Гафур Юлдашев

Gafur Yuldashev  TorontoҒафур    ЙЎЛДОШЕВ (Гафур Юлдашев) - Канада Гафур Юлдашев родом из Узбекистана. 1955 года рожденния. Закончил  Литературный институт им. М Горького. Сейчас живу в городе  Торонто. До этого работал радио Озодлик (Свобода) в Узбекистане. Напечатанно 2(две) книги, сборник рассказов и сборник повестей в Узбекистане, (1996 и 1997гг.) _____________________________________________________      Қ А Р Ғ И Ш    Т Е К К А Н    К  И  М  С  А  ( ҳикоя )

        Қишлоғимиз этагидан катта канал оқиб ўтади. Каналнинг ёнида зовур бор. Канал билан зовур оралиғидаги, эни ўн беш – йигирма қадамча чўзилиб кетган жой ўтлоқ эди. Ерга кўк югуриши билан биз болаларнинг куни ўша ерда ўтарди. Мол-қўйни ўтлатиш баҳонасида, футбол ўйнардик, зовурдан балиқ тутардик, баданларимиз товуқ этиб бўлиб кетсада, дилдираганча, каналнинг муздек сувида чўмилардик.

        Ўшанда чаёнларнинг авжи думи қайрилган, саратон ойининг ўрталари эди. Ҳасан акасининг эгма тўрини олиб келди. Уч бола зовурга тушдик. Қолган тенгдошлар узун хода билан зовурнинг ўйдим-чуқур жойларига уриб – балиқ ҳайдашди, роса балиқ тутдик. Овни тугатаётганимизда, қирғоқдаги Ҳасан бирдан менга бақирди:

        – Тўймурод, ўлдинг! Сигирингни биров ғўзани ичида ушлавобти!

         Жонсарак тепага чиқдим. Зовурнинг нариги томони пахта даласи бўлиб, ғўзалари тиззага етган даланинг қоқ ўртасида, бир киши менинг тарғилимни катта йўл томон судраб борарди. Катта йўлнинг четида эса оқ “Волга”, ёнида шляпалик бир одам, қўлини белига тираганича, кеккайиб турибди.

        Югурдим. Мен етиб боргунимча, сигир етаклаб келаётган одам ҳам шляпаликка яқинлашиб қолди.

         – Ака... ака... эт-тоға, сигиримни беринг, – дедим шляпаликка ўн қадамча қолганда, тўхтаб. Бетлари бужур шляпалик қошларини чимирди, амирона важоҳат билан:

        – Ҳа-ит эмган, сигир сеникими, қани бери келчи! – деди.

        Унинг турқидан ҳадиксирасамда, мажбур ёнига  яқинлашдим. У кутилмаганда, юзимга тарсаки тортди. Зарбдан нарига учиб тушарканман, қулоғим шанғиллаб, кўзларимдан ўт чиқиб кетди-ёв. Йиғламсираб ўрнимдан турдим. Жон аччиғида, уни онасидан келиб сўкдим. Шляпаликнинг кўзлари ёниб кетди. Гўштли, бужур юзлари қизариб, қошлари пир-пир учганича, “Вой ҳароми-е-эй!” дея  менга қараб хезланди. Қочдим. Айни дамда, аламимни олганимни англаб, оғзимга келган сўзларни қайтармай, сўкавердим. Ўша чоғларда биз болаларнинг орасида расм бўлган бир бемаъни гап ҳам шу йўсин оғзимдан чиқди:

        – Онангни хотин қилай – кечаси маз-за қилай! Воҳай-йй!! Ясадиммми!!!

        Сигиримни ушлаб турган кимса:

         – Ҳўй тирмизак, биласанми бу киши ким?! – деди.

        Шляпалик ҳам ўзини тутолмай бақирди:

         – Соқивой, ушла у ит эмганни!

