Лукман Бурихан

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (1 голосов, средний бал: 5,00 из 5)
Загрузка...

Лукман Бурихан

Родился в 1965 году Гузарском районе, Кашкадарьинской области. Окончил факультет журналистки ТашГУ (УзМУ) в 1991 году. После учёбы работал в редакциях разных газет. Настоящее время является заместителем главного редактора журнала «Ёшлик».

В 2005 году был опубликован его первый роман-«Жазирамадаги одамлар» («Люди, которые под жарой»). В 2009 году был опубликован роман «Темирйул» (Железная дорога»). Также автором написано около десяти повестей и много рассказов. Автор является членом Союза Писателей Узбекистана.

_______________________________________________________________________________________________________

Бир томчи ёш

Қисса

(парча)

 Умид- ерда ётган полапон

Расул Жумаев

Бу гал ҳам қарз ундира олмади. Шаҳарнинг қоқ киндигидаги гавжум бозорда  дукон очиб, олди-сотдига кўнгил қўйиб анчагина бойиб қолган, талабалик таъмини бирга тотган дўсти Ўктам ҳам мижғовланиб бир дунё баҳонани қалаштириб ташлади. Шу кунларда кичик корхона очиш ташвишида юрганини, харажат устига харажат жабрини чекаётганини, тағин тўрт-беш таниш-билиш олти ойча бурун бир ҳафта ичида қайтаришга қасамлар ичиб анчагина қарз олишганини,лекин ҳали-ҳануз қайтармай куйдириб юрганини айта-айта ҳасрат қилди. Яъниким, игна-ип тиланганнинг қаршисига йиртиқ иштон билан чиқди.

Бахтиёр қарз ундира олмаганидан ҳам кўра дўстининг нигоҳларидаги ифодадан хафа бўлиб кетди. Бу қарашларда истеҳзо, масхара қалқиб турарди. Ўл, бу кунингдан, деган маъно, дўсти ҳарчанд яшришга уринса-да, қорачиғлар туб-тубида йилтиллаб кўринарди. Ҳар ҳолда Бахтиёрга шундай туюлди.

У увишган бармоқдай бўшашиб кўчага чиқаркан томоғига тиқилган хўрликни аранг ичига ютди.

Энди нима қилади? Унга раҳми келиб, сафарга бирга олиб кетишга  кўнган ҳалиги бригадирга энди нима дейди? Йўл кира тополмадим дейдими сўнариб? Қариндошлардан ҳам барибир наф йўқ. Ё нариги маҳалладаги судхўрдан қарз кўтарсамикан? Бироз таниш-билишлиги бор, балки қарз фоизини арзонроқ қилиб берар?

Бахтиёр гўё қаён юришини билмагандек бўм-бўш чўнтакларида қўлларини мушт қилиб туккан кўйи кўча бошида ивирсиб туриб қолди.Сўнг сал наридаги таналари қуруқшаб, буришиб кетган қари тутга беҳол суянди.

Чор-атрофдан баҳор нафаси уфурарди. Ям-яшил япроқларга бурканган дов-дарахтлар енгил эпкиндан оҳиста чайқалиб турарди. Кўча бўйлаб узалиб кетган бетон ариқ лаблари ҳам ранго-ранг чечаклар,ўт-ўланлар билан қопланган.

У беихтиёр ўзи униб-ўсган Арпасой адирларини эслади.Қўй-қўзилар ортидан бўйинсалари билан чопқиллашиб юришлари кўз ўнгидан лип-лип ўтди. Юрагида силқиб турган хўрликка соғинч ҳислари ҳам қўшилиб кўзлари намланди.

Бепоён кенгликлар, юлдузли, соҳир кечалар, гоҳо қайғу, гоҳо қувонч қалққан қиёфалар, бир сўз билан айтганда, теварагида товланиб турган тириклик ўша кезлар Бахтиёрда ғалати туйғулар қўзғарди, кўнгли баъзан маъюс тортиб, баъзан шодликдан тўлқинланар эди. Кўзи кўриб, кўнгли сезган барча-барча манзараларни қоғозларда тасвирлагиси келарди. Яъниким, мусаввирликка ишқи тушмиш эди. У синфхонадан ўғрилаб чиққан бўр бўлаги билан қир этагидаги харсангтошга ҳар хил нарсаларнинг расмини чизиб ташлар, теварагига таппидай тизилган тенг-тўшлари тек қотиб унинг қўл ҳаракатларини ҳавасманд кузатишар, аҳён-аҳён қойил қолганнамо бош чайқаб, расм роппа-роса аслига ўхшаганини эътироф этишар эди. Кўп ўтмай Бахтиёрнинг иқтдори мактаб бўйича тан олинди. Ҳар байрам арафасида муаллимлар деворий газеталарини безаб беришни ундан ўтиниб сўрайдиган бўлиб қолишди. Мактаб энди-энди битай деб турган ажойиб кунларнинг бирида  соч-соқоллари ўсиқ, кулранг кепкасини бошига бостириб кийган Георгий исмли рассом қишлоқ биқинидаги тевараги юлғунзор, қамишзор зовур бўйида пайдо бўлиб қолди. У рассомчилик ашқол-дашқолларини олдига ёйиб, арзон нав сигаретини тутатган кўйи кенгликлар узра шом қуйилишини соатлаб томоша қилиб ўтирар, аҳён-аҳён  қаршисидаги мольбертига алланималарнидир чизгилаб қўяр эди.

