Рахимжон Рахмат

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (2 голосов, средний бал: 3,00 из 5)
Загрузка...

Раҳимжон Раҳмат (Узбекистан)

Поэт, писатель, литературный критик и журналист Рахимжон Рахмат (Рахматжон Кулдошев) родился в селе Кирклар Дангаринского района Ферганской области. Закончил факультет филологии Ташкентского Государственного университета. Произведения Р. Рахмата опубликован в различных литературных изданиях Узбекистана.

_______________________________________________________________________________________________________

Адашвой
Ҳикоя
(парча)

Қирқлар қишлоғилик бўйни ва оёғи ингичка, тили бироз чучук, хулқи тез Адашвой адашиб қолди. Велосипедда беш чақирим наридаги Қумқишлоққа шоли оқлатиш учун борган эди. Бир қоп эди шоли. Тегирмончи: чироқ ўчиб қолди, кечқурун ёнса, эрталабга тайёрлаб қўяман, деди.
Адашвой изига қайтди. Йўл суйри эди. Ҳам шамол орқадан ёрдам бериб велосипедни тез ҳайдади. Тезлик ошган сайин юрагида хаяжон кучайиб, тезликни баттар оширди, кўйлаклари елкандек ҳилпираб кетди: ўзини қушдек парвоз қилаяпман деб ҳис қилди.
Ақлу хушини тезлик завқи банд этиб, қаттиқ ҳаяжонланиб бегона қишлоққа кириб борганини билмай қолди. Бу қандай қишлоқ экан. Қумтепага ўтиб кетибманми, деб ўйлади. Лекин бу қишлоққа ҳеч қачон бормаган эди, шунинг учун аниқ қаерга келиб қолганини англай олмади.
Пасқам гувала деворлар, мўриларини бир томонини ёмғир ювган лойсувоқ уйлар, кўчалар тор, эгри-бугри, чанг-тупроқ. Айрим жойларда шохлари чириб, белдамчалари белидан синиб, илвираб қолган қўралар мунғайиб турбди. Атроф қоп-қоронғу. Зулмат ер остидан чиқиб осмонга томон сийраклашиб кўтарилиб бораётгандек. Қоронғулик ер остидан чиқиб келаркан деб ўйлади у. Қуёш осмоннинг қайси томонда эканлигини билиб бўлмайди. Куннинг қайси пайти экан. Атроф қоп-қоронғу бўлса ҳам, лекин Адашвой атрофни аниқ –тиниқ кўряпти. Ёки, яна ҳам аниқроқ айтсак, у ўзи адашиб кириб қолган қишлоқни танияпти.
Қаёқдандир бир пасда пайдо бўлган қишлоқ одамлари ғаройиб маҳлуқни кўргандек Адашвойни ўраб олиб томоша қила бошлади. Тахталари уқаланиб, ёмғир-шамол , қуёшнинг ўткир нурлари ва вақт эгавода ўткир қирралари емирилиб, туссиз рангга кирган паканагина кўҳна эшиклардан аёллару болалар аввал ташқарига мўралаб, кейин секин-секин уялинқираб Адашвойни ўраб турган оламонга қўшиларди . Негадир уларнинг турқ-таровати ўзлари чиқиб келаётганган эшикнинг ранг-туси билан бир хил эди.
