Murod Chovush

Murod (1)Murod Chovush (Uzbekiston) 

Мурод Човуш родился в Китабском районе. Закончил Национальный университет в Ташкенте. Пишет прозу, является одним из самых активных блогерров в Узбекистане. Ведет свой блог о литературе, пишет статьи, делает интервью с разными авторами, публикует произведения локальных и зарубежных авторов в сети. Его книга «Хеч» (Пустота) была опубликована в 2010 году. 

Murod Chovush was born in 1970 in Kitab District of Uzbekistan. A prose writer, he is also an active blogger writing articles about Uzbek modern literature, doing interviews with known and unknown Uzbek writers, as well as posting good works from contemporary Uzbek and foreign authors. His book “Hech” (Nothing) in Uzbek was published in 2010.

 _________________________________________

ҚОРА ДЕНГИЗ

 

У гўзал ва улуғ! Унинг дўсти дунёнинг гўзал одами. Эслаб йўл юраман.  Коинот битта ишқ достони. Айниқса, ўзбек тилида ёзиш қийин. Рухсат сўраш керак. Лекин кимдан? Тонг эди. Мунажжим айтди: «У Афғонистонда яшайди. Бугуноқ йўлга чиқамиз. Шай туринг. Кечга келаман». — Йўлкирамиз йўқ-ку, қандай борамиз? — Уёғини ўйламанг. Қисқа йўлни биламан. Эсон-омон бориб келамиз. Д.Н: ” Йўлда толиқдим. Мунажжим мени опичлаб кўтариб олди.” «Сиз озиб-тўзиб кетдингиз. Қуриган дарахтга ўхшаб қолибсиз.» Яна нима ўйлар хаёлидан ўтувди. Уларни бирма-бир айтса, йўл тугамайди. «Йўлбошловчимга раҳмим келувди. Ачинувдим. Йўлда ғорга дуч келдик. Кирдик. » — Бу асалдан тотиб кўр. Йўл узоқ, жонингга қувват киради. — Бошқача экан. Маст бўлиб қоляпман. Асал еб маст бўлган кишини учратмагандим. — Асал ариларим бор эди. Борлиғим аъзоларини чақиб асал йиғишган. Энди шу ғорда яшайман. Ўтган-қайтганни меҳмон қиламан. Бу одат дунёнинг гўзал одамидан қолган. У менга хурмо совға қилган! Йўл юришда давом этдик: «Бундай сафар одам тушига ҳам кирмаган», деб ўйлардим. Атроф саҳро, афғон шамоли тинмай эсади. Йўлда ёввойи қушлар кўп ва улар оч эди. Икки елкамдан чўқиб яна осмонга кўтарилишади. Мен билан ўйнашаётгандек, мунажжимга тегинишмайди. — Олдингизга келувдим. Сабабини биласиз. Бу, албатта, беадаблик. Мени кечиринг! Йўлда қўрқдим. Дайди ўқ тегиб йўлдан озаман, деб. Худога шукр, етиб келдик. Менга рухсат беринг? — Оқ йўл, — деди у. Мунажжим шу ерда қолиб ўзим йўл юрдим. Сафарим доира шаклида бўлиб, яна уйимга қайтиб келдим. Хонамда китоб ўқиб ўтирувдим. Мунажжим деразадан кириб келди. Қўлида хонтахта ушлаб олган. Ихчам ва енгилгина бўлса керак. — Бу қадимий хонтахта. Ким ясаган ва қайси асрда ясалганини ҳеч ким билмайди. Энди шунда ёзасиз. — Чарчагансиз, озроқ дам олинг. Раҳмат! Мунажжим оёғини уқалай бошладим. Кейин бошимни унинг оёғига қўйиб ўзим ҳам ухлаб қолдим. Тонгда уйғондим. Мунажжим уйда йўқ эди. Хонтахтани ушлаб кўрдим. Туш эмас. Ўнг бурчагида ёзув бор. Пичоғ учида ҳарфлар ўйиб ёзилган, шекилли, ўқидим: «Келиб қолган жойдан бошлаш керак».

