Назар Эшанкул

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (1 голосов, средний бал: 5,00 из 5)
Загрузка...

Назар Эшанкул (Узбекистан)

Родился  в 1962 году в  селе  Терсота Узбекистана, Камашинского района, Кашкадарьинского областа. Окончил факультет журналистики  ТашГУ.  В 1991 году окончил аспирантуру ТашГУ. Работал в Союзе писателей Узбекистана, в редакции журнала «Жахон адабиёти» (Иностранная литература) , с 1997 года работает в должности главного редактора на телевидении Узбекистана. С 1986 года – член Союза писателей. Первая повесть «Люди войны» была напечатана 1986 году  в журнале «Ёшлик» (Молодость) 1986 году.

Многие рассказы Назара Эшанкула, в том числе «Маймун етаклаган одам», «Хароба шахар сурати», «Тобут», «Муоложа», «Ажр», «Шамолни тутиб булмайди», «Култой», «Бахоуддиннинг ити» явились литературным событием в Узбекистане.

Назар Эшанкул –  автор многих книг, например таких,  как «Уфк ортидаги куёш» (Солнце за горизонтом) , «Маймун етаклаган одам» (Человек с обезьяной), «Шамолни тутиб бўлмайди» (Нельзя поймать ветра), «Момокушик» (Песня вечности), «Ялпиз ҳиди» (Вкус мяты), «Шафтоли гули» (Цветы персика)  и романа «Гуруглы» (Гороглы) (ешё не печатался).

_______________________________________________________________________________________________________

Сибизға воласи

Қамишлар шовурига қулоқ тут!

Миф-ҳикоя

(парча)

 

Гўё ўз қилмишларини қуёшдан яширмоқчидай қалқонлари билан юзларини офтобдан тўсганча найзаларини қуёш нурида ялтиллатиб, шаҳарнинг тош кўчаларини худди ноғора чалишаётгандай бир маромда ҳарбийчасига тўқиллатиб, эринчоқлик билан келаётган учта соқчи ва оқсоқ дарбон аллазамонлардан бери сарой учун унут манзилга айланган бизнинг кўчамиз бошида кўринишлари биланоқ мен ва навбат кутиб турганлар, кўчада ўз юмушлари-ю ташвишлари билан банд одамлар, орзу ва хаёлларини тепкилаб ўйнаб юрган болалар, дарвозалари олдида ҳаётнинг ёрқин хулосалари  ва сабоқлари битилган саҳифалардай бужмайган  афт-ангорлари, мусибат-у ҳасратдан букилган таналарини  офтобда тоблаб ўтирган чоллар, ҳамма-ҳаммамиз, тақдир изми бизнинг сартарошхонага ва менинг ҳаётимга қараб бурилганини тушунгандик. Энди менинг навбатим келганди. Бунга шубҳа йўқ эди. Бу шумоёқ дарбон соқчилари билан қайси кўчада пайдо бўлса, ўша кўчада сартарошхоналар ёпилар, кейин у билан кетган сартарошларни забонлари сеҳру жоду қилингандек гунг ва гаранг маҳкумлик кутиб турар, бу дарбон билан бирга кўчаларга фалакнинг аччиқ ва адолатсиз ҳукми ҳам кириб келишини шаҳардаги она сути оғзидан кетмаган гўдаклар ҳам билиб қолишганди. Ҳар доимгидек кўча бошида уларни даставвал болалар кўришганди ва улар қийқириб, кўчани ва бизни шум қисматдан огоҳлантирганча сартарошхона томон югуриб келишарди. Бу кўчада мендан бошқа сартарош қолмаганди. Навбат кутиб турган мижозлар бирин-кетин туриб, уй-уйларига тарқай бошлашди. Бундан кейин бу ерда  навбат кутиб туришларидан ҳеч қандай маъно қолмаганини, ҳатто, кейинчалик менинг тақдирим нима бўлишини ҳам улар яхши билишарди. Баъзилари келиб, елкамга дўстона урганча ҳамдардлик билдиришгандай бўлди. Уларнинг кўзларида “Пешона экан!” деган ифода бор эди. Баъзилари эса бошқа сартарош излаб шаҳар кўчаларига тарқаб кетишди. Уларнинг бугун сартарош топишлари амри маҳол.