Адашвой улардан қишлоғини номини сўради. Қишлоғимиз номи Қумбости дейишди. У бунақа қишлоқни эшитмаганди. Кейин улардан Қирқлар қишлоғи қайси томондалигини билмайсизларми, деб сўради. Улар бунақа қишлоқ номини эшитмаган экан. Адашвой қўшни туманга ўтиб кетган бўлсам керак деб ўйлади. У ўша ерда турган таксичилардан ўзининг қишлоғи ҳақида сўради. Улар ҳам эшитмаган экан. Қайси тумандансиз деб сўради улар. Данғара, деди Адашвой. Данғарани эшитганмиз. Катта туман. Қишлоғингиз аниқ қаерда, деди улар.. Қўқон шаҳрига бориб у ердан қишлоғимизга борадиган йўлни биламан, деб у таксисларга умидвор тикилди.. Майли, деди таксичилар. Унда анча қиммат бўлади, деб каттагина нарх айтишди. Бунча пул Адашвойни чўчитиб юборди. Мунча пулим йўқ, деди у. Таксичига пул бергандан кўра бир йўли топулгунича қишлоқда дайдиб юрганим яхши, деб ўйлади.
Негадир қишоқ одамлари Адашбошга ажабсиниб қарайди. Адашвой одам эмас, балки улар умрида биринчи марта кўриб турган ажабтовур хайвон эди гўё. Бунча кўп оломоннинг ўзига ажабсиниб ва қизиқиб қараб турганидан Адашвой ўзини ноқулай ҳис қилди, беихтиёр атрофга аланглаб беркинадиган жой қидирди. Азалдан иккита одам баравар унга қараб бирор нарсани сўраса ўзини ўнғайсиз ҳис қилиб, кўзлари ёшланиб, юзининг мускиллари қалтираб қоларди. Ҳозир эса юзлаб бегона одамлар унга тикилиб, камига тиржайиб турганини кўриб ҳаяжонланганидан тиззалари майишиб кетгандек бўлди; бўйни, биқини, елкалари ва пешонаси намланаётганини сезди, беихтиёр кўрсаткич бармоғини чаккасига тегизиб, худди кирни уқалаб ташламоқчидек харакатлар қилди.
Бирданига бузоқчадек ҳар томонга одим отиб, дуч келган томонга қочиб кетгиси келди. Аммо шохлари буталиб, қоқ белдан кесиб ташланган узун тўнка каби жойидан бир қадам ҳам жила олмади. Кўпчилик бир томонга, бир нарсага баравар қараса, уларнинг нигоҳи ҳам катта куч экан, деган ўй ўтди хаёлидан.
Бошида Адашвойга қизиқиб, ҳайратланиб қараб турган оломон бирданига уни танигандек тиржаяа бошлади. Улар мени қаердан танир экан, ёки мен ҳақимда кулгили гап эшитганмикан деб ўйлай бошлади у.
Адашвой ичини уят ва хижолатпазлик ҳисларига тўлдириб ташлаган оломон нигоҳидан беркинишга илож топмади, лекин уларнинг кўз ўнгида қаққайиб туриш ҳам ўнғайсизланиб, негадир кўзини чирт юмиб уларга қўшилиб кетгиси келди. Назарида оломонга тезроқ қўшилиб кетмаса, оёғи остидаги ер ғойиб бўлиб, тубсиз бўшлиққа тушиб кетадигандек эди. Шундай деб ўйлаб у нажот излагандек оломон томонга беихтиёр бир неча қадам қўйди. Оломон эса Адашвой тимсолида пайдо бўлган текин томоша тугаб қолишини истамай тезда ортга чекиниб, ҳаммаси бараварига кўрсатич бармоғи билан Адашвой турган жойга ишора қилиб, ўша жойда тур дегандек тиржая бошлади.
Гўё мушук анча овора бўлиб тутиб олгани сичқонни бирданига еб қўймай, аввал роса ўйнаб-ўйнаб хуморидан чиқмоқчи эди.
ххх
Айниқса ёш болалар Адашвойнинг атрофини ғуч ўраб олишади. Вағир-вуғир қилишиб томоша қилишади. Масофа сақлашади. Қўрқиб-қўрқиб яқинлашади. Гўё Адашвойга яқинроқ келса кутилмаган бир нохуш ходиса содир бўладигандек.
