Рахим Каримов

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (7 голосов, средний бал: 5,00 из 5)
Загрузка... Поэт, писатель, переводчик. Окончил Московский Литературный институт им. А.М.Горького (1986 г., семинар Е.Исаева и В. Милькова). Официальный представитель  Международной Федерации русскоязычных писателей (Лондон-Будапешт) в Кыргызстане, член Национального Союза Писателей, Союза журналистов Кыргызской Республики. Лауреат республиканской литературной премии им. Молдо Нияза. Автор “Национального бестселлера” “Камила”.  Лауреат второй степени  Open Central Asia Book Forum & Literature Festival 2012 в номинации “Литературное произведение”. ____________________________________________________________________________________________________ «Лаъли Бадахшон» Повесть (отрывок) («Қурбон ўлам…») Қисса Биринчи боб   Давлатшонинг ота-боболари помирлик тожиклардан. Бобоси Ҳуррамшо Ўшга кўчиб келиб ўзбек қизига уйланган. Отаси Музробшо эса қирғизларга куёв бўлган. Уларнинг бора-бора қони аралашиб кетган. Она тилини Давлатшо тугул отаси Музробшо ҳам дурустроқ билмас эди. Қаҳрамонимиз Бишкек Миллий университетини тамомлаган. Муҳарририятда ишларди. Тақдир насиб экан. Замонлар ўзгариб, қисқа вақт ичида оддий рўзнома мухбирлигидан нуфузли хорижий ахборот агентлигининг даракчиси бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди. Хизмат юзасиданми, балки йигитни Бадахшон томонларга ота-боболарининг руҳи чорлаган бўлса, ажаб эмас. Хуллас, Давлатшо кунлардан бир кун қай замонлар қавм-қариндошларининг ватани бўлган узоқдан-узоқ жойларга бориб келишни хаёлига ҳам келтирмаган… Қисмат ҳеч кимдан, ҳеч нимани сўраб ўтирмас экан. Хоҳлаган нарсасига, истаган пайтида рўбарў қилиб қўявераркан, кишини… Қиш кунларидан бирида унга қўшни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида истиқомат қилувчи биродарлари ҳаётидан ҳикоя қилувчи мақола тайёрлаш вазифаси топширилган эди… Одамлардан сўраб-суриштириб темир йўл бекатига келди. Помирга қатновчи юк машиналари турган жой. Бир-икки ҳайдовчи билан суҳбатлашди. Бу ерда улар озиқ-овқат ортилган вагонларнинг келишини кутиб, бўм-бўш турган эканлар. Мана, бир неча йилдирки, Огахон исмли эронлик бадавлат бир одам томонидан юборилаётган инсонпарварлик ёрдами келиб турибди. Мой, ун, шакар каби маҳсулотлар Ўш орқали Тоғли Бадахшонга олиб бориларкан. Бу ерда азал-азаллардан номи юқорида қайд қилинган мухтор вилоятнинг махсус омборлари мавжуд. Ўшликлар бу ерни «Тожик база» деб ҳам қўйишади. Азал-азаллардан Тоғли Бадахшонга Тожикистон орқали юк ташиш мураккаб бўлганлиги сабабли бу муаммо вилоятимиз орқали ҳал қилиб келинган…   * * * Давлатшо икки кун йўловчи машина кутди. Юк ортиб олганлари мижозлар билан банд экан. Шу боис яна уч-тўрт кун кутишга тўғри келди. Ниҳоят йўлга чиқадиган кун ҳам яқинлашди. Буни қарангки, ҳар бир машинанинг ўз «шериги», «ҳамроҳи» бўларкан. Бири сафарга шай бўлмаса, иккинчиси ҳам йўлга чиқмас экан. Қолаверса, улар ярим тунда — йўлда машиналар сони сепсилган маҳалда, беш-ўнтаси саф тортиб сафарга отланарканлар. Оғир йўл-да. Бир-бирига кўмаклашиб кетишмаса бўлмайди. Темир йўл бўйида эса уларнинг мўъжазгина бекати, келиб-кетишганида ётиб-турадиган қўналғаси ҳам бор…   * * * Ўша куни ўчашгандай чироқ ўчиб қолганди. Қоронғуда йўлга отланиб турган «ЗИЛ» ларнинг чироқлари ёрдамида ўзи келишиб қўйган ҳайдовчини аранг топди. Барзанги, соқол-мўйлаблари ҳаддан зиёд ўсиб кетган, ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамасидаги бу киши Давлатшони кўриб, кўришгани қўл узатди. У рус тилини анчагина бузиб гапирарди. Ёнида – «шериги». Улар тамаки тутатиб турардилар. — Ассалому-алайкум! — Ва алайкум ассалом! — Ҳорманглар! Йўлга шаймисизлар? — Биз тайёрмиз, ўзлари-чи, ўзлари,— дея йигитлар Давлатшониниг уст-бошига бошдан оёқ разм солиб, бир-бирларига қараб жилмайиб ҳам қўйишди. Давлатшонинг ташқи кўриниши чиндан-да кулгули эди. Унинг бир парчагина яланг юзидан бўлак ҳеч жойи кўринмасди. Оёғида пийма. Ичидан қават-қават иссиқ кийим кийиб олган. «Нима бало, бу одам Арктикага кетяптими» деган хаёлга бориши турган гап, четдан қараган киши. Бахтига, чор атроф зим-зиё. Осмондан эса паға-паға лайлак қор ёғади…Кабина эшиги ланг очиқ… Овоз нигордан ёқимли куй таралади… Фузулий ғазали билан айтиладиган «Қурбон ўлам…» ашуласи янграйди…   * * *   Давлатшо кабинага чиққанида, ўртада ёшгина бир қиз ўтирарди. У шаҳардаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган талаба экан. Эгнида биргина кофта билан қайиш нимча. Ҳайдовчи йигитнинг ҳам усти юпунгина: бир чит кўйлак билан пахтали куртка кийиб олган, холос. Давлатшо ҳамроҳларига боқиб, уларнинг сира ҳам совқотмаётганлигига ҳайрон. Давлатшо каттакон термизга дамлаб олган чойини оёғи остига жойлаб, тиззаларига ўзи билан олиб келган Хитой жун адёлини ёпиб олди. Совуқ қотишни биз, ўшликларга чиқарган экан, Худойим-ей, дея ўйлар эди, ичида у. Манави ёшгина қиз, анави акани қаранг, бирор марта жунжукиб ҳам қўйишмади-я. Улар болалигидан тоғу тошларда совуқ еб катта бўлишган, чамаси»…   * * * Ҳаммаёқ оппоқ қор. Машинанинг пешчироқлари ўчириб қўйилса-да, гўё кенг-кавир йўл оппоқ-ойдин кўриниб тураверадигандай. Худди асфалтга оппоқ гилам тўшаб қўйилганга ўхшайди. Бу мусаффолик шунчалар узун ва равонки, юк машинаси ғилдираклари бу — кўзларни қамаштирувчи бепоён поклик узра айланаверади, айланаверади… Кабинада эса ҳамон «Қурбон ўлам…» қўшиғи янграйди… Анча юргач, чап ёнимизда «шерик» машина пайдо бўлди… Расми шундай экан. Гоҳ униси, гоҳ буниси олдига чиқиб тураркан. Шу тариқа улар бир-бирларининг ҳеч қандай муаммосиз, эсон-омон келаётганидан бохабар бўлиб келарканлар… Лекин бу оқлик қаҳрамонимизни ҳали олдинда кутаётган ниҳоятда улкан, бепоён оқликдан «Хамир учидан патири» эди. Бироқ Давлатшо бундан мутлақо бехабар… — Паспорт, виза, рухсатномаларни уйда қолдириб қўймаган бўлсангизлар керак, ҳар ҳолда, — деди машина чамбарагини осонгина бошқариб бораётган ҳайдовчи. -Ҳадемай биринчи постга етиб келамиз. Ҳужжатлар, шахсий буюмлар текширилади. Давлатшо кастимининг ички чўнтаги жойлашган ерини кафти билан ушлаб қўйиб, кўнгли яна бир бор таскин топгандай бўлди. У «Паспорт столи» да икки-уч кун елиб-югуриб бир амаллаб рухсатнома тўғрилаганини эслади…   * * * Машина ортига қарамай кетаверади, кетаверади. У «шериги» билан қувламачоқ ўйнаётгандай, гоҳ олдинга чиқиб олади, гоҳ ортда қолиб кетади. Улар Даровутқўрғонга кириб келишаётганида ғира-шира бўлай деб қолган эди. Нариги машинада шу ерлик бир йўловчи бор экан… Юк-тақини тушириб беришди… Бироздан сўнг улар яна йўлга тушдилар. Давлатшонинг