Косимова Наргис

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (2 голосов, средний бал: 4,00 из 5)

Загрузка...

Родилась  12.06.1969 г. в городе Джизаке Джизакской области Республики Узбекистан. В 1992 году окончила Московский государственный университет факультет журналистики, в 1996 году защитила кандидатскую диссертацию «Освещение проблем экономической интеграции Республики Узбекистан в мировое сообщество в республиканских СМИ», кандидат филологических наук, доцент. В 2009 году окончила факультет философии Национального университета Узбекистана. В настоящее время работаю главным редактором газеты «Садо» Национальной телерадиокомпании Узбекистана, а также заместителем декана по практике  факультета международной журналистики Узбекского государственного университета мировых языков. Неоднократный победитель различных конкурсов среди журналистов, в том числе и   республиканского конкурса художественного перевода произведений с узбекского языка на русский, организованный Союзом писателей Узбекистана и  Представительством Росзарубежцентра в РУз.

_______________________________________________________________________________________________________

ҚАҲРАБО ПАРЧАСИ

(ҳикоя)

 

Нилуфар бехосдан уйғониб, қаердалигини анча вақт тушунмай, бир муддат турли хил рангларда товланаётган шифтга тикилиб ётди. Кеча нима бўлганлигини эслашга ҳарчанд уринмасин тарқоқ, икки мусбат заряд сингари бир-биридан қарама-қарши томонга қочаётган фикрларини жамлай олмади. Олис-олисдан бундан 7 йил илгари ажрашиб кетган турмуш ўртоғининг истеҳзо билан тиржайган башараси кўриниб, «менсиз бир ўзинг яшаб кўр-чи, кўраман, ҳолинг нима кечар экан. Тиланчилик қиласан, икки бо­ланг этагингга ёпишиб, чанг кечиб юрасанлар ҳали», деган сўзлари яна бир бор жа­ранглагандай бўлди. Нилуфар бошини қимирлатиб, тиржайган башарани кўз олдидан ҳайдади. 8 йил турмуши давомида ҳақорат-у, деярли калтакдан бошқа нарсани кўрмай, ажрашиб, эндигина тинч яшаётганида бот-бот уни таъқиб этаётган эрининг хунук тир­жайган башараси баъзида унут бўлаётган хотираларини яна эсга солар, шундай пайтларда аёл Худодан фақатгина ўша қора кунларни ёдига солмасликни сўрар эди. Башара узоқлашиб,  қора парда ичида ғойиб бўлди, аммо танасидаги ҳорғинлик, бошининг лўққил­лаб оғриши юмган кўзларини яна қайта очишга мажбур этди. Ташқаридан эши­ти­ла­ётган шовқин Нилуфарни сергаклантирди. Худди денгизнинг шовуллашига ўхшайди-я? Бу ерда денгиз нима ҳам қиларди? Нилуфар яна ухлашга ҳаракат қилди. Бу ҳаммаси қу­лоғининг орқасида пайдо бўлган шишдан. Кечаси-ю, кундузи азоб бериб, эндигина изга тушаётган ширин ҳаётига заҳар солди. Бошидаги ланъати оғриқ пайдо бўлганидан буён бошлаган бирор бир ишини охирига етказа олмайди. Эрталаблари худди кечаси билан кетмон чопган одамга ўхшаб  чарчаб, жиққа терга ботиб уйғонади.

Нилуфар секин ўрнидан туриб ёнидаги каравотда ётган ўғлининг устини ёпиб қўйди. Эндигина 8 ёшга тўлган ўғилчаси совқотиб ғужанак бўлиб олибди. Бошқа каравотда ётган қизига термулар экан, бошида пайдо бўлган оғриқ билан кўнглида пайдо бўлган хавотир янада кучайди. Унга бирор кори ҳол бўлса, ҳали бу шафқатсиз ҳаёт остонасига қадам қўймаган норасидаларнинг аҳволи нима кечади? Ёлғиз ўзи ялаб-юлқаб, катта қи­лаётган фарзандларининг отаси йўқлиги учун учта ишда ишлайди. Бировдан кам бўлмасин, ўксимасин, деб истаган нарсаларини олиб беришга ҳаракат қилади. Шунча елиб, югур­ганига яраша Худойим унга яна озгина умр, бахт берса нима қиларди-я?!

