Маъсума Мирзаева

Ma'suma MirzayevaОбычно пишу стихи, с юного возраста. Интерес к прозе недавно появилась во мне. Учусь в университете, занимаюсь спортом. Мои стихи и рассказы были опубликованы в разных республиканских газетах. Впервые решила участвовать в этом конкурсе.


Рассказ “Кенжа қиз”

Отрывок

Кеч кузнинг ёмғирли оқшомларидан бири. Осмонни булут қоплаган, ёмғир шивалаб ёғиб турибди. Аэропортдан чиқишим билан уяси бузилган аридек, киракашлар атрофимни ўраб олишди. Уларнинг мақсади маълум – чиқаётган одамларни ўз машинасида манзилига элтиб қўйса-ю, пулини олса. Бир қарашда, бу оддий тирикчилик қонуни, ҳамма яшаш учун курашади, ишлайди. Ўзим ҳам бу қонунни истисно қилмайман, албатта.

Атрофимни ўраб олган киракашлардан қутулиш мақсадида у ёқ-бу ёққа қараб олдим-у, ўзим кутаётган кишини кўргандек, «Мени олиб кетгани келишади,» – дедим. Бу гапимдан сўнг уларнинг хафсаласи пир бўлиб, бошқа йўловчилар томон кетишди. Улардан тинчигач, ҳолироқ жойга ўтиб, Сардор акамга қўнғироқ қилдим. Сардор акам – унаштирилган йигитим, улар билан шу ерда – аэропортда танишиб қолганмиз. Бўлмаса, Тошкент қаерда-ю, Муборак қаерда? Икки вилоят мамлакатнинг шимол-у жануб сарҳадларида ястаниб ётибди…

****

«Кўнлимга қил ҳам сиғмайди. Энди нима қиламан? Эҳ, дадажон… Наҳотки энди сизсиз яшашга кўникишга мажбур бўлсам? Нега шу пайтгача қадрингизни билмадим, нуқул ўзимни уйдан узоққа олиб қочдим, ёнингизда бўлишга ҳаракат қилмадим? Шу ерда ўқийверсам ҳам бўларди-ку? Ҳар сафар ўқишга келиш-кетишимда сиз олиб келардингиз, энди эса…»

Кечки соат тўртлардан ўтиб, Тошкентга етиб келдик. Хаёлларимни киракашнинг сўзлари бўлиб қўйди:

– Етиб келдик, рўйхатга олиш йигирма беш дақиқадан кейин бошланади!

Унга пулни санаб берарканман, алҳол ўз ўй-хаёлларим билан бўлиб, Москвага чипта олишни унутганимни сезиб қолдим! Шунчалик ҳам паришонхотир бўламанми?! Киракаш мендаги саросима сабабини ўзича тушуниб, хотиржам қилишга ҳаракат қилди:

– Синглим, бандачилик ҳамманинг бошида бор. Йиғламанг, ўтганлар безовта бўлишади…

Индамадим. Чиптани рўйхатга олиш бошлангунга қадар олишга улгурарман, дея ўзимни ичкарига урдим. Таассуфки, кеч қолган эканман, мен сўраган рейсга бўш ўрин қолмабди.

– Тошкент-Внуково рейсида бўш ўринлар бор, эртага тонгда учади, – табассум билан таклиф қилди авиакассир қиз.

– Тўғриси… у ерда кутиб оладиган одамим йўқ, адашиб қолишдан қўрқаман…

– Тошкент-Домодедово йўналишида эртага эрталабки рейсда ҳам бўш ўринлар бор.

Тунги соат иккида рўйхатдан ўтиш бошланади. Бир ўзимга бу ерда ярим тунгача ҳеч кимсиз қолиш қўрқинчли туюлиб кетди. Дадам ёнимда бўлганларида эди…

– Мен ҳалиги…

– Синглим, нима бўлди? Бирор ёрдам керакмасми? – нотаниш йигит қаршимда пайдо бўлди.

Рўйхуш бермаганимга қарамай, авиакассир қиздан нима муаммо эканини билиб олгач, илк бор кўриб турган одамига ёрдам беришга шошилди:

– Сиз бемалол эртага кечки рейсга чипта олаверинг, мени бир опам бор, уникида бир кун тура турасиз, бир кун минг кун эмас-ку!

– Ахир сизни биринчи марта кўриб турибман…

– Бошингиздаги оқ рўмолни кўра туриб, бирор ёмонлик қилмасман, синглим. Менинг ҳам опам, синглим бор…

****

Машинада келаётгани сабабми, ё банд бўлибми, биринчи гал қўнғироқ қилганимда жавоб бермадилар. Иккинчи марта қўнғироғимга жавоб олдим. Алоқа ёмон эди, негадир овоз узилиб-узилиб қоларди. Гапларини чала-ярим эшитиб, тушунганим шу бўлдики, мени олиб кетгани келолмас эканлар. «Тинчликмикин, – ўйладим ичимда, – ахир ҳар гал ўзлари кутиб олиб, Марҳабо опаникига кузатиб қўярдилар, эртасига бироз шаҳар айланиб, кейин уйга кетардим. Энди нима қиламан?» Гап шундаки, мен Марҳабо опанинг уйи қаердалигини билмасдим. Ҳар гал машинада Сардор акам билан турли мавзуда суҳбатлашиб кетар, қаёққа бораётганимизга, йўлга қарамасдим сира. Қолаверса, онамнинг аҳволи яхши эмас, бир ўзим кетганимда ҳам ипподромга бориб, машина гаплашишим керак. Қайсидир маънода мустақил бўлишим ҳам кераклигини тушуниб турибман. Ўзимни Москвада юргандек тасаввур қилдим-у, дадилланиб, машиналар томонга юрдим. Эътибор бериб қарасам, тўғридан-тўғри Муборакка қатнайдиган машиналар ҳам бор экан. Ишим ўнгидан келганидан роса хурсанд бўлдим, ахир Муборакдан тўғридан-тўғри Тошкент Халқаро аэропортигача олиб келган машиналар нега энди яна ортига қайтиб кетмасин? Шу нарса қачондан буён хаёлимга келмаганини қаранг. Университетдаги ўқитувчиларимдан бири «Сиз ёшлар ўқиш жараёнида ҳаётга назарий билимлар кўзи билан қарашга кўникиб, амалий дунё кўз ўнгингизда турганини сезмай қоласиз,» – дерди доим. Тўғри айтган кўринади…