Бахтиёрнинг отаси унинг олдига иккита ароқ, бир тоғора қовурдоқ кўтариб борди. Ўғлининг қоғозга туширган расмларини кўрсатди. Ўғлингиз бўладиган бола, унда даҳолик аломатлари бор, деди Георгий  бўшаган шишаларга қўшилиб ўзлари ҳам юмалаб қолишган бир пайтда. Кетар чоғи пойтахтлик рассом ўзининг телефони рақамларини берди, мактабни битиргач, мени топсин, деди.

Аммо тақдир йўлланмаси бошқача экан. Амакиларидан бири Бахтиёрни қўярда-қўймай вилоят марказидаги муҳандислар тайёрловчи институтга етаклаб борди. Зўр ошноларим бор, сени ўқишга киритиб қўйишади, деди. Лекин Бахтиёр йиқилди. Талаба бўла олмади. Ва ўша куз ҳарбий хизматга чақирилди. Одатда аскарликдан йигитлар чиниқиб, қотайиб, қайралган қиличдай чатнаб қайтишади.  Бахтиёр эса касалманд аҳволда қишлоғига кириб келди. У хизмат қилган қурилиш батальони заводларнинг биридан заҳарли чиқитларни вагонларга юклаш билан шуғулланарди. Бахтиёр дам сайин ўзини беҳол сезар,аҳён-аҳён боши айланиб, кўзи тиниб йиқилиб қолар эди. Хизмат тугаш арафасида аскарларни кўрикдан ўтказган врач ана шу чиқитлар касофатидан Бахтиёрнинг юрагида иллат пайдо бўлганини таъкидлади. Сенга  қайғуриш, қаттиқ ҳаяжонланиш мумкин эмас, деди у бир дунё дори-дармонлар рўйхатини қўлига тутқазар экан. Врачнинг ўша огоҳлантиришларини Бахтиёр кейинчалик эслар экан, гоҳ кулгиси қистар, гоҳ энсаси қотар эди. Ахир бу дунёда  ҳаяжонсиз, қайғусиз яшаб бўларканми?

Ҳарбийликдан келтирилган йўлланма шарофатидан Бахтиёр ўша муҳандислар тайёрловчи институт талабаси бўлди.

“Қуруқ чизиш-мизиш билан бундан буён тиркчилик қилиб бўлмайди,-дея яна пешгирлик қилди ўша амакиси,- келажакда нон топиб бера оладиган касбнинг этагидан тутган маъқул. Жуда чизгинг келса, инженер бўлиб ҳам бўёқ-мўёғинг билан шуғулланиб юраверасан.”

Аввал бошида амакисининг насиҳатлари Бахтиёрга ҳам жўяли туюлди, кейинчалик эса хато қилганини англади. Мусаввирлик санъатининг сеҳри йигитни бетиним ўзига чорларди. Бахтиёр ижара уйини кичик бир устахонага айлантирди. Ўқишлар ўлда-жўлда қолди. Гоҳ у, гоҳ бу домланинг кўнглини топиб курсдан курсга ўтиб юрди. Аммо чизганлари ҳам тузук баҳоланмади. Тўғрироғи, вилоят миқёсида унинг ишларини тушуниб, муносиб қадрлайдиган одам топилмади. Пойтахтга қатнаб асарларини муҳокама қилдиришга унда на пул, на фурсат бор эди. Шу орада узоқ бир қариндошларидан бирининг қизига уйланди. Ўз-ўзидан бўйнига олахуржун осилиб рўзғор билан андармон бўлди-қолди. Амал-тақал эришилган мутахассислиги бўйича иш сўраб бир-икки идорага бош суқдию, аммо ҳафсаласи пир бўлди. Иш йўқ. Димоғдор бошлиқлар олдида ҳар эгилган чоғи чўнтагидаги дипломининг қаттиқ қирралари кўксига ботиб-ботиб кетгани қолди, халос. Шу орада ҳарбийликдан орттирган касали яна бир бор енгил хуруж қилиб ўтди. Уч-тўрт кун даволанган бўлди. Ниҳоят, Арпасойнинг латланган қовунидай бўшашиб юрган шундай кунларнинг бирида омади чопиб қолди. Ўшанда лўлилар маҳалласига яқин жойда, бефайз, арзон ошхонада илимиқ шўрва ичиб ўтирарди. Ўзидан андак наридаги, афтларидан қурувчи усталарга ўхшаш хўрандалар диққатини тортди.

“Хўжайин ҳақимизни бермаяпти”,- деди улардан бири нон бўлагини оғзига соларкан.

Шериги унга тажжубланиб кўз ташлади.

“Нега, уйини бош-адоқ қуриб бердиларинг-ку?”

“Беш хонага ҳам гул чизиб чиқишимиз керак экан.”

“Ичимизда рассомимиз йўқ демадингми?”