Нилуфар ўз ўрнига чўзилар экан, боя қулоғига чалинган шовқин яна такрорланди.  Қизиқиб, дераза пардасини четга сурди. Во, ажабо! Ой нурига чўмган борлиқда бепоён денгиз ястаниб ётар,  кетма-кет ўрмалаб келаётган тўлқинлар қирғоқдаги тошларга урилиб, уларнинг устида қолаётган оқ кўпик бир дақиқадан сўнг жимирлаб сўнарди..

Нилуфар туш кўраяпман шекилли деб ўйлаб, аста ўзини чим­чилаб кўрди. Йўқ, бу туш эмас эди. Демак, ақлдан озаяпти. Ахир у шаҳар чеккасидаги 4 қаватли уйда яшайди. Ке­ча кеч­қу­рун ишдан қайтаётганида ахлатга тўлган кичкина ариғ-у, кўп қаватли уйлар олдида савлат тўкиб турган азим қайра­ғоч­ларнинг тагидаги оёқлари қийшайиб, ёғочлари чириган ўрин­диқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бу денгиз қаёқдан пайдо бўл­ди? Доимо денгиз қирғоғида ўзининг катта уйи бўлишини ор­зу қиларди. Наҳотки, орзуси қисман бўлса-да, рўёбга чиққан бўлса?!

Пишиллаб ухлаб ётган фарзандларини уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида юриб, илгакда турган чарм курт­касини тунги кўйлагининг устидан елкасига ташлади-да, аста ташқарига чиқди. Ташқарида ҳақиқатдан ҳам денгиз мавжланарди. Оёғидаги калишини ечиб, сув ювган илиқ қумга қадам босган Нилуфар ҳамма нарсани бир зумда унутди. Аччиқ ҳаётининг битмас-туганмас ташвишлари, соғлиғининг ёмонлашгани барчаси унут бўлди. У бақириб кулгиси, ашула айтгиси,  яланг оёқларини юваётган тўлқинлар ичида ёш қизалоқлардай югургиси келарди. Соҳил бўйлаб кетар экан, ой нурида ялтираган алланарса диққатини тортди. Эн­гашиб уни қўлига олди. Қаҳрабо парчаси экан. Болалигида раҳматли бувиси ўз сев­ги­сига етиша олмаган гўзал қизнинг сув парисига айланиб, бир умр қирғоқда қолган сев­гилиси ишқида кўз ёш тўкканлиги ҳақида эртак айтиб берганди. Сув парисининг кўз ёшлари қаҳрабога айланар, тўлқинлар эса уларни қирғоққа чиқариб ташлар экан. Бир куни қаҳрабо парчасини топиб олган йигит заргарга олиб бориб ундан узукка кўз ясатибди. Ҳар доим узукка қараса, қаҳрабода севгилисининг аксини кўрар экан…

Нилуфар кафтидаги қаҳрабо парчаси ой нурида гоҳ оч сариқ, гоҳ қизғиш рангда тов­ланишини томоша қилар экан, бувисини, бузилган турмушини эслаб оғир хўрсинди. Қаҳрабони авайлаб кўйлагининг этагига артиб, курткасининг чўнтагига солиб қўйди. Оёқларига келиб урилган янги тўлқин, аёлни чўчитиб юборди. Ахир фарзандлари уйда ёлғиз қолишди-ку, уйғониб қолишса, қўрқиб, йиғлашса-я? Нилуфар калишини қидириб орқага югурар экан, ҳозиргина ўзи чиққан уйини топа олмай хуноби ошди. Калиши қол­дирган жойда ётар, аммо кўп қаватли уйлар, ўзининг мавзеси йўқолган эди. Уларнинг ўрнида болалиги ўтган, томи тунука билан қопланган уйи қад кўтариб турарди. Дадаси вафот этганидан буён ёқилмайдиган чироқ унинг хонасини ёритиб турганини кўриб, ҳов­ли томон шошилди. Дарвоза очиқ, зинада мудраб ётган кучуги уни таниб, думини ли­киллатганича оёқларига суркалди.