2

Дунёнинг гўзал одами коинот кемасида учган. Унга оғир бўлган. «Сен бўлмаганингда дунёларни яратмасдим.» Унинг шаънига айтилган. — Рембо бу ҳақда ёзган. «Ишқ кемаси.» Кейин бу кемани излаб Африкага кетган. — Нега, айнан, Африкадан излаган. Тушунмайман. — Сен Африкага боришни орзу қилганмисан. Биламан, бормагансан, қизлари ёқмайди? Тушунарли, иссиқ. Тўғри, жазирама. Коинот дарвишлари Африка жазирамасини назарига ҳам илишмайди.Аммо у ерда бошларини кундага қўйишгандай кўзларини  ерга қадаб юришади. -Бошлари кўк томига тегиб Мусонинг гапини яна қайтаришларидан қўрқишадими?! Билсанг, дарвишлар коинотни елкаларига кўтариб юришган. «Ҳеч тасаввуримга сиғмайди. Ҳар қанча уринсам ҳам. Лекин кўряпман. Мен аллақайси кафеда сигарет чекиб ўтирибман. Ойхон эрталаб ишга кетяпти. Шохлари синса-да. Дарахт панасидан пойлаяпман. Анови қора тош.» Юриб кетяпману, ўйлардим, хазонга айланиб қолсам. Фаррошлар мени ҳам бошқа хазонларга қўшиб ёқишса. Куз эди. Самолёт Қиримдан учиб келди. Ёки аксинча: — Яқинда онамнинг олдига кетаман. — Мен эса денгизга. Сиз шошилманг. Масалан, Фарангистонга кетинг. — Бизни ҳеч ким тушунмайди. Кейин ўтирдик. Сокин денгизга қараб. «Онангизнинг исми Сокина, а», ўлганига неча йил бўлди? Бир, икки... Мен денгизга тош отмасликни ўргандим. Соҳил совуқ бўлади. Қуш полапонини қаноти остига олгандек, мунажжим тўни ичига кириб олдим. — Раҳмат. Сиз менга кўришни ҳам ўргатдингиз. Тушларимни ҳикоя қилиб ёзардим. Бир куни мени консерваторияга олиб киришди. Саҳнада менинг аксим, худди ўзим, фиръавн кийимида. Ёнида тан қўриқчилари. Қуролланган. КА. Менинг ҳам қўлимда қурол бор экан. Тансоқчилар мени отиб ўлдиришмоқчи эди. Абжирлик қилдим. Фиръавн ҳам ҳалок бўлди. Ўшандан бери уйқум келмайди. Қўрқаман. Кимдир мени пойлаётгандек. Эсланг. Акутахавани кимдир таъқиб қилган. «Самарқандга кетиш керак», деб у кундалигига ёзган. «Келиш керак» эди. Самарқандда йўлбошловчисини топарди. Ўзини осмасди. Ҳалиги кўлканинг қўлида пичоғи бор. Мендан нима истайди. Ўзимни ўзим қўриқлаётгандек, деярли ухламай қўйдим. Унинг хаёлини туш кўриб қоғозга  туширардим. У энди хаёл сурмайди. Чанг чалади. Чангнинг етмиш тори бор. Мунажжим деди: — Бизни ҳеч ким тингламайди. — Чунки ўзларини эшитишмайди.. Мени кечиринг. Болалигимда уйқум келмай тоғорага чакка томишини тинглардим. Ярим кечаси. Тоғорага томаётган ёмғир томчисига илашиб хаёл зинапоясидан томга чиқардим. Осмонда турнақатор самолётлар учарди. Биттаси қир тепасидаги текисликда қўнувди. Мен югуриб бориб самолёт кабинасидан тушган учувчига девдим: — Сизни танийман. Бугун кечки пайт радиодан гапирдингиз. Аргентинада ишларкансиз-а? Мен ҳам сизга ўхшаб ёзувчи бўлмоқчиман. — Адашяпсан, болакай. Мен радиодан гапирганим йўқ. Радиоҳикоя эшитгансан, холос. Бошқа одам — актёр гапирган. Тушуняпсанми. У бошқа замон. Радио мўъжиза эди. Китоб катталигича қутича ичидан одамлар гапиришарди. Мен қулоғимни карнайга қўйиб олиб тинглардим. — Радиодан гапирган одам бошқа эканлигини ақлимга сиғдиролмайман. Лекин нега унда сиз билан гаплашиб ўтирибман. — Муқаддас китобда ёзилган. Юрадиган икки оёқли афсонавий дарахт бор эмиш. Ўшани излаяпман. Унга Одам Атодан буёғигача яшаган қушлар қўниб сайрашаркан. — Икки оёғли дарахт. Балки у тоғда ўсар? — девдим. Мунажжим кун бўйи соҳилда ўтириб уч сарбоз ҳақда ўйларди. Сокин денгиз теп-текис чўлни эслатади, чексиз, ёмғир ёғади: — Отахон, нега йиғлаб келяпсиз? Сизни ким хафа қилди? Сўрашяпти. Ярим кечаси, пиёда келаётувдим. Ақлимни йиғиб қарасам, кўзимдан ёш оқаётган экан. Ўсмирлар уч-тўртта, кўчада сигарет чекиб туришибди. «Ўзим шундай». Жавоб қайтардим. Узум суви ичамизми? Қизилидан. Қуёш эрталабдан кечгача ишлайди, бечоралар ичишсин деб. Унинг меҳнатини қадрига етмаймиз. Отахон, дейишди. Менми, дедим. Исроф қилмасдан ичиш керак. Туфроққа тез тўкиб юборишда маъно йўқ. Нега йиғлайсиз, қайта сўрашяпти. Овутмоқчидай. Фақирман, дедим. Улар эса таксида уйингизга етиб олинг деб пул беришяпти. Икки оёғли отим бор, десам ҳам кўнишмади, беришди. Дўкондан вино сотиб олдим.