Илгарилари ҳар муюлишда кўзга чиққан чипқондек сартарошхоналар қад кериб турарди. Сартарошларнинг кўпчилиги иш йўқлигидан пашша қўриб, бир-иккита мижози билан кун узоғи ҳасрату ғийбат қилиб кун ўтказишар, даромад камлигидан, сартарош зоти кўпайиб кетиб, туфласа касбдоши бошига тушишидан нолишгани нолишган эди. Мана энди эса шаҳарда сартарош зоти камайиб, анқоннинг руғига айланиб бораяпти. Анови келаётган оқсоқ дарбон ва навкарлар сартарошларни кун аро бирма-бир олиб кета бошлагач шаҳарда сартарош қаҳатчилиги пайдо бўлди. Олиб кетилган сартарошлар қайтиб бу ҳунарини қилолмасди. Искандар ҳузуридан қайтганларнинг телбага айланишар, худди жин чалгандек одамлар кўзига кўринишдан қўрқишар, овлоқларда пусиб, тўғри келган ерга ағнаб ётишар, уларга нима бўлганини на ўзлари, на яқинлари изоҳлай олишар, бир тушунарли сўз айтмай нуқул тушунарсиз оҳангда ғунғиллашар, ваҳоланки, тўрт мучаси соғ, ҳамиша қон сизиб юрадиган оғизларини айтмаса, ўзлари тишлайверганидан узиб олгудек даражага келган тиллари ҳам жойида, фақат улар нега бу хил дардга мубтало бўлишганининг сабабини шарҳлаб берадиган марднинг ўзи йўқ эди. Баъзилари ростданам ақлдан озганини намойиш этиб, бир тўда болалар..га қўшилиб кўча чангитиб юрадиган бўлишди, баъзиларини жиннихонага жойлаштиришга тўғри келди. Искандар саройидан ҳали ҳеч ким соғ чиқмаган, сабабини ҳеч ким аниқ билмасди. Аммо бизга миш-мишлар орқали етиб келган гапларга қараганда, Искандар шу даражада илоҳий зотки, унга  бандасининг қўли тегса, ақлдан озиши турган гап, унинг Ахурамаздага хос салобати, юзидан, бошидан таралаётган нур ҳар қандай одамни гунгу гаран, забонсиз қилиб қўяди. Бу улуғворлик ва залворга дошберолмай мияси чаноқ ичида биқирлаб қайнаб-тошиб кетади. Соч ва соқол ўрнида нурлар таралиб туради, сартарошлар бу нурларни устараси тиғларига оламан деб, ҳушларидан айриладилар, дейишарди.  У нури илоҳийдир, у нури зиёдир, у коинот ва олам мукаммаллигининг илкис намунасидир. Ақлдан озиш, бир умр гунгу-лол бўлиш, ҳайрат ва завол топиш, унинг шамсиқамар талъатига қиёслашнинг, Унга нафақат тиғ тегизиш, балки, қарашнинг ўзи етади бу дунёдан қўл силтаб, руҳ ва хулё дунёсига ўтиб кетишга. У шундай мукаррам, шундай илоҳий қудрат тимсоли. Шу сабабли Искандарнинг сочини икки марта олган сартарошни ҳали ҳеч ким бу мамлакатда кўрмаган, бу Қуёш ўғлига иккинчи марта сартарошлик қилишга ҳеч кимнинг ақл-идроки дош беролмаган. Ҳар қандай ирода бу сиймо олдида мумдай эриб кетади, худди қуёш нурида эриб кетган қиш сумалагидай. Шунинг учун йилма-йил эмас, кунма-кун сартарош уруғи камайиб, ноёб ҳунарга айланиб қолди. Сартарошга бўлган талаб кундан кун ошиб, охири одамлар соч-соқол олишни ўзлари ҳам ўргана бошладилар.  Илгари болаларини сартарошлик ҳунарига ўргатинг, деб эшик олдида навбат кутиб туришарди. Энди ҳеч ким боласини бу ҳунарга ўргатгиси келмасди. Ахир фарзанди сартарош бўлиб етишса, бир куни бошқа сартарошларнинг куни бошига тушишини билишарди-да. Баъзи сартарошлар Искандарнинг рўйхатига тушмасдан шаҳардан ва мамлакатдан бош олиб кетишди. Мана, энди эса навбат менга келиб турибди. Менинг қисматим қандай бўлади? Буни чекка-чуккада, уйларининг деразаларидан менга ачиниб қараб турганлар ҳам, менинг ўзим ҳам яхши биламан. Дарбон ўз соқчилари билан кўча бошида кўринганда сартарошхонада йигирмага яқин мижоз навбат кутиб турар, яна шунчаси навбат олиб, ўз ишлари билан кетганди. Кейинги ойларда кечаю кундуз тиним билмай ишлашимга тўғри келаётган, гарчи ҳориб – толиб қолсам ҳам касбимга ва мижозларимга бўлган ҳурматим сабаб уларнинг биронтасини соч-соқолини олмай қайтаролмасдим. Аслида ҳам шу. Мижозини норози қилиб жўнатишга сартарошнинг ҳаққи йўқ. Биз устара билан ишлаймиз. Бизнинг пиру устозларимиз  ана шунга ўргатган. Мана, ҳозир ҳам соқолининг ярми олинган мижозимнинг сартарошхона рўпарасига келиб тўхтаган дарбонни кўриб типирчалашига қарамай ишимни охирига етказишга қарор қилдим. Соқолни қайта-қайта қиртишлаб олдим, қўлларим билан бирон чала жойи қолиб кетмадимикин, деб силаб-текшириб кўрдим. Кейин ҳўл латтада артиб, мушк суриб қўйдим. Мижоз қутулганга шукур қилиб, ирғиб туриб, ҳақимни ҳам бериш эсига келмай, оёғини қўлига олиб қочиб қолди. Унинг кўзида қўрқув ва хавотир аланга олган, энди ана шу аланга билан кўчамизни, маҳалламизни, бутун шаҳарни ёқмоқчидай шашти бор эди, гўё. Бу пайтда дарбон ва навкарлар сартарошхонамнинг эшигидан бош суқишаётганди. Дарбон сатрошхонага кўз югуртириб, ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилгач, оқсоқланиб, ичкарига кирди ва буйруқ оҳангида деди:

