Aliya

SGT-I9300Родилась 1990 году в Сурхандарьинской области. С детства интересуюсь литературой и начала писать стихи. Мои стихи и рассказы публикуются в различных газетах страны и за рубежом под псевдонимом Алия. В этом году были опубликованы две мои книги под названиями «Оқ қушлар қўшиғи» («Лебединая песня») и «Осмон бир дунё» («Возвышенный мир»). Я стала победительницей Республиканского фестиваля «Юксак маънавиятли авлод - 2015» («Высокодуховное поколение - 2015») и Республиканского конкурса одаренной молодежи «Юрт келажаги - 2015» («Будущее страны - 2015») по номинации «Литературное произведение» по направлению «Проза».


Сарлавҳа

(ҳикоя)

 
  1. Сарҳуш ўйлар исканжасида

Бир неча кундан буён шу алфозда ўтирибман. Битта саҳифа очиб қўяман-у, нима ёзишни билмай, мониторга термулганча ўтиравераман. Ёзмоқчи бўлган мавзуларим ўзимга бачкана, эскириб сийқаси чиқиб кетгандек туюлаверади. Қачондан буён ёзишни мўлжаллаб юрган ғояларим ҳам охори тўкилиб бораётгандек кўринарди ўзим учун. Хуллас... Бир неча кунлик абгор аҳвол шу... «Йўл-йўлакай» пайдо бўлган майда-чуйда юмушларни бажариб оламан, кутилмаганда кимдир қўнғироқ қилиб, режаларимни бузиб юборади ёки ишга боришимга тўғри келиб қолади. Ёзолмайман.

Нима ҳақида ёзмоқчиман ўзи? Аввало, шуни ўйлаб олишим керак... Қўлимга калам олиб, ёзишни машқ қила бошлаган кунимдан бери, эҳҳе, нималар ҳақида ёзмадим... Қандай мавзуларни тилга олмадим. Аммо... бугун эринмасдан ҳамма ёзганларимни бирма-бир кўздан кечириб чиқдим-у, ҳали ўзим айтмоқчи бўлган сўзларнинг мингдан бирини ҳам айтолмаганимни тушундим. Жавонга тизиб қўйилган китоблар орасидан менинг муаллифлигим остида нашр қилинган тўрт дона китобни ажратиб олдим: «Ёлғиз қалблар» «Куз ёмғири» «Икки дунё» «Йиллар»... Улар орасида ҳам мен излаган «нимадир» йўқ эди.

Нима ёзмоқчиман? Диққатни жамлаш намунча қийин бўлмаса? Нима ёзмоқчилигингни билмасанг ҳам қийин экан. Қандай дардга чалинганини билмайдиган бемор аҳволида, ўзимни бироз чалғитиш учун мактабдош дугонам Санобарга қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан сўнг узоқ гаплашиб улгурмасимиздан, дугонам безовта бўла бошлади:

- Солиҳа! Хой, Солиҳа дедим!

- Нима бўлди, Санош, тинчликми?

- Кичкинам юришни ўрганган, ташқарига чиқиб кетди, ҳалироқ гаплашамиз, дугон...

- Бўпти, соғ бўл, қизингни ўпиб қўй... - дея телефонни ўчирдим.

Негадир дугонамнинг хавотирли овози қулоғимдан кетмасди. Бир ёшгина гўдак, чиқса қўшни хонага чиқади-да, нима бўпти шунга? Шунчалик хавотирланишга арзирмикин?

Кутилмаганда идрок этган фикримдан ўзимнинг ҳам кўнглим ёришиб кетди. Назаримда, нима ёзмоқчи бўлганимни англаб етгандек эдим. Сархуш ўйларимни, сарсари диққатимни бир жойга жамлаб, яна ноутбук қаршисига ўтирдим...

  1. «Сени онанг ёмон!»

Болалик чоғларимни эсласам, ширин хотиралардан кўнглим алланечук бўлиб, орзиқиб кетаман. Қишлоқ кўчалари, тупроқ кечиб, яланг оёқларда юрган болалигим мени ҳамон ўша сарҳадларда кутиб тургандек, ўзимга қўшилиб «Бештош» ўйнайдигандек туюлади. Аммо, барча қаламкаш ижодкорлар сингари онамнинг «арзандаси» бўлмаганман. Кенжа фарзанд бўлсам-да, бирор марта уларга эркалик қилганимни эслолмайман. Чунки, ўртада девор бор эди...