3

 Дунёнинг гўзал одами ёр васлига етганда, коинот қип-қизил гулга тўлган. Гул ҳидидан ошиқлар маст бўлган. Ёр севгилисига севги жоми совға қилган. Унда илоҳий май ичиб маъшуқ ошиғини қутлаган. Ойхон Олой бозорида жойлашган дорихонада ишларди. Мен унга хат ёзгандим: «Сенинг қоп-қора сочингда яшайман. Сочинг чексизликни қамраб олган. Унда йўллар кўп аммо битта йўл бор. Ўша йўлдан кетяпман. Товоним шишиб кетса-да завққа тўляпман. Қизил ҳиндуларга ўхшаб қизариб кетяпман. Йўл ёқасидаги дарахтларни силаб қўяман. Шавққа тўлиб дунёдаги ҳамма одамни қучоқлаб  олгим келяпти. Сочларингни ҳидлаб, асраб юрган сўзимни қулоғингга айтмоқчиман. Қалтирайман. Титрайман. Қўрқаман. Бозор ёнидаги метродан чиқиб кафеда чой ичаман. Пиёламда осмондаги қуёшнинг акси тушади. У пиёла тубида қалқийди. Вужудимда юрагим раққоса қизлардек ўйнайди. Пиёлага яна бир қарасам қуёш акси уялиб ундан чиқиб кетадигандек,жоним ўйнайди.Юрагим юқорига балқиб чиқмоқчи. Йўлдан йўловчи ўтиб кетади. Зикр айтиб. Уни тўхтатаман. «Мени чалғитинг», дейман. Яна: — Йўл бўлсин? — Шарққа кетяпман. — Озроқ дам олинг. Нафас ростланг. Танишайлик. — Сизни танийман, — дейди у. — Сигаретингиз борми? — Бор. Чекамиз. — Оқ йўл, — дейман. — Сизга ҳам. — Айтганча, дунёда ёмон одам йўқ. Фақат ёмон қилиқлар бор. — Шундай. Қилиқлар кийимга ўхшайди. Кимдир ўлса уни ечиб кетади. Бошқаси кийиб олади. — Афсуски, шундай. Шундан кўплар бир-бирини танишмайди. — Ҳа. Омон бўлинг! — Омон бўлинг! Ва ҳоказо!» «Жон қуши дарахт шохига қўниб афсона айтишни бошлайди. Жимсиз. Кўкрагингизга бошимни қўйиб ётишни яхши кўрардим. Баданингиз сўлиган гулга ўхшарди. Нафас чиқарардим-у баданингиз ҳидини ичга ютардим. Мен айтдим: «Менинг биринчи осмонимсиз момо». “Тонгги тўртда Ойхон ва мен тунги кафедан чиқардик. Воронсов хиёбонидан ўтиб соҳилга тушардик.” — Марям! Худди эртак қаҳрамонларига ўхшаймиз. — Персонажларига. — Ойга қачон учиб кетасан? — Ҳазиллашяпсанми? — Момом ҳам ойда яшайди. Ишон. Қара, дарахтлар қоронғуда қўғирчоқларга ўхшайди. “Мен эслашим керак. Қуёш ўн тўққизинчи сентябрда денгиз сатҳидан чиққан, адашмасам, демак шу тонг Ойхон ва мен Айвазовский қоясига чиқиб тонгни кутиб олувдик.” — Марям, бу кунни эсдан чиқармасам керак. Менга парда бўл? — Нима? — Менга парда бўл. Ва мен ҳам сенга парда бўламан. — Бу нима дегани? Қуёш чиқишига қанча бор? — Орқамизда турган дунёни кўрмаслик учун. Сен менга