кўз ўнгида гўё дунё аста-секин янада оқаришиб бораётгандай эди… Рўзаи рамазон ойи кириб қолган. Йигитнинг кўз олдига алланечук ифтор чоғлари гузарларда сотиладиган нишолда келарди. Ҳа, тонг отган сайин ҳалиги оқлик оқаргандан оқариб. кўзларни оғриб кетгудай даражада қамаштирарди…   Анчадан сўнг машина беш-ўн дақиқага йўл четига тўхтади. Қоринлар очган. Давлатшо онаси ёпиб берган кулчалар, шиша банкадаги «қовурдоқ» нинг елим қопқоғини очиб, қайнатилган тухумларни олиб, ўртага дастурхон ёзди. Қиз, ҳайдовчи ҳам йўлга «ғам» лаб олган у-бу егуликларини қўйишди. Ҳайдовчи латта халтадан бир нечта пиёз ҳам чиқариб қўйди. Рамиз йўл-қуйин чилон, жийда, қоқи еб келди. Ҳа, айтгандай, биз ҳайдовчини ташинтиришни унутибмиз. Унинг йўл бўйи оғзи тинмади, ўзиям, Давлатшонинг эса ҳадеб кўнгли айнир эди. Қиз бўлса пинагини ҳам бузмай келаяпти. У узоқ йўлга шунақа ўрганган эканки, унга боқиб ёқангни ушлайсан… — Олинглар, пиёзга қўшиб енглар. Кўпроқ пиёз, саримсоқ ейиш керак, — дея такрорларди ҳадеб ҳайдовчи. -Ҳадемай «тутак» бошланади. Фойдаси бор…   * * * Машина бир маромда кетиб боради. «Шериги» боягидек гоҳ олдинда пайдо бўлиб, гоҳ кўздан умуман ғойиб бўлиб қолади. Йўл юрган сайин негадир Давлатшонинг бошидаги оғриқ кучайгандан кучайиб борарди. Улар тинмай йўл юрардилар, йўл юрса ҳам мўл юрардилар. Бу ерлар унчалик совуқ эмас эди. Кун чиқиб турарди. Шунданми, кабина ичи бироз илиб қолган. Тушга яқин улар Саритошга етиб келдилар. Йўл бўйидаги бир бинога келиб тўхташди. Бу ерда бир оила истқомат қиларкан. Уйини ошхона қилиб олибдилар. Уч-тўрт хил пишган овқат бор экан. Ярим косадан қайнатма шўрва ичишди. Қимиз беришди. Бўғирсоқ ейишди. Давлатшонинг иштаҳаси йўқ эди. Боши ҳали-ҳануз қаттиқ оғрирди. Яхшиям ўзи билан беш-олти хил дори-дармон олиб олган экан. Бир дона «Аналгин» ичиб олди. Лекин кор қилмади. Бош оғриғи ҳадеганда босилмасди. Бу ҳам етмагандай, нафас олиши тобора қийинлашиб борарди… Боиси — машина йўл юрган сайин аста-секин юқорига кўтарилиб бораётганди. Улар Оқбўсағадан эсон-омон ўтиб олишди. Айтишларича, «Тутак» нинг авжи шу ердан бошланаркан. Оқбўсаға ўз оти билан оп-поқ эди. Биронта ҳам қора шарпа кўринмасди. Ҳаммаёқ қорга бурканган. Аста-секин кеч кириб борарди. Кечки совуқнинг бошлангани кабина ичида ҳам сезила бошлади. Давлатшо яна адёл билан оёқларини ўраб олди. Бўйнида жун бўйинбоғ. Бошида эса иссиқ бош кийим…   * * * Тунги ўн-ўн бирлар чамасида «ЗИЛ» бир ҳовлига етиб келди. Атроф шунчалар совуқ эдики, ҳароратнинг ниҳоятда пастлигидан ҳаттоки оёқ-қўлинг жунбушга келмайди. Жойларнинг номи ҳам ниҳоятда кўп экан. Бири — биридан қизиқ ва хилма-хил. Бир-икки марта борган одам, уларни эслаб қолиши ҳам амри маҳол. Биз ҳам уларни баъзан чалкаштириб юбораётган бўлсак, авфу этасиз. Машина ҳам азамат машина экан. Баланд тоққа чиқиб кетди, ёпирай! Пастда жой қуриб кетгандай, ҳайҳотдай уйни нақ тоғнинг устига қуришибди-я, одамлар ўзиям. Бу уй каттакон бир хонадан иборат, холос. Мана шу улкан хонада хонадон соҳибларининг ўғил-қизлари, келинлари, набиралари истиқомат қиларканлар. Ниҳоятда меҳмондўст одамлар экан. Йўловчиларни эски қадрдонларини кутиб олгандай кучоқ очиб қарши олишди. Чор атрофдан бўриларнинг увиллаши қулоққа чалинади. Электр энергияси кечки соат еттигача узатиларкан. Тун бўйи жинчироқ ёқиб чиқарканлар, ҳалиги бечоралар. Бу хонанинг чор атрофига ёйсимон айвон қилиб қўйилган. Баъзи бир жойларига одам бўйича келадиган тўсиқлар ҳам қилинган. Хонанинг шифти шунчалик катта ва баландки, ўзингни беихтиёр музейга кириб қолгандан ҳис қиласан, киши. Девори ҳам оддий уй каби тўртбурчак эмас. Аксинча, бўз уй шаклида — думалоқ… Хона пойгаги эса ердан иборат. Ўртага темир печка ўрнатиб кўйилган. Оппоқ сочли кампир келини, қизлари билан дарров картошка арчиб, гўшт билан қовуришди. Столга дастурхон ёзиб, чой қўйишди. Бу ерликлар шунчаки чой эмас, «ширчой» ичарканлар. Чойнакда сут қайнатиб. устига сариёғ солиб бериларкан. Давлатшо ундан иссиқ-иссиқ бир ҳўплам-икки ҳўплам ичиб, бироз ўзига келгандай бўлди. Спорт сумкасидан дастурхонга у-бу нарса олиб кўйди. Улар билан хонадон соҳиби мўйсафид чол — Искандар ота ва унинг тўнғич ўғли — Олимбек ўтирар эди… — Йўл бўлсин, меҳмон, — деди ота Давлотшога қараб. — Раҳмат, ота, — деди Давлатшо қўлини кўксига қўйиб. — Узр, сизларни бемаҳал безовта қилиб қўйдик. — Кўйсангиз-чи, ўғлим. Бизнинг ҳаётимиз шу. Бугун сизлар, эртага бошқалар… «Йўл азоби — гўра азоби», болам. Эшигимиз сиз каби мусофирлар учун доимо очиқ… — Раҳмат, ташаккур, ота… — Бу менинг тўнғич ўғлим. Муаллим. Душанбе университетини тамомлаган. Мактабимизда математикадан дарс беради. Давлатшо қора кастим-шим, оқ қўйлак кийиб, бўйнига қора ҳол-ҳол бўйинтуруқ тақиб олган, қадди-басти келишган бу йигитга тикилиб, у ҳам ўзи каби шаҳардан келган йўловчи бўлса керак, деб ўйлаб ўтирган эди. Йигитнинг шу ерлик эканини эшитиб, алланечук таажжубланди. — Бу ерда мактаб борми, — сўради у таом устида. — Ҳа, деди йигит жиддий оҳангда. — Фақат бир-икки чақирим нарида. — Мактабга ҳар куни қандай бориб келасиз? — Пиёда-да. Фақат дарс бошлангунга қадар бир-икки соат олдинроқ йўлга тушишим керак. — Шу ерда яшайсизларми? — Йўқ, бу ерда дадамлар, укаларим, сингилларим истиқомат қилишади. Бизнинг ўз уйимиз бор. Бу ердан ярим чақиримча нарироқда. — Шу ерда тунаб қоласизларми?   — Йўқ, ҳозир уйга кетамиз. Ҳар куни ишдан қайтаётиб, йўл-йўлакай ота-онамдан хабар олиб ўтаман. Онам ва менинг жажжи ўғилчам қаттиқ бетоб бўлиб қолишибди. Фарзандимизни бугун шу ерда қолдириб кетамиз. — Дори-пори бердингларми? — Ҳайдовчиларга тайинлаб юборганмиз. Эрта-индин қайтишда дори-дармон олиб келиб қолишар… Беморлар икки-уч кундан буён изтироб чекиб ётган эканлар. Ҳайрият, Давлотшонинг ёнида ҳар хил дорилар бор эди. Дарров сумкасидан чиқариб, мезбонларга узатди. — Мана, олинглар, буларни зудлик билан ичириб қўйинглар. Зора, эрталабгача иситмалари тушиб қолса. — Йўқ, — деди Олимжон дориларни олмай. Ўзингиз катта йўл олдида турибсиз. Йўлда уларга сиз биздан ҳам кўра муҳтожроқ бўлиб қолишингиз мумкин. Биз ҳарқалай ўз уйимиздамиз… Йўқ, ака, ташаккур, қабул қилолмаймиз. — Хавотир олманглар, менда яна бор. Олинглар, олаверинглар. Ўғилчангиз ҳам қийналиб кетибди… Ниҳоят, Давлатшо уларни малҳамларни олишга аранг кўндирди. Қизлар дорини олиб, болага, бувисига ичирдилар… Искандар ота меҳмонларга миннатдорчилик билдирди… Давлатшо ташқарига чиқиб келмоқчи бўлиб ўрнидан турган эди, уни Олимжон эшикка кузатиб чиқди. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Совуқ гўё юз-кўзларни кесар эди. Олимжон Давлатшони ҳожатхона томонга кузатиб бораётган эди, тўсатдан меҳмоннинг оёғи тойиб кетиб, сирпаниб, «гуп» этиб ерга қулади. Ўрнидан турай деса, ҳеч туролмайди. Ҳаммаёқ ҳаддан зиёд сирпанчик, тайғоқ. Олимжон унга қўлини чўзиб, зўрға турғизиб қўйди… Ҳаммадан ҳам қайтишда ҳўл қўли билан эшик дастагини ушлаб олгани чакки бўлди-да. Бир зумда қўли унга чиппа ёпишиб қолса бўладими? Чиқариб олгунича, кўзларидан ёш оқиб кетди, бояқишнинг… Ичкарига кириб келишганида меҳмонларга қатор жой солиб қўйилган эди. Олимжон хотини, икки нафар боласи билан тунда ўзининг уйига жўнаб кетишди. Давлатшо уларнинг алламаҳалда қўрқмай болаларини етаклаб кўчага чиқиб кетишганига тан қолди. Улар навбатдаги тоғнинг устидаги уйда яшар эдилар…   * * * Меҳмонлар ғира-ширада яна йўлга отланишди. Уй эгалари саҳарликка туришганида. улар ҳам нонушта қилиб олдилар…   Яна йўлбошланди, узундан-узун, поёни йўқ йўл. Онда-сонда қорли чўққилар кўзга ташланади… Машина он сайин, дақиқа сайин баландликка кўтарилиб борарди. Давлатшо совуқ қотганидан адёлга боягидек бурканиб олган. Бош оғриғи бироз қолган. Кўзлари тўла уйқу. Бошини қаерга қўйишни билмай, гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга чайқалиб кетиб боради. Совуқ аллақачоноқ қават-қават кийимларини тешиб, қўйнига кириб олган. У бора-бора аъзои-баданини музлатиб боради. Қўл-оёқлари эса уюшиб бўлган. — Ухламай гапириб кетгин, — дейди Рамиз унга боқиб. — Акс холда мен ҳам ухлаб қоламан. Худо кўрсатмасин, чор атрофимиз жарлик-а! Буни унутма! Аллоҳ ўзи асрасин, жонимизни!…   * * * Давлатшо табиатан жуда камгап йигит. Энг кўп гапиргани — бору йўғи ўн оғизгина сўз. Шунга қарамай, уёқ-буёқдан, гоҳ ундоқ деб кўрарди, гоҳ бундоқ деб. У гапира-гапира, охири нима дейишини ҳам билмай қолди. Етмаганига йигитни уйқу ниҳоятда элитиб борарди. Бир кўнгли: «Бор-а, бўлгани бўлар» дея чуқур уйқу гирдобига шўмғиб кетгиси келса, бир кўнгли: «Йўқ, ўзингни қўлга ол, бирор фалокат юз бермасин, тағин» дерди. Бу гапларни у ичида минг бора, миллион бора қайтарди, чоғи. Лекин уйқу ҳам бўш келмас эди. Уни элитаверарди, элитаверарди… Ниҳоят довон бошланди. Машина баланд-баланд чўққилар ёнбағрида кетиб боради. «ЗИЛ» лар узоқдан худди гугурт қутисидай бўлиб кўринарди. «Бир неча соатлардан сўнг наҳотки бизлар ҳам ўша чўққига чиқсак» дея ваҳима, саросимага тушарди Давлатшо. Бепоён оқлик эса кўзларни кўр қилиб қўйгудай… Кун чиққан пайтларда атрофга қараб бўлмасди. Офтоб кабина томини шунчалар қизитиб юборганки, чидаб бўлмас даражадаги иссиқдан Давлатшо ҳаттоки бош кийимини ечиб юборган. Улар дунё томи деб аталмиш – Қизилартга яқинлашиб борар эдилар. Бирдан Давлатшонинг ранги оқариб, боши, панжаларининг учидан «муз» чиқа бошлади. У ўзини худди ток ургандай ҳис эта бошлади. Шу ерда ҳужжат текширишди. Давлатшо пастга тушолмади. Унга уч-тўрт бош пиёз едириб юборишди. Шундагина йигит бироз ўзига келгандай бўлди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Ҳа-ҳа, улар эндигина йўлнинг ярмини босиб ўтган эдилар. Ҳали олдинда қанчадан-қанча масофалар кутиб турарди…   * * * Кун тиккага келган. Машина ҳамон кетиб боради. Офтоб қизигандан қизийди. Кабина томидан бошга иссиқ тафт урилади. Давлатшо бошини қаерга яширишни билмайди. Шу кетишда худди пишиб қоладигандай… Атроф гоҳ паст-баландликлар, гоҳ кимсасиз даштлар билан ўрин алмашади. Ҳадемай кун ботиб, кечки совуқ бошланади. Йўл узоқ. Тамадди қилиб олиш учун аҳён-аҳёнда пайдо бўлиб қолаётган уйлардан бири томон юради. Бу ерда қирғиз биродарларимиз истиқомат қилардилар. Бинолар тоғ тошларидан бунёд қилинган. Томлари текис. Деворлар — деразасиз. Албатта, бу ерда эсувчи қаттиқ шамоллар уй деразаларини синдириб юбориши турган гап. Шундан бўлса керак, уйларнинг ойналари уларнинг томларига ўрнатилган. Хуллас, кўз ўнгимизда биз учун номаълум маиший шароит, ғайрибатиий турмуш тарзи, бошқача маданият намоён бўлгандай бўлди. Хонадон эгалари, уларнинг шириндан-шакар болаларининг икки юзи анордай қип-қизил… Болакайлар юпун-юпун кийиниб олиб, чана учадилар… Йўловчилар хоналардан бирига кириб яна иссиқ-иссиқ ширчой ичишди. Бўғирсоқ еб, ярим косадан қайнатма шўрва тамадди қилишди. Кун аста-секин уфққа ботиб борар эди. Ҳайдовчи, талаба қиз, Давлатшо яна «ЗИЛ» кабинасига чиқишди. Қоринлари тўқ ҳолда йўлга тушдилар. * * * Йўл-қуйин гапиравериб, Давлатшонинг оғзида оғиз қолмади. Қоронғу тушганига анча бўлган. Йигит бўшаниш учун машинани тўхтатиб пастга тушди. Чор атрофда зоғ учмайди. Изғирин юз-кўзларни шиша янглиғ кесади. Тиғдай санчилиб, чимчилайди…Увиллаган шамол нафас олгани қўймайди. Таҳорат ушатиб олгунга қадар кўзларидан ёш чиқиб кетди, бечоранинг. Қўллари тарашадай музлаб қолган. Кабинага аранг чиқиб олди… Улар тағин йўлга тушишди. Тоғлар, дўнгликлар, жарликлар, текисликлар — ҳамма-ҳаммаси қор остида. Йўл бўйида вақти-вақти билан пайдо бўлиб қоладиган назорат тугунларини ҳисобга олмаганда, бу ерларда одам боласининг ҳаёт кечириши амри маҳол… — Нима бўлди, журналист, — деди ҳайдовчи Давлатшога қараб. — Нега кайфиятинг тушиб кетди? Бўш келма! Уйланганмисан? Бола-чақанг борми? Нима мақсадда келаяпсан ўзи, бу ёқларга?! — Бадахшонликлар ҳақида мақола ёзишим керак. Яқинда уйланмоқчи эдим. Бунинг учун энди дастлаб уйимга эсон-омон қайтиб бориб олишим керак. — Ваҳима қилма! Ҳаммаси жойида бўлади. Сенинг музлаб қолишингга сира йўл қўймаймиз. Хоруғдан чиройли қиз топиб, уйлаб қўямиз, — дея «қаҳ-қаҳ» уриб кулади, ҳалиги беғам ҳайдовчи. -Бу ерларнинг об-ҳавосига аста-секин кўникиб кетасан. Бўлди, сени энди уйингга қўйиб юбормаймиз. Бир жияним бор. Ўшани сенга олиб бераман. Шу ерда яшайсан… Розимисан?.. Гапирмайсанми? Нега жимсан? Тожик қизлари жуда гўзал бўлишади… Биласанми?   * * * Давлатшони бу пайт «Қачон манзилга етиб оларканмиз» деган саволгина қийнар эди. Унинг айни пайтда тожик қизи у ёқда турсин, ҳаттоки гўзал ҳинд актрисаси Мамтага ҳам уйлангиси келмасди… Хаёлини «Қачон жоним исир экан-а?» деган савол тарк этмас эди, холос. Каттакон дашту биёбонда улардан бўлак ҳеч ким йўқ. Ҳайдовчининг «шериги» ҳам аллақачонлар кўздан ғойиб бўлган. Олдига ўтиб кетганми, ортда қолиб кетганми, буни ёлғиз Аллоҳдан бўлак ҳеч ким билмасди. Балки машинаси бузилиб, йўлда қолиб кетгандир…   Давлатшонинг яна боши оғрий бошлади. Қон босими тушибми, кўтарилиб кетганми, билмасди. Дори-дармонларини ҳам йўл-йўлакай бировларга улашиб келди. Вақт ўтган сайин бош оғриғи кучайгандан кучайиб, нафас олиши тобора оғирлашиб борарди. Унинг гўё бош қисмида бир чимдим ҳам тафт қолмагандай эди. Пешонаси, чаккаларидан муз чиқарди, холос. Боши оғриқдан «тарс» ёрилиб кетай дерди… «Йўл азоби — гўр азоби» деб айнан мана шу Ўш-Хоруғ йўли ҳақида айтишган бўлса керак. Ҳайдовчиларга раҳмат. Улар бу йўл орқали ҳар ойда уч-тўрт марта бориб келарканлар. Умрларидан барака топишсин. Бундай жасорат ҳар қандай ҳайдовчининг ҳам қўлидан келавермайди. Ҳалокатлар ҳам бўлиб турса керак? Боя жарликда бир «ЗИЛ» тиллақўнғиздек ағанаб ётган экан. Ичидагилар омон қолишдимикин?». Давлатшо шу каби ҳаёлларга чўмиб кетиб борарди. Тун ярмида машина, ниҳоят, Мурғобга кириб келди. Лекин Давлатшонинг аҳволи тобора оғирлашиб борарди… Бахтга қарши худди шу ерга келганда машинанинг бир ғилдираги ёрилиб кетса бўладими? Рамиз ҳам ўлганнинг устига тепкандай қилиб, машинасини шундоққина жар ёқасига тўхтатди. Давлатшо пастга тушиб олай деса, совуқ. Кабинада ўтираверай деса, машина шундоққина жар ёқасида турибди. Беш-олти сантиметрга сирпаниб ёки жилиб кетса, юк-тақи билан жарликка тушиб кетади. Атроф зим-зиё. Шапалоқ-шапалоқдай лайлак қор ёғади. Рамиз машина устига чиқиб брезент остидан қўшимча ғилдирагини олиб тушиб, алмаштира бошлади. Ярим соатлардан сўнг улар яна йўлга отланишди. Ҳалиги талаба қиз мурғоблик эди. Аввал уни уйига олиб бориб ташладик. Сўнг юк машиналари тўхтайдиган махсус гаражга келдик. Бу ерда уларнинг ётоқхонаси бор экан. «Шерик» машина шу ерда эди. У Мурғобга сал олдинроқ етиб келган экан. Давлатшо уни номеридан таниб қолди… Икки-уч хонадан иборат бу ётоқхонага бошдан оёқ темир каравотлар қўйилган. Темир печка атрофида бир неча ҳайдовчи исиниб ўтиради. Печкадаги ўт кўзларни куйдириб лов-лов ёнади. Чойнакда қайнаб ётган сувдан темир кружкаларга қуйиб, чой дамлаб ичишади. Илиқ хонага киргач, Давлатшонинг қулоқлари ўт бўлиб ёна бошлади. Бир кружка қайноқ чой ичиб, жони бироз илигандай бўлди… Ҳайдовчиларнинг бари бир-бири билан она тилида гаплашишарди. Йигит эса уларнинг тилини тушунмай, индамай ўтирарди…   * * * Ғира-ширада яна икковлон йўлга тушишди. Ҳамроҳ машина ҳам улар билан сафарга отланди. Улар илгаригидек бир-бирини қувалаб кетиб боришади. Кўкка офтоб чиқиб, совуқ бироз синиб қолган. Лекин бу ерларнинг об-ҳавоси ҳали-ҳануз Давлатшони илғаётган эди. Қаттиқ бош оғриғи ҳадеганда уни тарк этмасди. Кўнгли айниб, нафаси қисаверарди… Тушга яқин улар кимсасиз, бепоён даштнинг қоқ ўртасидаги тоғ тошларидан қурилган ғарибгина бир кулба ёнига келиб тўхташди. Бу ерда доимо изғирин эсиб тураркан. Кулба атрофида биронта ҳам дарахт йўқ. Аччиқ шамол дов-дарахтларни ҳам таг-томири билан йўмириб кетаркан. Экин-тикин учун ажратилган жой шип-шийдон, қуриган ёғочлар билан айлантириб ўраб қўйилган. Бу ерда бир мўйсафид чол билан эндигина бўйига етган қизи яшарди. «ЗИЛ» нинг гумбурлаган овозини эшитиб, чол ташқарига чиқди. Ортидан қизи кўринди. Улар бу ерда ота-бола ёлғиз яшардилар. Кампири ўзоқ йили қазо қилган. Бир ўғли Ўшга кўчиб кетиб, ўша ерда уйланиб, қолиб кетган… Рамиз буларни Давлатшога машина ичида гапириб берди. Йигит ҳайдовчининг ҳикоясини тинглаб ўтириб, уларга ич-ичидан раҳми келиб кетди. Ҳалиги бечораларнинг қўйлари ҳам, този ҳам уйининг ичида яшар эканлар. Нима қилишсин? Шундай совуқда жониворларни ташқарида қолдириб бўладими? Улар тўниб қоладилар-ку! Уч-тўрт бўлмадан иборат бу бино ичидан шундоққина тезакнинг ҳиди анқиб турибди. Катта хонанинг қоқ ўртасида печка ёниб турарди. Ҳалиги қиз унга ўқтин-ўқтин тараша, тезак солади. Икки юзи анордай қип-қизил. — Туйғуншо, қизим, меҳмонларга дарров дастурхон ёзиб юборгин, — деди чол қўллари совуқдан ёрилиб кетган, печка устига чойнак қуяётган қизига қараб. — Ёмон совуқ қотибсизлар-ку, — деди чол меҳмонларга юзланиб. — Қани, қадам етди, бало етмасин, омийн… Эркаклар уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиришгунча, Туйғуншо меҳмонлар олдига дастурхон ёзиб, патнисда қора ундан ёпилган каттакон патир, ликопчада сариёғ олиб келди. Печкада қайнаб ётган ширчойни чинниларга қуйиб, бирма-бир меҳмонларга узатди. Қиз навбатдаги ширчойни ёш меҳмон — совуқ қотганидан юзлари девордай оқариб, бир-икки кун йўл юриб, тиғ тегмаганидан соқоллари ўсиб кетган қора қош, қора кўз, қўнғироқ сочли, хушсурат Давлатшога узатар экан, юраги ўйнаб, негадир қаттиқ уриб юборди. Унинг титраётган қўллари чиннини йигитга аранг узатиб олди… Туйғуншо бу ерларда қариб қолган отаси билан якка-ёлғиз яшайди. Худо кўрсатмасин, эрта-индин падари бандаликни бажо келтирса, дашту биёбонларда биргина ўзи қолиб кетишидан қўрқиб яшайди. Кечаю-кундуз Аллоҳдан илтижо қилиб, Яратгандан отасининг умрини узоқ қилишини, ўзига бахт ато этишини сўрайди. Ташқарига келиб тўхтаган ҳар бир «ЗИЛ» нинг гуриллаган овозидан унинг юраги томоғига тиқилиб қолади. Бир кунмас-бир кун ана шундай машинада бир шаҳзода келиб, уни бу ерлардан узоқ-узоқларга олиб кетадигандай… Лекин Туйғуншо ҳам шаҳарга кетиб қолса, отаси билан бу кимсасиз оролда ким қолади? Падари қариб қолган бўлса… Мабодо оғриб-нетиб қолса, ҳолидан ким хабар олади, унинг? Бу ерларда на чироқ, на сув бўлмаса. Қишда қор эритиб, чой қайнатилса… Отасининг таҳоратига ким ҳам сув ҳозирларди?..   * * * Туйғуншо фикр-мулоҳазали, эсли-хушли, меҳнаткаш қиз. Бироқ у ҳам қиз бола-да, ахир. Унинг ҳам ҳамма қатори бахтли бўлгиси келади. Айни пайтда қалбида рўй бераётган ўзгаришлар, ички кечинмалари билан ўртоқлашай деса, дардлашгани ё бир дугонаси, ё бир қўшниси бўлмаса. Ҳеч қачон мактабга бормаган. Бахтига уйда бир транзистор бор. Йўловчи машиналарнинг бири батарейка, бири озиқ-овқат, яна бири кийим-кечак олиб келиб беришади… — Қизим, радиоингнинг қулоғини бураб қўймайсанми? Қиз отасининг хоҳиши билан радиони ёқиб қўйди. Ундан яна ўша ёқимли ашула — «Қурбон ўлам…» янграй бошлади… Туйғуншо ташқи оламни ёлғизгина мана шу радио орқали танийди. Ҳамроҳи ҳам, дардкаши-ю дилкаши ҳам, сирдоши-ю йўлдоши ҳам ўша жажжигина қутича. У болалигида онаси билан бир-икки мартагина шаҳарга тушган. Қизнинг қолган умри мана шу изғирин дашт, бир-биридан гўзал ва улкан тоғ-тошлар орасида кечган. У табиат қизи. Тоғларнинг жигарбанди. Уни бу ерда ўқтин-ўқтин кулбалари узра учиб ўтувчи қушларгина танишади. Туйғуншонинг ака-укалари, опа-сингиллари, ёру биродарлари ҳам ўша тоғу тошлар, ҳарсанглардир… Елвизак шамоллар, аччиқ еллару юз-кўзларни чимчилаб олувчи шаббодалар унга эгачи-ю, сингиллардир… Ишонгани офтоб, паноҳи эса ойу юлдузлар. Сиғингани эса — ёлғизгина Аллоҳ… Туйғуншо бир қарашда жуда ҳунукка ўхшайди. Аслида-чи, аслида. У жуда чиройли қиз эди. Бироқ бу латофат совуқ шамоллару жазирама иссиқлар изи остида қолиб кетгандай. Унинг мовий, осмон янглиғ кўм-кўк кўзларида яширин бир ўт, ботиний кўҳлиликни фош қилиб тургандай туюларди… Давлатшо