        Соқивой сигирни арғамчисини итқитганча, мени қувлашга тушди. Бор кучимда қочдим. Соқивойга хомсемизлиги халақит бериб, тезда ҳансиради. Тутолмаслигига кўзи етгач қайтиб кетди. Мен зовурдан ўтиб олдим. Энди улар машина билан келишганда ҳам мени тутиша олмасди. Яқиндаги дўмликка чиқиб, бўралаб сўка бошладим. Ора-чора болаларга хос беибо қилиқлар ҳам қилиб қўяман. Бироқ бу иш узоққа чўзилмади. Улар мендан юз ўгириб, йўлдан ўтаётган юк машинасини тўхтатишди. Шляпалик юк машинаси ҳайдовчисига алланарсалар деди. Машина яқин орадаги ўнгирга тисарилиб борди-да, ҳайдовчи билан Соқивой тарғилимни унга чиқарди. Нима қилишни билмай қолдим. Яна сўкаверай десам, улар ортиқ эътибор беришмаяпти. Ноилож ўтирдим-у, йиғлаб юбордим.

        Ёнимга болалар келишди.

         – Тўймурод, қара, отанг келди! – деди бир пайт Ҳасан.

        Бошимни кўтариб, оқ “Волга” атрофида пайдо бўлган одамларни кўрдим. Отам эса нарида, сигиримиз ортилган юк машинасининг йўлини тўсиб турарди. Шу пайт шляпалик ўшқирганча отамга қўлини пешлаб борди. Рўпара туриб қолишганида, ҳатто урмоққа чоғланди. Лекин унинг бўйи паканароқ чиқиб, отам шляпаликни билагидан шарт ушлади-да, бир силтаганича ағдариб ташлади. Атрофдагилар “ҳой-ҳой”лаб отамни ушлашди. Айримлари наригини ўрнидан турғизиб, учиб кетган шляпасини қоқиб-силкиб олиб беришди.

        – Вуй отангни зўрлигини қара ! – деди ўртоғим Адхам.

        – Бунинг отасини  бекорга полвон дейишмайди-да, ахир! – деди Зокир деган яна бир тенгдошим.

       Ранги қув ўчган шляпалик эса турган жойида отамга дағдаға қилди ва юк машинаси ҳайдовчисига ўгирилиб, қўлини пахса қилганча ўшқирди. Шундан кейин сигиримиз ортилган юк машинаси жўнаб кетди. Шляпалик эса бориб оқ “Волга”га ўтирди-да, жўнаб кетди.

        Отам билан бирга қолган ҳамқишлоқлар нималарнидир гапириб, мен томонга қарашди.

       – Тўймурод, қоч, отанг энди сени ўлдиради! – деди Адхам.

Отам мени ҳеч қачон урмаганди. Лекин ҳозирги вазиятда негадир қўрқиб кетдим. Дўмликдан тушиб, қишлоқ томонга югурдим. Қишлоққа боргач ҳовлимизга киришга юрагим дов бермади. Қош қорайгунча кўчада юриб, говгумда дарвозадан аста мўраладим. Ҳовлининг ўртасидаги ишкомга осилган чироқ ёниб турарди. Атроф жим-жит. Ичкарироққа бош суқарканман нарида онамнинг пақирдан лаганга сув олаётганини кўрдим. Бирдан онам ҳам мени кўриб қолди ва беихтиёр қўлидаги чўмични менга қараб отди:

        – Ҳ-эт, кепатанг қурғур!

        Дарвозани шарт ёпишга улгурдим. Чўмич дарвозага урилиб, даранглаб ерга тушди.

        – Ҳой келин, қўйинг, қўйинг-э! – дегани эшитилди энамнинг. – Норасида боламда нима гуноҳ. Худойим ановиларнинг жазосини берсин! Тўймурод, ке болам, ке-келавер, – энам мени чақирди. Аста кириб бордим. – Ке болам, шу пайтгача қаерларда юрибсан? Қорнинг ҳам очиб кетгандир? Дастурхонни оч, нон бор. Қандчой қилсанг, бўктириб еб оласан. Кел болам, бу ёққа ўтир.

        Бориб чорпояга, энам кўрсатган ерга ўтиргандим синглим югуриб келди ва бидирлаб гапиришга тушди:

        – Ака, Мелисалар келиб, отамни қамоққа олиб кетишди!

        – Эт-товушингни ел олсин-э! – деди энам. – Тавба қилдим десангчи. Ким айтди сенга бунақа гапларни?

       – Анови Мавжу, отангни қамоққа олиб кетишди деди-ю...

       – Ҳ-э-ўша Мавжуни ҳам... қамоққа эмас, отанг ҳали замон келади. Бор уйга кир, ёш бола билмаган нарсаси ҳақида бунақа гапларни гапирмайди, ёмон бўлади.

