Беҳзод Фазлиддин

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (4 голосов, средний бал: 3,25 из 5)
Загрузка... Люблю литературу, особенно, поэзию с детство. Занимаюсь творчеством более 10 г. _______________________________________________________________________________________________ ***   Ҳадемай ёришиб кетади осмон, Тим қора булутлар чекинар бирдан. Мен, ахир, бошқа бир дунёнинг хасми, Бош олиб кетаман бу малъун ердан.   Юрак тилга кирса, сўзламас ёлғон – Ҳали кунлар келар – ёруғдан-ёруғ. Бир олий маслакда бирлашар осон Айро тушиб қолган Вужуд ила Руҳ.   Бошимдан айланиб, ўргилар само, Кўксимда нимадир ярқ этар шу тоб. Ердан бир тилакка ўхшаган дуо: Юлдузингни қидир, юлдузингни топ!   Осмонга қоришиб кетарман охир, Ҳақиқат тонгига туташ тушларим. Ҳеч кимга, ҳеч кимга ботмайди оғир Толеъ юлдузимнинг жилмайишлари...   ***   Ў, кимлар ўтмади бу даҳри дундан, Не‑не давру даврон, замонлар ўтди. Кимга ўйингоҳ‑у, кимларга зиндон, Оташпараст ўтди, шомонлар ўтди.   Гоҳ шодлик шароби, гоҳ ғамбодалар – Ипакка ўранган ҳарамлар ўтди. Мангу қололмади фиръавнзодалар, Қонсутга чўмилган санамлар ўтди.   Чиркин чирмандалар, маъюс машшоқлар, Ғурурни таҳқирлаб баччалар ўтди. Нобуд бўлди қанча шаҳар, қишлоқлар, Дунёсидан дунёваччалар ўтди.   Ўтдилар, ўтдилар, ўтдилар қатор, Қорунлар, ҳорунлар – ўтмаслар ўтди. Ўткинчилар келди такрору такрор, Гўё фано қўли етмаслар ўтди.   Ўтувчи очуннинг ўтиш фаслида, Ҳақиқат бўғзида мангу бўз қолди. Барини бир ёқлик қилмоқ қасдида Фақат Сўз, фақат Сўз, фақат Сўз қолди.  

СЎРОҚ

  Дилни дилга йўлламай, Йўлни йўлга уламай. Ҳеч йўқса, бир гулламай, Сўлиб кетаверайми?   Танда бор чўғим шу, деб, Бандалик чоғим шу, деб, Менинг бор-йўғим шу, деб, Нолиб кетаверайми?   Кўкламлар нафасида, Гуллаш арафасида Тошларнинг орасида Қолиб кетаверайми?   Қандай кунга кўндим-ай, Ич-ичимдан синдим-ай. Ёнингизда индамай Ўлиб кетаверайми?   Нега жимсиз?!   ***   Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман, Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман. Завол билмайдиган манзилни кўрсат, Томирларим билан кўчиб бораман.     ***   Чиқиб кетса эди шу иблис қондан, Сўнг топа олмаса мангуга изим. Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан, Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.   Қайтадан тозарсам – севсам қайтадан, Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум, Арш сари зиналар қўйсам тавбадан, Саодат асрини эслатса умрим...   *** Шу кеча эртагин тугатмаса қор, Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак, Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак, Майлига, кечикса кечиксин баҳор.   Эртани ўйлама, чўчима сира, Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди, Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди, Ҳар босган изимиз биллур хотира.   Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини, Оҳиста чекиниб тун пардалари, Юзингда порласа ой парчалари, Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини.   КЕЛДИМ   Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар, Дунё товланишдан чарчамади ҳеч. Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар, Келиб кўзларимдан кишанларни еч.   Бору йўғим билан ўзимга хосман, Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ. Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон, Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.   Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам, Мудом борлигингни билиб яшадим. Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам, Ёдингни машъала қилиб яшадим.   Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб, Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман. Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб, Сен учун ўзимни асраб юрибман.   Асло тополмасин қайғу изингни, Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан. Уйқуларингда ҳам асра ўзингни, Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.   Ой яна бепарво кўчамдан ўтар, Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим. Кўзларингни очгин, пардани кўтар, Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!  

ЙЎЛ

  Ғариб кунлар бардошимни ичиб борар, Қай манзилда чанқоқ босай, қайда тўхтай? Бўғиламан – ҳаволар ҳам қочиб борар, Бу дунёда мендан бошқа ёмон йўқдай.   Ийманади ғамдан олдин юз очгани, Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим. Яна қанча муддат керак кўз очгани, Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим.   Увол қилмай – эрмак учун ўлдирмасдан, Лаҳзаларни капалакдай тутаверсам. Худойимдан бошқасига билдирмасдан, Чумолидай ризқим териб кетаверсам.   Етолмасин, мангу ортда қолиб кетсин, Армонларнинг қушларига дон бермайман. Андуҳларим мендан олдин ўлиб кетсин, Қуёшни бир ўпмай туриб жон бермайман...  