ширчой устига бир бўлак сариёғ солиб, унга нон чилаб ер экан, чуқур-чуқур ўй-хаёллар гирдобига ботиб кетган. Одам боласини тушуниш қийин. Кимлардир боғу бўстон, жаннатмакон жойларга ҳашаматли, қават-қават уй солиб, жонининг ҳузурини ўйлаб, бахтиёр ҳаёт кечирса, айримлар мана бундай  — борса келмас, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойларни макон айлаб, ўша ерларни Ватан деб биладилар. Фақирларча ҳаёт кечирсалар ҳам ошёнини еру кўкка ишонмайдилар… Ким билади? Балки улар мана шу ерлардан Ой кўришгандир?.. Албатта, улар бу ерлардан нафақат Ой, балки Қуёшни ҳам кўришга муваффақ бўлганлар. Шу боис бу ерлар улар учун муқаддас, азиздир! Ота-боболарининг қабрлари ҳам шундоққина ҳовлисида. Эҳ, тоғликлар, тоғликлар!.. Сизларни намунча тушуниш қийин? Виқорли чўққилар, кўкимтир, қўнғир тоғу тошлар сизларни оҳанграбодай бунчалар ўзига тортиб турмаса… Туйғуншо гоҳ-гоҳ хона бурчидан минглаб жавобсиз саволлар гирдобида мулзам бўлиб ўтирган ёш меҳмон — Давлатшога қараб қўяр эди. Ҳар гал йигитнинг кўзларига тикилганида, юраги энтикиб, орзиқиб кетарди. Наздида бу йигит у билан юзлашиб турган энг сўнгги эркакдек эди. Ҳа, ҳа, охирги илинж… Сўнгги нажот мисол туюларди. Гўё у ҳозир ўрнидан туриб кетади-ю, Туйғуншо учун бундай қулай имконият гўёки бўлак ҳеч қачон берилмайди… Давлатшонинг қизга жуда раҳми келарди. Аммо у сеҳргар эмас эдики, тўсатдан мўйсафид чол билан унинг катта ҳаётдан айрилиб қолган бечора қизининг тақдирини тубдан ўзгартириб юборса… * * * Йўловчилар бироз исиниб, чой-пой ичиб олишганидан сўнг яна сафарга ҳозирлик кўра бошладилар. Давлатшо эгнидан ечиб кўйган устки кийимларини яна бир-бир кия бошлади. Туйғуншонинг юраги хаяжонланиб, у дам-бадам йигитнинг кўзларига қарар эди… У айни дамда ўзи ўқиган машҳур эртакдаги, денгиз бўйида алвон елканли кемани кутиб ўтирган Ассолга ўхшаб кетарди. Ана, унинг шаҳзодаси узоқ-узоқларга сузиб келяпти. Каттакон «ЗИЛ» кулбадан, қизнинг кўз ўнгидан тобора йироқлашиб борар эди. Туйғуншо эса яна бўлак бир елканни кутиб қолади. Ҳа, у бир куни келади. Албатта келади! Унинг Шаҳзодасини сўзсиз олиб келади. Ҳозирча у яна ўша — жонига ниҳоятда тегиб кетган ёлғизликка ёр бўлиб туришга мажбур, бўлак иложиси ҳам йўқ. * * * Хоруққача саноқли чақиримлар қолган. Машина икки тарафи бири-биридан чиройли ранг-баранг виқорли тоғлар билан ўралган дарага кириб боради. Тоғлар ёнбағри зангори арчалар, ям-яшил қарағайларга бурканган. Бир парча қор босган жой йўқ. Пастдаги анҳорда кўм-кўк товланиб, шарқираб сой оқади. Сойнинг шарқироғи тоғлардан садо бериб, бутун дара бўйлаб жаранглайди. — Қалайсан энди, журналист? Етолмайманми деб қўрққан эдинг… Мана етиб ҳам келдик… Сенга бу тарафлар ёқдими? Қоласан-а, энди шу ерда… Оқсоқолнинг қизини кўрдингми? Сен унга ёқдинг… Сендан кўзини узолмай қолди, бояқиш? Туйғуншога уйланиб қўймайсанми? Кейин Хоруққа кўчиб келиб оласизлар. Сен боп иш топиб берамиз. Мазза қилиб яшайверасизлар. Бир йилдан сўнг қарабсанки, ўғил туғиб беради… Ўзинг ҳам тожик йигити экансан… — Ҳазилни қўйсангиз-чи, ака, — деди Давлатшо Рамизга караб. — Нима, сенга Туйғуншо ёқмадими? Номинг ҳам номига уйқаш экан… Давлатшо, Туйғуншо,— дея яна «қаҳ-қаҳ» уриб кулар эди, ҳайдовчи. Ўзи ҳам қизмисан қиз бўлибди Олмадай етилибди. Бизнинг тожик қизларининг қони қайноқ бўлади… Қолаверса, ўзингда ҳам тожик қони бор экан… Уйланиб олсанг, совуқ қотмай қўясан, — дея яна кулади Рамиз. * * * Орадан яна бир неча соатча ўтгач, машина қоялар ёнбағридан илон изли йўл бўйлаб Хоруғ шаҳрига яқинлашди. Рўпарада унча катта бўлмаган ерости йўли пайдо бўлди «ЗИЛ» тоғ бағри ўйилиб, бунёд этилган йўл орқали шаҳарга кириб келди. Кун очиқ эди. Ҳаво эса илиқ. Йўл четида ёш-яланглар юпун, бош кийимсиз юришади. Давлатшо табиатнинг ўзгарувчанлигига, ҳар бир жойнинг ўзига яраша об-ҳавоси, ўзгача шарт-шароитлари борлигини ўйлаб, боз тан қолди. Худонинг қудрати улуғлигига имон келтирди. Ҳозир ер шарининг бир бурчида жазирама иссиқ бўлаётган бўлса, иккинчи бурчида кеча-ю кундуз қор ёғаётган бўлиши мумкин. Арктика, Антарктида, Шимолий муз океанида асрий музликлар пинак бузмай ётган бир вақтнинг ўзида Африка, Ҳиндистон, Араб мамалакатларида доимо ёз ойлари ҳукм суради…   * * * Давлатшо Хоруғда бир ҳафта бўлди. Мухтор вилояти ҳокимлиги, вилоят рўзномаси таҳририятига ташриф буюрди. Ҳоруғликлар билан суҳбатлашди, ўзига керакли ахборотларни тўплади. Ниҳоят сафари қариб, уйга қайтадиган кун ҳам келиб қолди. Улар Рамиз билан келишиб олишган эдилар. Йўлга чиқишдан бир кун олдин уларникида меҳмон бўлди. Хоруғликлар жуда меҳмондўст одамлар экан.Фақат бу ерда «келгинди» лар кечалари ёлғиз юришлари керак эмас экан.Тожикистонда ҳар хил тўқнашувлар бўлиб турган йиллар эди, ўшанда.Тоғларга қочиб чиқиб кетган жангарилар тўдалари оқшом чўккач, емак излаб пастга тушарканлар. Хоруғ кафтдаккина эмасми? Бу ерда ҳамма бир-бирини отнинг қашқасидай танийди. Биронта нотаниш одамни учратиб қолсалар, қўрқитиб бор-бисотини тўнаб кетарканлар. Шу боис Давлатшо кўчага Рамизнинг туғишганлари ҳамроҳлигида чиқиб юрди… Давлатшонинг олдида яна бир улкан имтиҳон турар эди. У ҳам бўлса узоқдан узоқ, машаққатли йўллар, мисли кўрилмаган совуқларни енгиб, эсон-омон она-ватанига етиб олиш. Руслар ибораси билан айтганда, «В гостях — хорошо, а дома — лучше». Ҳар кимнинг ўз уйи, ўлан тўшаги бўлсин, бу дунёда. Бироқ йигит бу синовни енгиб ўта оладими, йўқми, буни вақт кўрсатади. Шу боисдан йўлга чиқиш куни яқинлашгани сайин, унинг юраги ортига тортади. Сабаби — ҳалиги совуқлар суяк-суягига ўтиб кетган эди, бечоранинг. У ҳар сафар йўлдаги изғиринларни эслаганида аъзои-бадани жунжикиб кетарди…Йўлдан безиллаб, Хоруғда қолай деса, бу маскан тоғлар орасида қолиб кетган дўппидеккина жой экан. Бу ердан ташқи дунё билан боғланиш ниҳоятда мушкул…Бу ерликлар нега энди айнан шу жойдан макон топиб, ўтроқ, муқим яшаб қолдилар экан? Яна ўша эски савол келар эди Давлатшонинг ҳаёлига: «Нима бало, тоғликларга осонроқ яшаш учун жуғрофик жойлашиши жиҳатидан қулайроқ жой қуриб кетибдими, ер юзида?». Йигит бундай хаёлларга азбарои Худо одамларга ачинганидан борар эди. Айни пайтда у — Тоғли Бадахшон уларнинг кўз очиб кўрган ватани эканлигини ҳам унутмас эди. Барча енгил турмуш васлида киндик қони тўкилган жойларни ташлаб кетаверса, одам боласининг одамлигидан нима қолади? Тоғли ўлкаларнинг баъзи бир жойларида ҳаттоки қазо қилган биродарларини дафн этиш учун бирор қарич ер тополмай, жасадларни тоғ ёнбағрига ётқизиб, устидан тоғ тошларини уюб қўяр эканлар. Давлатшо Хоруққа кираверишдаги йўл бўйида қатор бўлиб турган ана шундай қабрларга боқиб, ҳайратга тушди. У кимларнинг қабрлари экан-а? Бунинг отини Ватан дейдилар. Демак, она-юртининг тоғу тошлари ҳам узлатнинг пар янглиғ тупроғидан-да юмшоқроқдир. Ёт ерларнинг ёп-ёруғ гўри киндик қонинг тўкилган ўлканинг қоронғу гўридан-да қоронғироқдир. Мана, одамийликнинг энг олий нуқтаси! Қизиларт — дунёнинг энг баланд жойи — оламнинг Томи бўлса, ватанига бўлган муҳаббат — инсоният, башариятнинг Томи дегим келади.   