– Олапар, Олапаргинам… ўзингмисан?

Нилуфар кучугини эркалаб, совуқ бурнидан ўпиб қўйди. Отасининг вафотидан сўнг ёлғиз укаси хотинининг «талаби» билан ҳовлини иккига бўлиб, ўртадан девор урган, 75 ёш­га кириб, келин олиб қўлидан бир пиёла ҳам чой ичмаган онаси ва синглисидан айри бўлиб олган эди. Ўзи-чи, ўзи? Бошқа шаҳарда насибасини териб юрибди. Онаси ва синг­лисидан фақатгина телефон орқали хабар олади. Ҳозир эса… ўша машъум девор йўқ, ҳаммаси отаси ҳаёт пайтидагидек. Нилуфар атрофга боқиб ҳар доим  тунда қулф­ла­на­диган даҳлиз эшигини тортди. Очиқ экан. Дадасининг хонасига кирар экан, шифтгача китоб терилган жавонлар, дераза ёнидаги ёзув столи олдида ўтирган дадасини кўриб қотиб қолди. Бирданига соғинчдан, бошига тушган қийинчиликлардан ўпкаси тўлиб, кўзлари намланди.

– Нега ёлғиз келдинг, болаларинг қани?

Дадаси қўлидаги ручкани қоғоз устига қўйиб, Нилуфарга қайрилиб қаради.

– Ассалому-алайкум, дада… Сиз…

– Болаларингни ёнига қайт. Уларни ёлғиз қолдирма, кейинроқ гаплашамиз. Ҳали бунинг вақти эмас, пайти келганда ўзим сени олиб кетаман.

Дадаси яна қоғоз устига энгашиб алланималарнидир ёзишга тутинди.

– Дада..

– Бора қол… Кейин гаплашамиз, мени бу уйда анча ишим бор экан, қайтмасам бўлмади…

Нилуфар қуйилиб келган кўз ёшини енги билан артар экан, қўлини туширганида қоп-қора подъездда, хонадонининг эшиги олдида турганини кўрди. Аста эшикни очиб уйга кирди. Ҳаммаёқ сув қуйгандай жим-жит. Болалари ҳамон ухлашарди. Сукунатни фақатгина ошхона деворига осилган соатнинг чиқиллаши бузарди. Устидаги курткасини ечиб, аллақачон совуган жойига чўзилар экан, хўрсиниб кўзини юмди.

–Э, худо, болалар, тез туринглар, соат 7.30 бўлибди. Мактабга кечикасизлар.

Нилуфар болаларини гап билан шоширар экан, уларга нонушта тайёрлаб, шу орада ўғлини кийинтиришга, қизало­ғи­нинг сочини ўриб қўйишга ҳам улгурди. Кечга бориб секин­лаш­ган вақт аксига олиб эрталаб югуриб кетади. Соат 9.00 да университетда ўзининг дарси бошланади. Бир соат олдин уйдан чиқмаса, улгурмайди. Фарзандларини кузатиб, хонтахта устида сочилиб ётган маъруза матнларини сумкасига солди. Тезда кийиниб, со­чини таради. Сумкани елкасига илиб, аксига олиб доимо шошилганида йўқолиб қо­ла­­диган калитини қидира бошлади. Курткасининг чўнтакларини титар экан, ниҳоят калитни топди. Шода калитларни олиши билан, улар орасидан нимадир ерга тушиб кетди. Эшикни қулфлаб, тушган танга бўлса керак, дея энгашганича қотиб қолди. Нилуфарнинг оёқлари остида тунда соҳил бўйидан топган қаҳрабо парчаси ётарди…