ва мен сенга парда бўламан. Қуёш чиқишига ярим қути сигарет чекилгунча вақт бор. — Сизларда денгиз борми? Совқотиб кетяпман. Мени қучоқлаб ол. Оти нима? — Бор. Тошкент денгизи. — «Қора денгиз»имдан каттами? — У сув омбори. — Қизиқ эмас экан. — Яна битта денгиз бор! — Бор? Айт. Чекма. — Лекин у кўринмайди. — Қанақасига? —… “Қуёш денгиз четидан икки марта сакраб чиққан куни,эслайсанми? Марямга сен ҳақда гапирувдим. Ёки уч марта сакровдими? Эсимда йўқ.” — Қара. Қора денгиз. Қуёш. Бахт. — Унинг олдида бу денгиз ёмғир томчисидай ҳажмга эга. — Қара. Қуёш чиқяпти! Миттивой! Ҳатто менинг юзимдан ҳам кичкина. У сиққан жойга сен сиғмайсанми? Худбинсан. — Бу ҳақда ўйлаганман. — Демак, ойда сенга торлик қилади. Мен сенга парда бўлолмайман. Кечир. — Марям! Сени тушунаман. — Қуёшда қора доғлар бор дейишади. Балки улкан тоғлар бордир. Лекин мен кўрмаяпман, қара. “…Ва ҳоказо. Ойхон пари қуёш нурига тоб беролмай қордай эриб денгизга чўкиб кетувди. Аслида…» Одам туфроқдан, авлоди «отилиб чиқувчи суюқликдан» яратилган. Биз келиб кетамиз. Тана туфроққа айланади. Ернинг оғирлиги анчага ортган. Қанчага, ҳеч ким билмайди. Соҳил бўйидаги уйни пахсадан қурувдим. Туфроғини эринмай ҳар жойдан қопларда ташиганман. Шунда тушунувдим: бизнинг миллат кўп туғдиради. Демак, туфроғимиз ҳам кўпаяди. Маъно: ҳеч нарсаси йўқ фақирлар уй ва йўл қурсинлар. Яшасинлар ва йўл юрсинлар!   Ғойибдан овоз девди: «Осмондан ёғилаётган тошлардан бошпананг бўлсин». Бир кун қир тепасидаги текисликда самолёт қўнди. Икки момони кутиб олдим. Қир ёқалаб соҳил томонга юрдик. — Сизларга уйни кўрсатмоқчиман. Боғи ҳам бор. — Бу ажойиб! — Чироқ керак эмас. Кечаси деворидан нур таралади. Туфроқнинг фосфори бор. Қабристоннинг туфроғи-да. — Бу янгилик эмас. — Ҳа, албатта. Телевизор ҳам керак эмас. Дунёни кўрсатадиган ойна бор. Сафарга борганимда совға қилишган. — Биз доим сафарингиз ҳақда эшитгани келамиз-ку. Севимли акаларимиз ҳақдаги ҳикояларингизни тинглашни ёқтирамиз. Боғингиз гуллари чиройли экан. Ҳавоси ҳам. — Боғдаги туфроқни танишган жойимиздан олиб келдим. Акаларингиз изи теккан. Боғ ҳавоси денгиз шамолидан. Танишувимиз қизиқ бўлганди. Ўша куни Ойхонга: «Менга парда бўл», дегандим, у бармоғига тақилган узукни кўрсатиб: «Сиз кечикдингиз», девди. Сўнг бозор ёнидаги ёзги кафеда, шунчаки, пиво ичувдим. Қаршимда, фонтан ёнидаги дарахт атрофини икки момо сув сепиб супуришувди.