раисди ўғли шунча қизни кўриб, орқа-олдига қарамай қочиб қолибди. Кейин у тушини аясига айтганакан, синглимам сал фолбинроғу, дарров йигитни суриштиришга тушибди...

— Стоп! — овозини кўтарди эр, унинг тоқати тоқ бўлганди. — Ҳозир индамасам, ҳамма қизларди номма-ном санаб берасан. Кимга узатаркан, шуни айт!

— Айтяпману, дадаси, энди ашетига келдим. Синглим ҳаммасини билгач, қизини қўшниси Холбиби опани ўғлига берадиган бўлди. Холбиби опани ўғлини танийсиз, а? Ё танимессими?

— Танийман! Қайда ким бўлиб ишлашини, нечига кирганини, қанақа қўшнисилигиниям биламан. Шу гапни бошидан айтсанг бўлмасмиди?! Говмишингга ўхшаб ўтлаб кетмасдан! — дея ўшқириб эр уйдан чиқиб кетди.

— Мен нима дедим? — дея хотин ўзича аразлаб олди.

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Бир фермер бўлган экан (ҳозир ҳам бор). Унинг ўн гектар ери бўлган экан (ҳозир ҳам бор). Ўша ўн гектар ерига пахта экиб, ҳосилини хирмон қилган экан (ҳозир йўқ лекин). Яна у фермер футбол мухлиси ҳам экан, миллий терма жамоа ўйинини кўриш, қўллаб-қувватлаш учун ҳар нарсага тайёр экан.

Кунлардан бир кун, яъни Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаши плей-офф баҳсида Иордания термасига қарши тушиб қолибди. Лекин айни ҳосил пайти бўлгани учун Тошкентдаги ўйинга боролмайдиган бўлибди. Шундай бўлса ҳам, барча ишини ўйин пайтигача битириб, телевизорда кўриш учун тайёргарлик кўра бошлади. Ёлғиз ўзи кўргиси келмай, ҳунарманд ошнасини ҳам чақирди. Аммо дўсти унинг ҳафсаласини пир қилди.

— Қўйсанг-чи, барибир фойдаси йўқ, асабларим ўзимга керак, — деди ҳунарманд қўл силтаб.

— Нега ундай дейсан? Жамоамизга ишонишимиз керак, албатта, ғалаба қозонамиз! — деди бўш келмай фермер.

Хуллас, иккиси келишолмади. Ҳунарманд “кўраман” деганча ишига берилди. Фермер эса дўконга кирди. Икки шиша пиво, 4-5 дона қурут, ош учун масаллиқлар сотиб олди. У азалдан шундай, жамоа ютқазганда ҳам, барча ўйинларга шундай иштиёқ билан тайёргарлик кўради. Уйига етиб келиб, хотинига бир кўз қисиб, масаллиқларни берди.

— Қалайсиз, хотинжон! Бугун бир ош қилинг, маза қилиб футбол кўрайлик.

Хотин ҳам бу ҳолатга кўникиб қолган. Ишқилиб ютсин-да, деб минғирлаганча ошхонага кириб кетди. Орадан ярим соатлар вақт ўтди ҳамки, ҳунарманд ошнасидан дарак йўқ. Дарров телефонини олиб, унга қўнғироқ қилди:

— Қайдасан-е? Ке энди, ҳозир футбол бошланади. Унгача майдалаб ўтирамиз.

Телефон аппаратидан овоз келди:

— Э ошна, барибир фойдаси йўқ, вақтимни олмагин. Яхшиси, сен ҳам кўрма, менга раҳмат айтасан.

Фермер қўярда-қўймай алоқани узди. Бир шиша пивони очиб, ўзи “майдалаш”га тушди. Телевизорни “Спорт” каналига созлади, ана, футбол ҳам бошланай дебди. Ёнига икки ўғли ҳам келди. У секин пивони яширди. Ҳунармандга яна бир марта телефон қилиб, эслатиб кўрсин-чи, зора, келиб қолса. Лекин яна ўша гапни эшитди: “Барибир фойдаси йўқ, ишингни қилсанг-чи”.

— Э нима, сен фолбинмидинг? Қаердан биласан, балки ютармиз, тўртта гол урармиз! — деганча қолди фермер...

Ўйин бошланди. Бизникилар дарров ҳужумлар ёмғирини ёғдиришга тушишди. Фермер бақириб, ҳайқириб, “ур, сол, бўш келма!” деб кўрар, унга қўшилиб, ўғиллари ҳам қийқиришарди. Ўйин қизигандан қизиб борарди. Лекин шу пайт лип этиб чироқ ўчиб қолди...

Фермер бир муддат жим қолди. Оғзида қурут, қўли мушт бўлиб, тепага кўтарилганча қотиб қолди. Ҳозир унинг ҳолатини, ичидан нима ўтаётганини сўз билан изоҳлаб бўлмасди. Сукунатни телефонининг овози бузди. У беихтиёр гўшакни кўтарди.

— Мен сенга нима дегандим, ошна, барибир фойдаси йўқ. Энди нима бўлади? Биринчи ўринда телевизор учади, кейин хотин балогардон, охирида тошойнага ҳам ҳожат қолмайди, — дедию ҳунарманд хиринглаганча алоқани узди.

Унинг жиғибийрони чиқиб, фиғони фалакка кўтарилди. Қизариб, бўзариб, ичидан алами келиб, бор кучини овозига кўчирди:

— Хотин!!!

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (26 голосов, средний бал: 4,46 из 5)

Загрузка...