Нега энди бу ерларга айнан «Дунё томи» деб таъриф берган эканлар-а? Одамзот доимо узоқни кўрмоқ учун баландликка, тепаликка ёки уйининг томига чиқиб чор атрофга разм солади. Бироқ узоқни кўриш эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Аллоҳ барчамизга узоқни кўриб яшашни насиб этган бўлсин! Жойларнинг аталиши ҳам хилма-хил. Чийирчиқ, Гулча, Қизил қўрғон, Сўфиқўрғон, Арчати, Оқбўсаға, Толдиқ, Хотинарт, Саритош, Оқбайтал… Эҳ-ҳе буларни санаб, адоғига етолмайсан… Ҳар бирининг ўз тарихи, ўзининг бетакрор афсонаси бор… Қорақўлда бир кўл бор экан. У қишда шунчалар қаттиқ музлар эканки, усти хоккей ўйнаса бўладиган яхмалакка айланаркан. Одамларнинг айтишича, овчилар кийик овлашда ана шу кўлдан фойдаланар эканлар. Улар машинада ҳуркак оҳуларни шу ерга қувлаб келишаркан. Ҳалиги жаниворлар тайғоқ узра оёғида туролмай, фигурали учувчилар муз устида қандай йиқилсалар, худди ўшандай. «тап-тап» этиб музга қуларканлар. Бу эса овчиларга ўлжа тутишда жуда қўл келаркан… Баҳорда эса Қоракўлнинг юзи сап-сариқ тус оларкан. Бу ерга сон-саноқсиз ўрдаклар учиб келиб, ўз полапонларини очарканлар. Кўл сатҳини полапонлар босиб кетаркан. Бу жойга мусофир кишининг кўзи тушиб қолгудай бўлса, полапонларни сап-сариқ гулларга ўхшатиб юбориши хеч гап эмас… Дунёнинг ишлари қизиқ. Худонинг қудратига тан қолиб чарчамайсан, киши. Ўзингизга маълум, сув ҳар тарафлама кучли манба, табиат неъмати. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам келади, унинг қўлидан. Ёмонликка олса — истаган жойини вайрон қилиб кетиши мумкин. Ҳоҳласа, чўлу биёбонни жаннатга айлантириб юборишга қодир. Аммо сув ҳам нималарнингдир қаршисида ожиз экан. Ҳа, у совуққа чидай олмай «ўлиб» қоларкан… Демак, инсон совуқдан-да кучлироқ, қудратлироқ жонзотдир. У мана шундай аёзларга дош бериб, тенг келиб, музлаб қолмай яшаб келган, яшамоқда…Бу ерларда сув тугул ҳаттоки 40 даражали ароқ ҳам тўниб қолармиш. Одам боласи ароқни совуқдан сақланиш, ўзини муҳофаза қилиш учун ичиб олади. Назаримда, бу ердагилар уни музлаб қолмасин дея қиттак-қиттак қиладиганга ўхшайди. Ҳаттоки «ароққа» раҳмлари келиб, қўйнига солиб оларканлар! Мана сизга Одамзотнинг қудрати! Шунинг учун сенинг журъатинг, матонатинг қаршисида бош эгаман, эй улуғ мавжудот! Сени Яратганга қуллуқ қиламан, унга ҳамду санолар айтаман! * * * Йўлга чиқадиган кун Давлатшо тўсатдан истималаб қолди. Хоруғнинг илиқ хавоси илғаб қўйди, чамаси. Иссиқдан — совуққа, совуқдан — иссиққа ўтганида, шундай бўлади, кўпинча. — Бу аҳволда йўлга чиқиш ҳавфли, — деди Рамиз Давлатшога қараб. — Уч-тўрт кун бизникида даволаниб ёт. Худо ҳоҳласа, беш-олти кундан сўнг қайтаман. Ўшанда сени ўзим олиб кетаман. Сен тузалиб колсанг, бўлак йўловчи машина билан ҳам уйга кетишинг мумкин.   — Йўк, — деб қаттиқ туриб олди йигит. Янги йилга уч-тўрт кун вақт қолди. Уни ота-онам, укаларим билан кутмасам бўлмайди. — Қаёқдаги гапни айтасан? Янги йилга барибир улгурмайсан. Яхшиси, уни бизникида, бола-чақам билан кутиб кўя қол. Соғлигингни ўйласанг-чи. Ўзинг соппа-соғ ҳолда бу ерга аранг етиб келган эдинг. Энди бетоб ҳолда уйга эсон-омон етиб оламан деб ўйлаяпсанми? Рамиз Давлатшони қанча қистамасин, у ўз гапида туриб олди. Ҳа, у бир сўзли, қайсар, ўжар йигит. Айтдими, айтганини қилмай қўймайди. Бекорга журналистликка ўқимаган? Журналистлар ўжар халқ бўлишади… Бироқ етти ухлаб тушига кирмаган совуқ унинг жон-жонидан, суяк-суягидан ўтиб кетгани ҳақиқат! …Йўқ, бўлмади. Рамиз Давлатшони кўндиролмади. Мезбонлар билан қўюқ ҳайрлашди. Сафар жабдуқларини йиғиштириб, машинага чикди. «ЗИЛ» лар Ўшга бўм-бўш қайтнайдилар. Рамиз машина кузовига тўрт-беш бош қўйларни ортиб олди. Уларни йўл-йўлакай қайнотасиникига ташлаб ўтди. Улар жониворларни баҳоргача асраб беришаркан. Аввал автокорхонага бориб, йўлга етадиган ёқилғи қуйиб олди. Йўлчилар кечга яқин йўлга отланишди. Давлатшо ичида шундай суюнар эдики, икки-уч кунча сабр қилиб турса, албатта уйига етиб олади. Машинада иситма, шамоллашга қарши бир-икки дона дори ҳам ичиб олди… Кун ботиб, кечки совуқ тушаётган эди. Давлатшо иссиқ кийиниб олган. Оёқларида пийма. Тиззаларини боз жун адёли билан ўраб олган…   * * * Ҳарбийлаштирилган текширув тугунида улар анча туриб қолдилар. Бу ерда ўтган-кетган машиналар, йўловчилар синчков текширувдан ўтказиларкан. Ҳамма нарса авраси-ю астаригача назорат қилинади. Ҳаттоки машиналарнинг ғилдираклари ҳам бутунлай чиқарилиб, обдон текшириларкан. Ўргатилган итлар ёрдамида гиёҳванд моддалар қидирилади… Давлатшони ҳам махсус бўлинмага олиб киришиб, қўл сумкасини, чўнтакларини ковлаб, ичигача текширишди. У оёғида аранг турар эди. Аста-секин яна истимаси кўтарилиб, оёқ-қўллари лохасланиб борарди. Ташқарига чиқай деса, аччиқ совуқ бошланган. Қани энди тезроқ йўлга чиққани рухсат берсалар… Вақт ўтган сайин Давлатшонинг иситмаси кўтарилиб борар эди. Иложи бўлса-ю, шундоққина қорга уззала тушиб ётиб олса. Боши, бели, оёқлари зирқираб оғрирди… Рамиз ниҳоят жўнашга рухсат олди. Улар кабинага чиқиб, йўлга тушишди. Бироқ бир-икки чақиримча юргач, яна тўхташди. Йўл шлагбаум билан тўсиб қўйилган экан… Давлатшонинг аҳволи тобора оғирлашиб борар эди. Иситмаси қирққа чиқиб кетган. У ҳар хил дори ичса ҳам ҳеч кор қилмасди. Ўнтаб-ўнтаб, ухлаб қолди… Уйғонганида машина йўлда кетиб борар эди. Атроф зим-зиё. Давлатшонинг негадир нафас олиши оғирлашиб борарди. Ҳайдовчи ҳамроҳининг аҳволи ёмонлашаётганини кўриб, хавотирга туша бошлади. — Сенга айтмаганмидим, бизникида қолавер, деб. Ўзиям анча қайсар бола экансан!... Йўлда сенга бирор кор-ҳол бўлса, бунга ким жавоб беради?! Уйда ота-онанг ҳавотир олиб ўтирган бўлса… Йўқ, бўлмайди! Сен бу аҳволда Ўшга етиб боролмайсан. Мен сени биринчи дуч келган хонадонда қолдириб кетаман… Беш-олти кун ўша ерда даволаниб турасан... Ҳайдовчининг сўзлари Давлатшонинг қулоғига кирса-да, унга жавоб қайтаргани йигитнинг мадори етмас эди. У истимада куйиб-ёнарди. Гоҳ уйқу аралаш алаҳсираб, ваҳимали тушлар кўрарди. «Оҳулар тўдаси жон ҳовучлаб қочиб боради. Уларнинг ортидан юк машинаси қувлаб келмоқда. Кийикларнинг кўзида ҳаяжон, қўрқув. Уларнинг нозиккина қадди-қоматлари, юзлари узра эндигина барг тўккан дарахтларга ўхшаш шоҳлари гоҳ пастга, гоҳ юқорига тебраниб боради. Улар орқа-олдига қарамай, енгил учиб борадилар. Ёнларида жажжи болажонлари ҳам бор… Жониворлар бирдан тайғоққа — музлаб қолган кўл устига тушиб қоладилар. Сўнгра бирин-кетин «тап-тап» этиб музга қулай бошлашади. Жон ҳолатда туришга уринишади. Бироқ туёқлари сирпаниб, тўрт оёқларини чўзиб, пастга йиқиладилар. Шу пайт бу ерга овчилар етиб келиб, қўлларидаги милтиқлари билан уларни бирма-бир ота бошлашади. Кўл усти бир зумда кийиклар мозорига айланади. Оппоқ қор оҳуларнинг қип-қизил қонига беланади. Уларнинг катта-катта, чиройли, қоп-қора кўзлари очиқлигича қолган… Овчилар ўлжаларини юк машинасига орта бошлайдилар. Аввал шоҳларини болта билан уриб синдиришади… Кейин машина кузовига улоқтиришади…Узоқ-узоқлардан қашқирларнинг уввиллаши эшитилади… Яна ўша мудҳиш манзара такрорланади. Бу гал оҳуларга қўшилиб Давлатшо ҳам қочади.