Бутун қишлоқ одамлари кўчага чиқиб Адашвойни кўргиси келади. Адашвой тўпланиб турган одамлар ёнига бориб улар билан суҳбат қурди. Хамма ҳайрат билан оғзини катта – катта очиб гапиради. Кулади. Қаттиқ севинади. Гўё Адашвой қишлоқ учун аталган қуёш эди гўё. Назарида бу қишлоқ одамлари Адашвой қиёфасида бошқа сайёралик жонзотни кўргандек эди.
Негадир оғзини катта- катта очиб гапираётган одамлар гапини тугатганидан кейин ҳам оғзини юммай катта очиб тураверишади. Юринг деб одамлар Адашвойни кўлидан ушлаб ўзларининг қабристонига бошлаб борди. Тиканли ўтлар босиб кетган, тупроқлари кўпчиб кўтарилиб қолган қабристон хаддан зиёд катта эди. Қабристоннинг нарги чети уфқларга бориб туташган. Гўё қабристон осмонга қўшилиб кетган ва осмоннинг бошланиш қисмига ҳам ўлик кўмишаётгангга ўхшайди. Одамлар қатор-қатор қабрларни қўллари билан кўрсатиб нималарнидир гапиради. Хурсанд бўлади. Лекин Адашвой уларнинг гапини эшитмайди. Сўз айтиляпти, лекин худди қалин ойинанинг ортидаги каби эшитилмайди. Адашвой уларнинг юз ифодасидан нимадир қизиқ нарса гапираётганликларини тушунгандек бўлади.
Оломон орасидан яғрини кенг, жағи йўғон, тиржайганида қорайиб кетган милки кўриниб турган бир кимса эскироқ қабрни кетмон билан буза бошлади. Чўка бошлган қабр ўрнида каттагина ўра қазиб, туш шунинг ичига деб ишора қилгандек бўлди Адашвойга. Адашвой ўранинг ичига мўралаб чириган жойлари қорайиб йиртила бошлаган кафанини елкасигача тушириб, қовоғ солиб ўтирган жиккаккина чолн кўрди. Унинг сийрак сочлари орасидан бошидаги гулкарамга ўхшаган бурама-бурама яраларга кўзи тушди. Очиқ елкаси ва билагида эса бир неча чаён ўрмалаб юрарди. Чол бошини кўтариб Адашвойни кўрдию юзидаги тунд ифода тезда ғойиб бўлиб, тепадаги оломон каби тиржайди ва Адашвойга қўли билан туш пастга деб ишора қилди. Кейин чаёнлардан бирини қўлга олиб қўрқма, чақмайди деган маънода юзига қўйиб юборди. Чаён ўрмалаб лаби устига келганида чол лабларини тез очиб чаённи дум томонини оғзига киритиб олди.
Чолни кўриб хурсанд бўлиб кетган оломон Адашвойни икки қўлтиғидан ушлаб бу сенинг отанг, саломлашиб ол у билан , деб қабр ичига туширмоқчи бўлди. Отам ҳали ўлгани йўқ-ку деб у бақирмоқчи бўлди-ю, лекин оломоннинг бақир-чақирида овозини ҳеч ким эшитмаслигини сезиб, индамай қўя қолди.
Қабристон жуда эски, хароб эди, ҳаммаёқни сертикан янтоқ, барглари кичкина, лекин тикани анчайин узун буталар босиб кетган бўлса ҳам, лекин жуда кўп қабрларга мармартош ўрнатилган ва унга мархумнинг исм-шарифи битилган эди, айримларида эса мархумнинг сурати ҳам кўзга ташланади.