Оилада уч фарзанд эдик, ҳаммамиз изма-из туғилганимиз сабаб дадамнинг илтимоси билан менга бувим ғамхўрлик қилганлар. Ҳамма инжиқлигимни бувимга қилардим. Ҳамма эркалигимни бувим кўтарардилар. Ҳатто, болалар боғчасига ҳам ўзлари етаклаб олиб бориб, кечқурун ўзлари олиб қайтардилар. Кўпинча, дўстларимни олиб кетгани келган ойиларни кўриб, кечқурун бувимни саволга тутардим:

- Бувижон, нега мени боғчадан онам олиб кетмайдилар?

- Онанг биздан бошқа туради-ку, опаларинг билан...

- Нега мен улар билан турмайман?

- Онангни сенга қарашга вақти йўқ!

- Нега вақти йўқ?

- Маҳмадоналик қилавермай, овқатингни есанг-чи! - дарров жаҳли чиқарди бувимнинг, бувамга, амакиларимга юзланиб, шикоят қилиб қўярди, - боқиб катта қилган ким-у, онасини сўрайдилар бу киши гўдак ҳолига!

- Хай, бир сўрабди-да, қўймайсан-а шу болани! - бувам гапни чувалатишни истамасди.

- Шунчалик азиз бўлса, борсин онасига! - дея аразларди бувим, - қани, ортиниб қарармикин?

- Сенга бировни иши тушмасин, бировга яхшилигинг ўтмасин сени! - кесарди бувам. Амакиларим аралашмасликни маъқул кўришарди.

- Онанг ёмон сени! - бувамдан бир иш чиқмагач, бувим аламини мендан оларди. - Яхши она ўнта боланиям эплайди! Сени яхши кўрмайди, бўлмаса сени менга топшириб қўярмиди?!

Ҳеч ким индамасди. Мен ҳам бола ақлимга, бувимнинг гапларига ишониб қўяқолардим. Рост-да, ойда бир кўргани келадиган онам мени яхши кўришига қандай ишонай ахир?

Ҳеч ким менга онамнинг «қайнона танламаган келин» эканини айтмасди. Кичик опамнинг соғлиғи ёмонлиги сабаб, онамнинг касалхонада тонг оттириб чиқишини билдиришмасди менга. Бола эдим-да...

Дадам ҳафтада бир мендан хабар олгани келарди. Доим келадиган вақтини тахмин қилиб, дугоналаримникига чиқиб кетардим. Улгурмай қолсам, девордан ошиб, қўшниларникига ўтиб кетардим.

- Бола-да, кам келганингга бегонасираяпти, - дерди бувим. - Меҳр кўзда бўлади. Айтдим, сенга ўшанингга уйланма, деб. Ана кўрдинг, боланг кунда касал...

Мен «болалигим»га бориб бегонасираганим эмасди бу. Дадам мени олиб кетишларини истамасдим...

  1. Аросатда

Ўша кунлар ҳам ўтди, опамнинг мен билиб-билмаган дарди ҳам ариб, ниҳоят, ўз уйимга олиб келишди мени. Аммо, кўзим бувимнинг уйларидаги сўзаналар манзараларига ўрганган, ҳозиргидек тараққийлик даври деб бўлмаса-да, «шаҳари» онамнинг «охорли» рўзғор тутуми менга эриш туюларди. Опаларим билан кўп тортишиб қолардим, табиийки, кичик бўлганим сабаб кўпинча жабрдийда ҳам ўзим бўлардим. Шундай пайтларда бувимнинг гаплари ёдимга тушарди: «Онанг ёмон сени...»

« - Ҳа, тўғри, дердим ўзига ўзим. - Агар онам яхши бўлганида, опаларимни бундай дилозорликка ўргатмаган бўларди...»

Хуллас, ўз қобиғимга ўралиб олдим. Улар билан очилиб гаплашмасдим, ўгайдек тутардим ўзимни. Онам айтган ишни албатта тескарисини бажарардим. Гўёки, бу билан «мени ёмон кўргани» учун жазолардим ўзимча... Дадам эса кун бўйи ишда, менинг руҳиятим билан қизиқишга вақти йўқ. Фақат ўқишимиз билан қизиқарди, бу масалада қатъий назорат остида эдик. Келажакда катта-катта ўқишларда ўқишимизни истарди дадам...