        Синглим ичкарига кириб кетди. Энам оғир хўрсинди. Уй ичидан онамнинг йиғлаган товуши эшитилди.

         – Эна, – дедим секин, – ўша шляпалик ўзи ёмон одам экан.

        Энам бошини кўтарди. Хўрсинди.

        – Болам, Худойимни ўзи ҳаммасини кўриб турибди, – деди энам ва буюрди. – Тезроқ чойингни ичиб, ёт, эрталаб саҳар турасан, бувинг укаларинг билан бирга, сенларни шаҳарга олиб боради. Ажовмас, жўжабирдай жонларингни кўриб, ўшаларга Худойим инсоф берар.

        Эртасига тонг қоронғусида онам бизни туртиб уйғотди. Шошиб ҳаммамизни кийинтирди. Йўловчи машинада шаҳарга жўнадик. Энг зўр, ҳашаматли бино олдига бориб, катта арчалар панасида турдик. Орадан ҳеч қанча ўтмай менга таниш бўлган оқ “Волга” бинога яқин жойда тўхтади. Онам бизни шошилтирганича машина томон судради. Машинадан ўша шляпалик тушди. Бизга шунчаки қараб ўтаркан, бирдан нигоҳи мен билан тўқнашди. Кўзлари йириклашиб кетди. Ранги-қути ўчганча гапирди:

        – Ҳа-а, ит эмган, кеча тилинг жа-а бурро эди-ю, бугун иштонигга сийиб қўйгандай турибсан!

         – Тоғаси буни кечиринг, болалик қилибди, – деди онам ва мени қулоғимдан чўзди. – Кечирим сўра! Безбет, кечирим сўра! Кечирим сўра деяпман, бетамиз! Кечирим сўра!

        – Кечиринг! – дедим ерга қараганча.

        Онам хокисор овозда, тез-тез гапириб, ялинишга тушди:

        – Кечиринг бу бетамизни тоғаси, болалик қилибди! Мана энди ўзи изза бўлаяпти! Кечиринг! Отасини ҳам кечира қолинг! Мана бешта боламиз бор! Отаси урушда бўлган, орденлари бор, ўзи инвалит! Кечира қолинг, энди!

        Шляпаликнинг кўзлари чақчайди:

        – Отасининг ишини суд ҳал қилади. Судга боринг. Энди шу ҳаромиларнинг отасини иши билан шуғулланишим қолганди! – шундай дея шляпалик нарида турган милиционерга деди: – Нега қараб турибсан! Иккинчи шунақалар мени олдимдан чиқса, ишдан бўшадинг!

         Шляпалик шахдам қадамлар билан салобатли бинога кириб кетди.

         Онам бошимга бир туширди:

         – Ҳув келатанг келгур, ҳаммаси сени деб бўлди!

        Мушт зарбидан ўтириб қолдим. Тура солиб қочишга чоғланарканман онам йиғлаб юборди-да, бошимдан ушлаб, бағрига тортди.

       – Худога солдим! Худога солдим!! – деди онам йиғи аралаш. – Ўзинг ҳаромисан! Мен буларнинг ҳар бирини Худодан тилаб олганман. Ўзинг ит эмгансан! Жазоингни Худо бермаса, у дунё – бу дунё рози эмасман!!!

        Бирдан укаларим ҳам йиғлашга тушди. Ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Милиционерлар бизни бу ердан кетишга ундади.

       Уйга қайтиб келганимиздан сўнг оиламизда қайғули вазият ҳукмрон бўлди.

        Қуёшнинг тиғи қайтганида, энам инқиллаб чорпоядан тушди-да, катта оқ рўмолини ўраб, устидан отамнинг костюмини ташлаб олди. Ўша пайтларда кекса аёллар рўмол устидан эркакларнинг костюмини ёки тўнини ташлаб олишарди.

        – Юр болам, – деди энам менга. – Ҳовуз бўйига чироқ ёқиб келайлик. Ўтган-кетганларнинг руҳи мададкор бўлиб, отангни бало-қазолардан асрасин!