Қабристоннинг кираверишида чап томонда бир неча мевали дарахт мунғайиб турибди, шхларида эса ерга тўкилмай, турган жойида бужмайиб, қорайиб қолган мевалар кўринади. Дарахтлардан нарида, олди очиқ ва пол ўрнига асфалд қилинган каттагина айвон ва кўзсиз деразалардан ичкари қорайиб турган дахлиз бор эди. Айвоннинг ўртасида эса каттагина зимбилга ўхшаб кетадиган тобут турибди. Бир неча ёш болачалар тобутни от қилиб миниб олиб бир-бирига бир сўз демай тиржайиб қарайди. Болалар, Адашвойга кўзи тушиб, тобутни худди от мингандек қилиб қўлларидаги хивчин билан савалай бошлади. Ўзи ҳам болалигида мозорни ичида ўйнаганлари, ўйнаб бўлиб уйидан олиб келган ўроқни олиб ерга қапишиб қолган қабрларнинг устини босиб кетган бегона ўтларни ўриб, этакка тугиб молига ташигани ёдига тушди.
Оломон Адашвойни икки қўлтиғидан ушлаб улкан қора мармар тош ўрнатилган қабр рўпарасига олиб келиб, буни кўр дегандек бўлди. Қорамтир мармартошнинг тепароғидаги юзлари юмалоқроқ одамнинг суратига қаради. Суратдаги одам унга танишдек кўринди. И-е, бу бир ўтиришда бир тоғора манти ейдиган қўшним Қамчибой-ку, кеча уни қоссобдан тўрт кило гўшт олаётганида кўргандим, деб ўйлаб оломонга қаради. Оломон эса Адашвойнинг кўнглидан кечган ўйни ўқиб тургандек ёппасига “ҳа, шунақа” деган маънода бошлари билан тасдиқ ишорасини қилди.
Адашвой Қамчибойни ёмон кўрарди. Чунки ерга тўймаган қўшниси ораларидаги деворни бузиб янги девор тортганида унинг еридан анчагина қисмини ўзлаштириб олган эди.
Қабртошдаги суратга жон киргандек бўлди. Аввал икки юзи қизариб, кейин пешонаси ялтиллай бошлади. Адашвой суратнинг кўзига қаради: у тирилаётганди, баркашдек келадиган улкан юзга ярашмаган қийиқроқ кўзлар оломонга жавдираб қарай бошлади. Адашвойга кўзи тушиб эса лаблари икки томонга тортилиб тиржайди. Кейин эса мархумнинг ойдек нур таратиб турган юзлари аввал пушти рангга кирди, кейин эса қорайиб худди мум каби эриб мармартош устига узун-узун оқиб туша бошлади. Адашвой ҳайрон бўлиб оломонга қаради, улар бўлса манзарани кўриб қўллари билан зўр деган ишора қилиб бараварига чапак чалиб қийқиришиб юборди. Оломон орасидан паканароғи эса қабр ичида олов ёняпти, шунинг учун қабртошдаги одамнинг юзи эриб томяпти деб айтди. Шундай деб айтди у. Лекин ҳамма гапни гапириб бўлгунича оғзини очмади. Оғизни очмай ҳам гапириш мумкин экан-да деб ҳайрон бўлди Адашвой. Эски қабрлар эса чўкиб, емирилиб ер ўчоққа ўхшаб қолганди. Ўт ёқса бўладиган тайёр ўчоқ экан деб ўйлади у. Хаёлидан шу ўй кечган ондаёқ оломон ичидан бир одам бир қучоқ ўтин қўлтиқлаб Адашвойга яқинлашди ва ўтинни унга узатиб, ёқ, деган мазмунда аввал кўзи, кейин ияги билан билан ишора қилди.
Туйқус қабристон унга қишлоғига ўхшаб туюлди. Гўрларга суяниб, яна бири ерга ўтириб, гурунглашаётган одамларга кўзи тушди. Уларнинг бари Адашвойга таниш эди. Қишлоғим бу ерда экан-ку деган ўй кечди хаёлидан. Оломон ичидан кўзлари балиқнинг кўзидек бўртгансимон бир кимса “Тўғри топдинг. Қишлоғинг шу. Яхшироқ қарасанг, лойсувоқ уйингни топасан” дегандек бўлди.
……
……
…….