Машиналардан бирига бориб ўтирдим. Ҳайдовчи амаки яна иккита одам олиши кераклигини айтиб, яна аэропортдан чиқиб келаётган одамлар томон кетиб қолди. Ёмғир кучайди. Амаки анча вақт йўловчи «овлади,» аммо қоронғу тушиб қолгач, умидини уздими, машинага қайтиб келди.

– Орқа ўриндиққа ўтиб олинг. Бугун негадир ишим ўнгидан келмади. Уйга қайтишим керак эди, майли одам бўлмаса ҳам кетавераман энди…

Унинг кўрсатмасига кўра орқа ўриндиққа ўтиб олдим.

– Бемалол ухлаб кетаверсангиз ҳам бўлади. Тонгда уйда бўласиз…

– Уйим…

– Сизни танийман, синглим. Дадангиз билан яқин эдик…

Индамадим. Олд ўрин эшиги очилиб, ҳайдовчига бироз ўхшаб кетадиган бир киши ўтириб олди. Унга унча эътибор бериб ўтирмадим, йўлга чиқиш олдидан яна бир бор Сардор акамга қўнғироқ қилай, деб телефонимни олдим. Таассуфки, телефонимда сигнал йўқолган, ваҳоланки, биз бу пайтда шаҳар марказида эдик. Ноилож уни яна чўнтагимга солдим. Ҳавонинг оғирлигиданми, жудаям уйқум келарди. Ҳайдовчи амакининг сўзлари эсимга тушиб, орқа ўриндиққа узалиб ётиб олдим. Кўзларим юмилар экан, назаримда, ҳайдовчининг кўзгу ичида кўриниб турган юзидан қора ўргимчак юриб ўтиб кетгандек туюлди. Лекин кимдир алла айтаётгандек, уйқуга, дам олишга эҳтиёж сезардим.

Туш кўрибман. Лекин бу туш одатий тушлардан ҳам реалроқ туюлди менга. Дадам тушимга кирибдилар. Аэропортдан энди чиққан жойимда турганмишман. Дадам ҳадеб «Уйғон, қизим! Бисмиллоҳ, дегин!» дермишлар…

Чўчиб уйғондим. «Марҳумлар ҳамиша, ҳар ерда қўллайди,» – деганлари шу бўлса керак. Ҳамроҳларим уйқуга кетган, рўпарадан юк машинаси келарди. Қандай қилиб эшикни очганим-у, ўзимни ташқарига урганимни билмайман. Улгуриб қолдим. У ер-бу ерим шилинган бўлса-да, тирик қолганимдан шод эдим. Аммо, кутганимдек автоҳалокат содир бўлмади. Атроф жимжит, ҳаммаёқ қоп-қоронғу. Ваҳимага тушмасликка ҳаракат қилардим. Вақтни аниқлаш учун телефонимни олдим – тунги 23:38. Экранда 14 та ўтказиб юборилган чақирув ва 3 та смс-хабар кўриниб турарди. Рақам Сардор акамники бўлса-да, негадир «Мавжуда» деб сақланган. Ҳеч нимага тушунмай, смс-хабарларни ўқий бошладим: «Сардорни дадаси ўтиб қолди, шунинг учун таъзияга бориб, сени олиб кетишга чиқолмадим…» «Нега қўнғироқларимга жавоб бермаяпсан?» «Уйғон, Малика!» Мавжуда нега бунақа смс ёзади? Миям ғовлаб кетди. Ё телефоним «чарчаган» ё менга нимадир бўляпти. Телефонимга ишонмай, Мавжуданинг рақамини ёддан тердим. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна сигнал йўқолди. Телефон ёруғида у ёқ-бу ёққа қарадим – чор атроф тоғ-у тошлардан иборат. Бояги машиналарга нима бўлди экан? Шу пайт қадам товушлари эшитилди.

– Синглим, сиз ҳам саробга алданган кўринасиз. Бу ерда кўп шунақа бўлади. Рўпарадан машина келаётгандек, портлаш-у чақмоқ уришлар содир бўлаётгандек туюлади…

Бу ўша – ҳайдовчи амаки эди. Осмонда ёнган чақмоқ унинг юзини ёритиб ўтди. Бу одамни қаердадир кўрганман. Дадангизни танийман, деди-ку, балки бирор жойда уларни бирга кўргандирман. Сароб… Демак, телефон рақамлар алмашиб қолиши ҳам менга шунчаки туюлган холос. Сардор акамнинг дадаси ҳақидаги хабарни ким ёзган экан-а? Мавжуда ёзмагани аниқ. Лекин нега бирданига? Дарвоқе, Мавжуда – менинг интернет орқали танишган дугонам. Бирор марта учрашмаганмиз. Жиззахлик қиз. Москвадалигимда бир неча бор видеоқўнғироқ орқали гаплашганмиз ҳам.

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (30 голосов, средний бал: 4,13 из 5)

Загрузка...