“Бригадада  ҳамма мутахассисликдан одам бўлиши шарт эмиш.”

Бахтиёрнинг қулоғи динг қотди. Ҳатто, шундоққина қаншарига келиб қўнган ноёб тур капалакни чўчитиб юборишдан қўрққандек бир нафас дамини ичига ютиб ўтирди. Сўнг секин уларнинг ёнига ўтди, ўзини таништириб бехос уларнинг гапига қулоқ солгани учун узр сўради…

…Бироздан сўнг довдираниб-ғудраниб ёнларида  ўтирган, қорамағиз, сочлари ҳурпайган, озғин йигит рассом эканлигини билиб қурувчилар аввалига ажабланиб кўз уриштиришди, сўнг баббаравар илжайишди.

Ўшанда қурувчилар эмас,аслида тақдир табассум қилган экан. Бахтиёр ўз ишини топиб олди. Қурувчилар тўпидан рассом мақомида жой олиб не бир уйларнинг деворига манзаралар, нақшлар чизиш билан шуғулланди. Нозик дид, бетизгин хаёлот маҳсули бўлган чизмалар қараганни бир зум ўзига сеҳрлаб қўярди. Бахтиёр ён-атрофга тез танилди.Унга уйини безатишни истаганлар навбат талашиб қоладиган бўлишди.

“Сенинг истеъдодингни илгари ҳеч тан олмагандим,-деди ўша раҳнамо амакиси, кунлардан бир куни Бахтиёр унинг янги қурган иморатига чизиб берган нақшларга маҳлиё тикиларкан,-ана энди ҳунарингга беш кетиб ўтирибман, ука. Аввал бошидаёқ сени Тошкентга олиб бормаганимдан афсусдаман. Сенинг жойинг пойтахтда, ука. Ҳа, майли, ҳечдан кўра кеч деган ўрисларнинг мақоли бор. Энди Тошкентга борасан. Энг зўр рассомлар билан танишиб ака-ука киришасан. Ўша ёқда ишлайсан. Мен ўзим сенга ёрдам бераман. Кетишга тараддуд кўравер…”

Бахтиёр амакисининг меҳрибончиликларига илжайибгина қўйди. Унинг энди Тошкентга боргиси йўқ эди. Тўғрироғи, бу ердаги ишини, тузуккина тушумни, иззат-обрўсини кўзи қиймади. Ахир пойтахтга борса ҳаммасини нўлдан бошлаши керак. Э-ҳе-е, катта мусаввирлар даврасига кириб олгунча яна қанча тер тўкиши керак. Айни пайтда Бахтиёрнинг бунга тобу тоқати йўқ эди. Ахир бу ерда пул топаяпти, пул!  Ҳам отасининг рўзғорини, ҳам ўзини боқаяпти. ҳийлагина хароб бўлса-да, вилоят марказидан кичкинагина ҳовли сотиб олди. Ўзи ҳам анчагина тўлишиб қолди. Эски касали тузалиб кетгандай бўлди.

“Сиз юрак хасталиги бўйича ҳисобимизда турасиз, тез-тез бизнинг кўригимиздан ўтиб туринг”, – дея зорланган маҳалла врачининг гапларига қулоқ солмай қўйди. Ҳатто баъзи бир бойвачча буюртмачилар ишдан сўнг берадиган зиёфатлардан гандираклаб аранг қайтадиган бўлиб қолди. Майхўрликка ўргана бошлади.

Бир гал бадавлат бир қассобнинг иморатини пойдеворидан тортиб томига довур битириб, яхшигина даромад қилган бригада шаҳарнинг овлоқ бир чойхонасига бош суқди. Тевараги қуюқ дов-дарахт билан ўралган бу гўша бир қарашда хушманзара, тоза-озода кўринса-да, аслида исқирт, қўланса исли жой экан. Қурувчилар очиқишган эди. Бошқа чойхона топишга хафсала қилишмади. Тубида беш-олти челак қорамтир сув қалқиб турган ҳовуз бўйидаги чорпояга ўтиришди.Кўп ўтмай таом изидан таомлар тортилди, бўшаган май шишалари бирин-кетин чорпоя тагига юмалай бошлади. Ҳовуз бўйини ғала-ғовур, мастона қийқириқлар, кулгулар тутди. Шом қўнар-қўнмас бошланган базм то тун ярмига довур давом этди.

Ўша куни Бахтиёрнинг таъби майга кўп тортмади. Икков ора-икков ора бўлиб, аллақандай икр-чикирлар ҳақида гаплашиб, баҳслашиб ётган даврани маъюс кузатиб ўтирарди. Ногоҳ унинг кўзи ҳовуз тубидаги кўлмакда балқиб турган юлдузларга тушди. Исқирт бир кўлмакда балқиб турган юлдузлар! Тун! Қоп-қора, мотамсаро дарахтзор! Кўрганлари Бахтиёрга сирли бир ҳикматлар сўйларди, фикратига сирли бир ишоралар қиларди. Унинг юрагида таниш, жуда таниш тўлқин кўтарилди. Лаззатли бир изтироб бутун шуурига силқиб кирди.

………

………

………