-Ахурамазда инояти билан сенга Искандарнинг соч-соқолини олишдек шарафли вазифа юкланди. Ҳозироқ асбоб-анжомингни олиб йўлга туш.

Мен  бундай паллада нафақат оилам билан хайр-хўшлашишга, балки энди кўчада биронта танишим билан бош ирғаб, имо-ишора қилишга ҳам ҳаққим йўқлигини билардим. Қисматимга Искандарга сартарошлик қилиш шон шарафи учун қурбон бўлиш маҳкумлиги ёзилганди.

Уч навкар ва дарбон ҳамроҳлигида саройга қараб кетарканмиз, шаҳар кўчаларининг ҳар икки томонида одамлар тўпланиб, бизни кузатиб туришар, уларнинг аксарияти ҳамдардлик билдириб, бош ирғаб қўяётганини, мени бошқа ҳеч қачон ҳозиргидек худди бир ишни қойиллатиб қўйишга кетаётгандай мағрур ва масрур ҳолда кўришмаслигини, бир-икки кундан сўнг телбаларга қўшилиб, кўчаларда болалар билан чопиб, минғирлаб юрганимга кўзи тушишларини, мен каби шаҳардаги барча сартарошларни шу йўлдан шу тахлит кузатиб, кейин уларнинг жунун ўйнаган қиёфаларинигина кўришга ўрганиб қолишганини муҳокама қилишаётганини сезиб турардим. Айримлар эса гарчи эртанги ёздиғим ўзларига беш қўлдай аён бўлса-да, менга надомат билан боқиб туришарди. Уларнинг қарашларини ҳам  тушунгандек эдим. Улар Искандардек мукаррам зотнинг қаршисида туриш, балки унинг танасига тегиш, юзи ва танасидаги илоҳий қувватдан, майли, кейин ёқиб кул қилишса ҳам бир неча сония бўлса-да баҳра олишдек бахтга мушарраф бўлиш айнан менга насиб қилганидан ич-этларини ҳасад кемириб турар, шу сабабли атрофдаги хайрихоҳлик билан гувиллашаётган оломонга норозилик билдиришгандек, менга еб қўйгудек тикилишар, баъзида ошкора тарзда асбоб солинган чарм халтамнинг абгорлиги, уст-бошимнинг юпунлиги, бўйим калталиги, сартарош бўла туриб, сочларимга тартиб берилмагани, умуман,  камчилиг-у нуқсонларим, кўрса тиланчи уяладиган кўринишда Искандардек мукаррам зотнинг олдига бориш илоҳларга қанчалар ҳурматсизлик экани ҳақида жим ёки ошкора ғайирлик билан муносабат билдиришарди.

 Уларни тушунса бўлади: Унинг муътабар чеҳрасидан фароғат олиш,  муборак мўйларини қўлларида ушлаш, абад ва азал акс этган кўзларига боқиш, фалакнинг марҳамати ва муруввати  билан тўйинган нигоҳларидан баҳраманд бўлиш бахти шунча одамлар ичида фақат менга насиб қилган эди ва мен ҳам хаёлан ҳузурига борсам, унинг қиёфаси тафтидан кўзларим қамашиб қолади, у менга бани коинот қудурати акс этган кўзларини тикади, мен эса таъзим қилиб,  ўзи билан юз кўришишдек бахтга каминани мушарраф этганидан миннатдор бўлиб, оёқ-қўларини ўпаман, токи ҳолдан тойгунча этакларини кўзимга суртиб, оёқ изларини ўпаман, унинг ана шу мунаввар чеҳрасини кўриш учун телба бўлсам, нима бўлибди, ахир бу коинот туҳфасига менга ўхшаганлар икки дунёсини ҳам ҳадя қилиб юборса бўлади деб ўйлардим ва ана шу хаёлимдан ҳамда Искандарни кўриш, унинг каромат тўла чеҳрасига боқиш бахтидан  ҳалитдан масту мустағриқ бўлгандек, кўринган ҳар кимсага бахт ва сурур билан боқардим.

…….

…….

…….