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

  Сочларимда оқ гуллар, Кел, уларни тер, болам. Йўлингга муштоқ йўллар, Болам бўлиб бер, болам.   Кўксимга ой беркитдим, Юлдузларга чой тутдим. Отангдан ҳам кўп кутдим, Бахтим бўлиб бер, болам.   Титраган созингни қўй, Бўғиқ овозингни қўй. Қалам-қоғозингни қўй, Ўғлим бўлиб бер, болам.   Йўл учун туққанмидим, Гул учун туққанмидим, Пул учун туққанмидим, Борим бўлиб бер, болам.   Қалдирғоч синглинг беҳол, Қанотидан хатни ол. Ишинг кўпдир, эҳтимол, Келмай қўявер, болам...   ТАҚВО   Улар ўктам, минг бор шижоатлироқ, Кеча-кундуз қойим, қўлида тасбеҳ. Яратганга мендан итоатлироқ, Ҳар нега соатлаб изламас ташбеҳ.   Шамол шовқинидан бежоланмайди, Тунлари дув-дув ёш тўккани билан. Шохларин силкитиб ҳаволанмайди, Кунда бир мўъжиза туккани билан.   Ҳар нечук, қисмати ойдин экан-да, Ғўдир пешонаси бунча ярақлар. Бош эгиб ҳам ўсиш мумкин, дегандай, Таъзим қилиб турар мулло дарахтлар.            ЎРТАР   Ғуссалардан олтин қафас қургандайман, Лахча-лахча чўғ устида юргандайман, Бу дунёда ижарада тургандайман, Толеъ деган қилмас писанд, Машраб бобо.   Енгилгина қўшиқлари ялло-ялло, Оёқларнинг остиндаги лойми, тилло? Каминанинг тахаллуси чаламулло, Тутумим ҳам шунга монанд, Машраб бобо.   Нега келдим манов ғурбат маконига? Тутиб бердим ўзимни ғам пайконига, Кўзим куйди кириб севги дўконига, Жандангиздан олмадим панд, Машраб бобо.   Томиримдан куйлар оқар – сувораман, Кўзёшлари завқ улашган фаввораман, Ўз-ўзимни авраш билан овораман, Кўнглим синиқ, дилим дардманд, Машраб бобо.   Йўл юраман, мўл юраман, йўлим етмас, Хирожига на жоним, на молим етмас, Йигирма беш йилдан бери қўлим етмас, Этагингиз бунча баланд, Машраб бобо!?

        БИР ҲОЛАТ

  Кутдинг нима, кутмадинг нима – Парвосига олмай вақт ўтар. Олам олти кунлик жимжима, Кўз очгунча йўқолар-битар.   Ёздинг нима, ёзмадинг нима – Шеър балога ёндош ҳимматдир. Кампирона нағмаси ила Дунё битта Сўзга қимматдир.   Севдинг нима, севмадинг нима – Ўз-ўзидан озод одам йўқ. Бари бирдай топгай хотима, Яшаш учун баҳона ҳам йўқ.   ДЎСТ   Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик, Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон. Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик, Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.   Нечундир, бу ҳолга осон кўникдим, Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани. Ёнингга бормасам, кечир, севиклим, Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.   ***   Ризқим тош бўлса ҳам, ҳалол эт – қанд қил, Мени мендан қутқар, Ўзингга банд қил. Тубанда юзимни йўқотаёздим, Мени юрагимдан бошлаб баланд қил.     CЎНГГИ ВАЪДА   Ёруғ шеърлар ёзаман энди, Сен ҳам фақат яхши тушлар кўр. Мен иккинчи ўзимни енгдим, Ҳеч нарса йўқ юрагимдан зўр.   Ўз измига тушар ҳаммаси, Қор остида қолиб кетмас из. Жинкўчада зулмат  шарпаси, Омон сақлар бизни Ишқимиз.   Ота, сизга ўхшолмайман деб, Беркитмайман нурга хонамни. Бу аҳволда яшолмайман деб, Қўрқитмайман мушфиқ онамни.   Нима йўлдан урар бандани? Айтганингдан четга жилмайман. Тангрим, кечир мен арзандани, Ортиқ Сенга исён қилмайман.   Ўз юртига ҳайдайман ғамни, Йўқотишдан, тамом, қўрқмайман. Тополмаса агар кулбамни, Ёруғликни ўзим йўқлайман.   ***   ҳали тортилмаган азоблар кўпдир, ҳали севилмаган севинчлар олдда. ҳали ёзилмаган китоблар кўпдир, ҳали номсиз ҳислар турибди галда.   ҳали ўз сўзини айтажак ёшлик, доно кексаликка элтар бу йўллар, бебаҳо сўзлар бор, олам талошлик, бизни охиргача муҳаббат қўллар.   ҳали дил навраста, ҳали дунё кенг, умид элчиларин йўллайверар Ҳақ. ҳали умри узун бўлар ўлимнинг, ҳали мангуликка бўйлайверар халқ…