        Қишлоғимизда бир ҳовуз бор эди. Кенглиги тўрт хонали уйдан чоғроқ. Суви қишин-ёзин тип-тиниқ, ҳовуз ичидаги ўтлар ва сузиб юрган балиқлар бемалол кўриниб турарди. Ҳовузнинг атрофида учта норғул қайрағоч ва этак томонида баланд, баҳайбат бир тут бўлиб, бу ерни ҳар доим сўлим, салқин қилиб турарди. Қишлоғимиз аёллари бир қаричли чўпга, пахтани юпқа ўраб, ёғига ботиришарди-да, олиб келиб, тутнинг тагидан бир-икки қарич нарига ёқиб қўйишарди – шуни “чироқ ёқди”, дейишарди.

        Биз болалар балиқларни томоша қилгани ҳовуз бўйига кўп борардик. Катталар балиқларни тутдиргани қўймасди. “Балиқларни ким тутса, бўйнига бўқоқ тушиб қолади. Пес бўлиб, қўли қалтираб, бир ойдан кейин ўлиб қолади!” дейишарди.

        Энамдан эса ҳовуздаги балиқлар ҳақида бошқа бир гапларни ҳам эшитганман. Эмишки, бу ерларга Хизр бува пойқадами етган экан. Тут тагида салқинлаб, ҳовуздан сув ичганида, бир томчи унинг лабига тегиб, қайтиб тушган экан. Ана ўшандан буён балиқларга ҳосият битибди. Энди ким тут тагига чироқ ёқиб, астойдил ният қилиб, Худодан бирор нарса сўраса, балиқлар одамларнинг ниятини Яратганга етказаркан.

        Энам чироқ ёққани авваллари ҳам келарди. Ҳар доим мени ё укаларимдан бирини етаклаб оларди. Қачон бу ерга келсак жим-жит бўларди. Аммо бу сафар тут ёнида ўзгача бир ҳолни гувоҳи бўлдик. Йўғон бир оқ илон тутнинг тагида турарди. Безовталаниб, тўлғонганича вишилларди.

        – Эна, қаранг, илон! – дедим юрагим ҳаприқиб.

        Энам орқасига хиёл тисланди. Бошидаги отамнинг костюмини тўғрилаган бўлди. Сўнгра худди мол ёки қўйни ҳайдаётгандек ҳассасини илонга қараб қимирлатди.

        – Кет жонивор, кет! – деди энам. – Ло Иллоҳа Иллоллоҳ Муҳаммадун расулиллоҳ!

        Илон бизга қараб, қаддини дол кўтарди, совуқ кўзларини чақчайтириб, баттар вишиллашга тушди. Бироқ энам жойидан жилмади:

        – Кет жонивор, кет! Ло Иллоҳа Иллоллоҳ Муҳаммадун расуллуллоҳ!

        Илон қоп-қора, айри тилини қимирлатганича селпиниб туриб қолди. Унинг важоҳатидан қўрқиб, энамнинг орқасига қапишдим. Энам бари бир жойидан жилмади, ҳассасини қимирлатиб, калимани яна қайтарди. Ниҳоят илон буралиб-тўлғониб ортига қайтди. Тутни айланиб ўтаркан, нариги тарафдаги ковакка кириб кетди.

        – Жонивор нимадандир безовта, ишқилиб тинчлик бўлсин-да, – деди энам ва тут ёнига бориб, “Бисмиллоҳу раҳмону роҳим”, дея чироқ ёқишга тутинди. – Ер қимирлаган йили ҳам томимиздан шунақа бир оқ илон тушиб, жа безовта бўлганди. Бу жониворлар сезгир бўлади, ҳар нарсани олдиндан билиб туради. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да!

        Энам чироқ ёқиб, тиловат қилгунча, тут ёнига боришга юрагим бетламай, нарида турдим.

        – Бу ёққа кел, – деди энам юзига фотиҳа тортганидан кейин. Бордим. Мени ёнига ўтиргизиб қўлини қайта дуога очди: – Эй Худойим, шу норасидаларнинг бахтига отаси соғ-омон қайтиб келсин! Бало-қазолардан сақлагин! Дўст-душманнинг ичида, ўғлимнинг юзини ёруғ қилгин! Ўғлимнинг эрлик бошини ҳеч қачон паст қилмагин, Худойим!..

         Энамнинг овози қалтираб чиқаркан, юзларига қараб ҳайрон қолдим, ҳеч кўрмагандим: энам йиғларди! Бақирмасдан, кўзларини чиппа юмиб, салобатига яраша жимгина йиғларди. Мижжаларидан сизиб чиққан…