У қип яланғоч ҳолда. Бошида кийикларникидай шоҳи бор…У худди ярми одам, ярми от бўлган афсонавий қаҳрамон — Кентаврни эслатарди. У оппоқ қор узра оҳулар билан бирга қочиб боради. Бирдан улар муз устига тушиб қоладилар. Жон ҳолатда типирчилашади. Яна йиқилиб, ўрнидан туришга ҳаракат қиладилар. Шу он қаердандир овчилар пайдо бўлиб, жониворларни ота бошлайдилар. Шунда Давлатшога ҳам ўқ тегади. Кўкрагидан алвон қон тепчийди…». Давлатшо чўчиб кўзини очганида «ЗИЛ» эндигина Туйғуншоларнинг қўрғони ёнига келиб тўхтаган эди. Машина овозини эшитиб, жинчироқ кўтариб Турғун ота чиқиб келди. У Рамиз билан қучоқ очиб кўришгач, кабинанинг Давлатшо ўтирган тарафига ўтиб, эшикни очди. Йигитга пастга тушишга кўмаклашишди. Бемор тинмай ўнтар эди. Унинг аъзои-бадани эзиб оғрирди, истимаси жуда баланд. Чол унинг иккинчи ёнидан йўлаб, Рамиз билан ичкарига олиб кирдилар. Тўшакка ётқизиб,устини кўрпа билан ўраб қўйишди. — Меҳмонни шамоллатиб қўйибсан-ку, Рамиз. — Унга неча марта айтдим, бизникида қолавер, деб. Кўнмади, ота… У сизларникида қолмаса бўлмайди. Бу аҳволда Ўшга етиб олиши амри маҳол. Ўзингиз унга кўз-қулоқ бўлиб турарсиз. Худо ҳайрингизни берсин… — Ҳай, унга ўзим қараб тураман. Сен эрталаб йўлга чиқавер. Уни келаси сафар олиб кетасан. Мабодо сен қайтгунча тузалиб қолса, йўловчи машиналардан биронтасига ўтқазиб юборамиз… Турғун ота туни билан беморга қараб чиқди. Ҳар хил доривор гиёҳлардан қайнатиб ичирди. Баданига тўпос ёғидан суртди… Давлатшо эрталаб уйғонганида Рамиз жўнаб кетган эди…Унинг дастлаб томдаги туйнукка кўзи тушди. Сўнг хонани кўздан кечирди. Хона ўртасидаги печкада ўт ёниб туради. Бурчакда Туйғуншо ўтиради. Турғун ота жониворларга ем бериш учун қўшни бўлмага чиқиб кетган. Туйғуншонинг анордай қип-қизил икки юзи ҳижолатчиликдан янада қизариб кетган. Давлатшо эса қизга боқиб, ҳижолат чекканидан ўрнидан турмоқчи бўлади. — Ака, ўрнингиздан қўзғалманг. Ётинг, ётаверинг, — дейди Туйғуншо даст ўрнидан туриб, йигит ётган ерга келар экан. — Чой берайми? Нонушта қилиб олсангиз бўларди. Аввал мана бу малҳамларни ичиб олинг… — қиз шундай дея йигитга пиёладаги қайнатмани тутади… Елкасидан йўлаб унга ичишга кўмаклашади. Шу дам эркак кишининг бўйидан беихтиёр боши айланиб кетади. Қиз йигитнинг киртайиб кетган қора кўзларига узоқ термулади… Шаҳарлик нозиктаъб, зиёли йигит қаршисида айни дамда унга мутлақо қарама-қарши турмуш тарзида вояга етган содда, тўпори бир қиз ўтирарди. Икки турфа олам тўқнашиб турган ушбу жойда муҳаббат деб аталмиш ноёб бир туйғунинг пайдо бўлиши амри маҳолдай эди, гўё. Яна ким билади дейсиз? Дунёда нималар юз бермайди, ўзи? Бу — кўнгил иши. Дил ҳукм чиқарганида унга онг ҳам, вужуд ҳам бўйсунмай иложи йўқ… Турғун отага ҳам осон эмас. Қизининг келажаги уни ташвишга солмайди деб ўйлайсизми? Ахир у ҳам ота. Фарзанди учун юраги ачишади. Баъзида Туйғуншонинг тақдири ҳақида бош қотириб, тунларни тонгларга улайди. Қани энди, бахтига қизига муносиб бир куёв топилиб, уни кўзи очиқлигида эгасига топшириб олса. У аллақачон бўйига етиб қолганини кўриб турибди. Кўр эмас, ахир… Бироқ… Турғун ота хонага кириб келганида, Туйғуншо меҳмонга чой қуяётган эди. — Калла пишдими, меҳмон? Тузукмисан, ўғлим? — Раҳмат, ота. Худога шукур, ҳийла дурустман…Узр, сизларни безовта қилиб қўйдим. Қаёқдаги гапни гапирасан, болам. Биз кимсасиз жойларда яшайдиган одамга зор бандалар бўлсак…Келиб-келиб сен оғирлик қилармидинг, энди бизларга. Одам тафтини одам кўтаради, ўғлим…Фақат бетоб бўлиб қолганинг чакки бўлибди. — Ҳадемай Янги йил…Байрамгача уйимга етиб олсам яхши бўларди… — Бир кунлик байрам ҳам ўтар-кетар, болам. Жонингни, соғлигингни ўйла. Жуда ёш экансан… Ҳаётингда бу каби Янги йиллар ҳали кўп келади…Бу сафар биз билан кутиб оласан…Тақдир насиб экан…Пешонадан қочиб қутилиб бўлмайди… Турғун ота шундай дея Давлатшонинг пешонасини ушлади. — Ҳали иситманг бор. Мана бу қайнатмалардан тез-тез ичиб, терлашинг лозим. Қани, чойдан иссиқ-иссиқ хўплагин-чи. Ол, нондан ол…Сариёққа қўшгин. Қизим, сен қозонга дарров қайнатма шўрва солиб қўй. Тўпос гўшти иссиқ бўлади. Совуқни кесади…   * * *   Орадан тўрт кун вақт ўтди. Эртага Янги йил. Давлатшо қиз билан анча танишиб олди. Ҳали тўшакдан турмаган бўлса ҳам, соғлиги бироз ўнгланиб қолди. Туйғуншо йигитнинг атрофида гирдикапалак. Ўтган кунлар мобайнида у Давлатшога анча ўрганиб қолган. Қани энди у бир умрга шу ерда қолса…Йигит яхши бўлган сайин қизнинг хавотири тобора ортиб борар эди… Тонг отди. Ташқарида бўралаб қор ёғади. Турғун ота кийиниб ўрнидан турди. — Қизим, сен аканг билан ўтириб тур… Мен тоққа чиқиб, арча кесиб келай… Меҳмонга бир «Янги йил» қилиб берайлик. Сизлар палов қилиб туринглар… Йигит билан қиз яна ёлғиз қолишди. Давлатшо уй юмушларида ёрдам берди. Туйғуншо ушбу кунни ҳеч қачон унутмайди. Бу унинг ҳаётидаги биринчи ва сўнгги бахтли кун бўлади. Бир умр тоғлар орасида яшаб, ўзгача ҳаёт кечиришга мослашиб қолган тоғлик бу қиз қалбида унга нотаниш, нозик, инжа ҳис-туйғулар жой олиб улгурган эди. Ҳа, у севиб қолганди… Шу боис Давлатшонинг кўзларига маъюс-маъюс термулаверарди. Бироқ индамасди… Нима ҳам дер эди? Давлатшо ўқимишли, шаҳар кўрган йигит бўлса. У-чи, у… Ё рус тилини яхшироқ билмаса. Оддий мактабга ҳам бормаган…Келган-кетганлардан пала-партиш ўрганиб олган. — Туйғуншо, сен бу ерда ёлғиз зерикмайсанми? — дея сўради ундан йигит. — Нега энди ёлғиз бўларканман? Отам бор-ку. — Отангнинг ўрни бошқа… Мен дўстларинг, дугоналаринг, тенг-тушларингни назарда тутаяпман. — Зерикаман…Лекин иложим йўқ…Қолаверса уйимизга тез-тез йўловчилар келиб-кетиб туришади. У-бу нарсалар олиб келиб беришади… — Сени мабодо биронта одам шаҳарга олиб кетаман деса, кетармидинг? — Қайдан? Кимга ҳам керак эдим? Шаҳарликлардай гўзал бўлмасам. Ўқишни, ёзишни билмасам… Давлатшо бу каби кутилмаган саволлари билан қизнинг ярасига туз сепарди, холос. Қиз йигит унга яқин келган сайин ҳадеб энтикарди. Эҳтирослари уйғониб борарди. — Мана, масалан, сиз мени олиб кетган бўлармидингиз? — Кутилмаган бу саволдан Давлатшо ҳам эсанкираб қолди… Уларнинг суҳбати шу ерда узилиб қолди. Сабаби Турғун ота ям-яшил арчани кўтариб кириб келиб қолди… Туйғуншо ошнинг зирвагини тайёрлаб қўйган. Давлатшо ўтинхонада арчани ўрнатиш учун мослама ясамоқда…Палов дамлашди… Ошни сузиб, дастурхон безашди… Турғун ота бир жуфт пиёлага ароқ қуйиб, биттасини меҳмонга узатди. — Қани, ўғлим, олинг-чи…   — Раҳмат, ота, мен умуман ичмайман… — Мен ҳам ҳар куни олавермайман… Бугун Янги йил. Қолаверса сен билан ҳар куни кўришиб юрибмизми? Тақдир насиб экан. Юзлашиб турибмиз. Ким билади, балки сен билан бўлак ҳеч қачон учрашмасмиз… Кел, энди, бир марта олиб қўй… Банияти шифо… Совуқни ҳам кесади… Ол, қўлингга ол-чи, ол, ўғлим… Ахир мен бир ўзим ичмайман-ку. Давлатшо ниҳоят пиёлани қўлига олди… — Қани, бўлмаса, ўғлим… Худо бахтингни берсин… Олгин, олдирма! Ишларимиз ўнгидан келсин. Янаги шу кунларгача соғ-саломат бўлайлик. Қаерда бўлсак ҳам тинч бўлайлик… Турғун ота шундай дея пиёласини Давлатшо билан уруштириб, кўтариб юборди. Сўнгра йигитни қистади. Йигит ҳам ҳам ароқни даст кўтариб юборди… Бу орада Туйғуншо ошни сузиб келди. Улар анчагача ёзилишиб, чақ-чақлашиб ўтирдилар… Соат ўн иккига бонг урганида улар бир-бирларини такрор-такрор Янги йил билан муборакбод этишди. Давлатшо бироз сарҳуш бўлиб қолган эди. Ёш эмасми? Унинг айни пайтда очиқ ҳавога чиққиси келарди. Ўша дамда у негадир қувончдан танасига сиғмай борарди… Ниҳоят, ташқарида чекиб келиш учун кийина бошлади. Уни кўриб Туйғуншо ҳам ўрнидан турди… Отасидан эшикка чиқиб келишга рухсат сўради. — Майли, қизим, сизлар аканг билан бир айланиб келинглар… Мен бироз чарчаб қолибман. Озгина ёнбошлаб, пича мизғиб олай… Фақат иссиқроқ кийиниб олинглар. Ташқари совуқ… Меҳмон яна шамоллаб қолмасин… — Хавотир олманг, ота, мен яхши бўлиб қолдим,— деди йигит Турғун отага қараб… Йигит билан қиз кўчага чиқишганида бўралаб қор ёғаётган эди… Қорни кўриб Давлатшонинг болалиги тутиб кетди. — Қани, энди ҳозир бир чана бўлса. Ҳув, анави тепаликдан учиб тушар эдик… — Чана керакми? Ичкарида чанамиз бор… Олиб чиқайми? — Майли, олиб чиқ… Туйғуншо шоша-пиша ичкаридан каттакон чанани судраб олиб чиқди… Йигит чананинг арқонидан тортиб тепаликка қараб йўл олди… — Юр, — деди йигит қизни ҳам чана учгани чорлаб. Лекин Туйғуншо кўнмади… Давлатшо уч-тўрт марта тепаликдан пастга бир ўзи учиб тушди. Қиз уни завқ-шавқ билан томоша қилиб турарди… Йигит охири қизни ҳам кўндирди. Иккаласи юқорига кўтарилиб, чанага ўтиришди… Қиз олди тарафда, йигит — орқада. Улар бир-икки марта бирга учиб тушишди. Қиз ҳар сафар Давлатшо билан ёнма-ён ўтирганида эҳтиросдан энтикиб-энтикиб кетар эди… Икки юзи қип-қизил ўт бўлиб ёнарди…Йигит эса лоқайд… Туйғуншога қиз сифатида қарамас эди. Синглисидай муомала қиларди. Ҳаммасига чана айбдор. Мабодо у оғиб кетмаганида эди… Лекин бундай бўлмади. Чана ёнбошга ағанаб кетиб, иккаласи ҳам оппоқ қор узра юмалаб кетишди. Бахтга қарши Давлатшо думалаб, қизнинг устига тушди. Соқоли ўсган, муздеккина юзи Давлатшонинг қайноқ юзига урилди. Қизнинг ўт бўлиб ёнаётган дудоғи, йигитнинг совуқ лаблари қаршисида муаллақ қолди. Унинг бўйидан Туйғуншонинг боши айланиб кетди. Улар бир-бирларига термулган ҳолда бир-икки дақиқа тошдай қотиб қолдилар… Мана шу бир-икки дақиқа йигитнинг ҳам Туйғуншонинг бўйига маст бўлиши учун етарли эди. У бир зумда совуқ бир йигитдан аъзои бадани аланга ичида қолган ёрга айланиб қолди. Қизнинг белидан маҳкам қучиб, қайноқ лабларига лабини босди…   * * * Турғун ота тонгда уйқудан турганида қизи ҳам, меҳмон ҳам қотиб ухлаб ётган эдилар. У кийиниб, сигирига ем бериш учун оғилхонага кирди.Бу ернинг қоронғулигидан сомон устида қотиб қолган бир парча қонни кўрмади… Акс ҳолда балки бўлиб ўтган воқеадан хабардор бўлиб, жанжал кўтарармиди?.. Орадан беш-олти кун ўтди. Рамиз бу орада Хоруққа кетаётиб, йўл-йўлакай Турғун оталарникида тунаб ўтди… Уч-тўрт кундан сўнг қайтиб келди. Давлатшо йўлга чиққани шай бўлиб турган эди… Турғун ота юмуш билан бирон ёққа кетди дегунча қиз билан йигит бирга бўлишар эди…Туйғуншо севгилиси жўнаб кетаётган дамда ҳам йиғлай олмади. Отасидан қўрқди… Уни билиб қолмасин деди… «ЗИЛ» ўрнидан қўзғалганида ҳам йиғидан ўзини аранг тутиб қолди. Унга қўйиб берса айни пайтда муҳаббатини олиб кетаётган ўша юк машинасига осилиб, тоғу тошни ларзага келтириб дод-фарёд кўтарар эди… Афсуски, қиз бундай қилолмади… Давлатшо ҳам йўл-қуйин деярли гапирмади. Рамизнинг саволларига узуқ-юлуқ жавоб бериб келди, холос. — Сенга нима бўлди, журналист. Тинчликми, ўзи? Юрак-пурагингдан уриб қолмадими, мабодо. Ҳали ҳам кеч эмас… Истасанг қайтариб олиб бориб қўяман, — дер эди ҳайдовчи ҳазил аралаш кулиб… Давлатшо индамас эди. Кўз ўнгидан ҳаётида куни кеча рўй берган ўзгаришлар секинлаштирилган кино каби бир-бир ўтарди. Йигит буларнинг ҳаммаси чиндан ҳам ўзи билан юз берганига ҳеч ишонгиси келмасди… Ташқарида эса аёз. Ўша қадимги совуқ. Изғирин… Аччиқ еллар-у дайди шамоллар. Хуллас, қаҳратон қиш ҳукм суради… Бироқ йигит уларга кўникиб қолгандай… Гўё у илгаригидек совқотмай қўйган. Гўё бу ерлар энди унинг учун қадрдондай бўлиб қолган… Ўзи ҳам ўзига илгариги Давлатшо эмасдай туюларди… Чиндан ҳам у энди аввалги Давлатшо эмас эди-да… У она юртига у-буни кўриб, кўзи очилиб, ҳаётида улкан бурилиш юз бериб, эркакка айланиб қайтаётган эди… Давлатшо йўлда кетиб борар экан, кўз ўнгидан тунов кунги висол онлари ҳеч кетмас эди… У ўша дамларни эслаган сайин, қони қизиб борарди… Улар сомонхонада…Туйғуншо эҳтиросдан оҳиста титрайди. Йигит уни маҳкам қучоқлаб лабларидан бўса олади… Кўз ўнги туманлашиб боради. Атроф қоронғу. Давлатшо ўзини бошқара олмай қолди… Қиз ҳам унга қаршилик кўрсатмайди…Қўллари ўз-ўзидан Туйғуншонинг эгнидаги кийимларни бир-бир еча бошлайди…Қиз биргина ички кўйлакда қолди… Давлатшо Туйғуншони ечинтиргани сайин аъзои-бадани ўт бўлиб боради. Қиз ҳам ёнади… Ниҳоят у қизнинг эгнида қолган энг сўнгги ич кийимини ҳам ечиб юборади… Кейин шоша-пиша ўзи ҳам ечина бошлайди… Баданлар тўқнашади… «Чақмоқ» чақади… Ана, у қизнинг сийналарини ўпади… Эҳтиросдан энтикади… Айни пайтда ўт — ўт билан ўйнашаётган эди… Ниҳоят, бу икки ўт ёна-ёна бирлашиб кетадилар… Давлатшо ана шундай ширин онларни эслаб, қандай қилиб Ўшга етиб келиб қолганини ҳам сезмай қолди…