Кейин... нимадир бўлди-ю, бувим ва онам ўртасида жанжал чиқди. Онам қаттиқ ранжиди шекилли, нарсаларни йиғиштириб, бизни ҳам олдилар-у, шаҳарга - ота уйига равона бўлдилар. Ўшанда мен онамга «Сиз билан кетмайман, бувимларникига бораман...» - деб айтмоқчи бўлдим, аммо нимадир тўсқинлик қилди. Онамнинг йўл бўйи йиғлаб келганими, дадамни кутмай кетиб қолаётганимизми... Онамга раҳмим келарди, аммо... Ўртада девор бор эди...

  1. Фаришта

Юқори синфга ўтган йилим, бошимизга мусибат тушди. Бувим ахийри ниятига етди - оиламиз заволга юз тутди. Буни, эҳтимол, жуда кеч билган бўлардим, аммо... Синфдошларим «укачалик бўлганим» билан табриклаб, заҳарли нишини санчиб олавергач, бу ҳақда катталардан сўрадим. «Шаҳарлик келин»нинг қизи бўлганим юриш-туришимда акс этиб туриши сабабли, синфдош қизлар менга хасад қилишини англайдиган, керак бўлса, кўп писандаларга муносиб жавоб бера оладиган ёшда эдим. Ҳақиқатни билгач, синфдошларнинг сўзлари юрагимга ўқдек санчила бошлади. Ҳар икки куннинг бирида машинасига миндириб бувимникига олиб борадиган, мени «кенжа қизим, эрка қизим» деб эркалатадиган дадамнинг энди бошқа «кенжа»си борлигини идрок этиш алам қиларди менга...

Гарчи, онамга нисбатан кўнглим илимаган бўлса-да, гарчи ҳамон ўша ўгайфеъллигим сақланиб қолган бўлса-да, дадамни иккинчи бор уйлаган бувимдан ҳам хафа бўлиб кетардим. Онам оиламизни сақлаб қолиш учун... кундоши туққан болага ўзи қарашини айтди, бувамнинг ёнига бир қарор ўтиниб бориб, тошбўрон қилиниб қайтди. Ўша манзара бир умр кўз олдимдан кетмаса керак...

Хуллас, бўлмади. Биз онам билан бу ерлардан кетдик. Бутунлай.

  1. Қолганлари ёлғон йиғлайдир...

Умримизнинг рутубатли кунлари...

Чироқ ёқса ёришмайдиган кунлари...

Шаҳарда яшаш осон эмас экан. Бувам (она тарафдан) тасвирлаганидек гўзал эмас экан бу шаҳар деганлари. «Энди шаҳарда турасан, қишлоғингдагидек икки чақирим наридан сув ташимайсан, газ дегани пориллаб турибди, ўчоғ-у тандирга ўрин йўқ!» - деганди бувам. «Ўзим уй олиб бераман, кам кўрмай яшайсан...» - дея лафз қилиб, дадамнинг машинаси-ю, бизнинг уйимизга даъво қилдирмаганди. Ҳеч вақосиз қолдик. Тирик етим бўлиб, бир сиғинди бўлиб яшай бошладик шундай «шаҳар»да...

Бу ерда, хоҳ шоҳ бўлсин - хоҳ гадо, хоҳ улуғ бўлсин - хоҳ гўдак, ҳамма яшаш учун курашишга мажбур эди. Бола ҳолимизда тирикчилик юкини елкамизга илдик. Бувам томоша қилиб тураверди. Йўқ, унақа десам, ёлғон бўлар; қўша-қўша юкларни ҳам илди, қўл қовуштириб ўтирмасдан...

Бизга уйидан жой бергани эвазига дадамдан келган алимент демай, онамнинг янги жойлашган ишидан олган маоши демай, ҳатто болалар пулимизгача йиғиб оларди. Нон ейиш учун эса меҳнат қилардик. Қишнинг совуқ кунларида юпун кийимда бозорга пишириқ сотгани кетаётганимни кўрган онамнинг юраги эзилар, аммо отасига қарши бирор сўз айта олмас эди...

Бозордаги харидорларнинг икки дақиқалик ачинишлари, баъзиларнинг раҳми келганидан қайтим олмай кетиши ўзимни тиланчидек ҳис қилишимга сабаб бўларди...

  1. Ўн саккиз ёш...

Тенгдошларим баҳор таъсирида еттинчи осмонларда сармаст парвоз қилиб юрган кунларда мен катта ҳаётга қадам қўйганим олти йилдан ошган, оиламиздаги «кучли жинс вакиллари»нинг кўрсатган кароматлари сабаб, кўнглимда аллақачон уларга нисбатан чегара билмас нафрат илдиз отиб улгурган эди. Аллақачон тошга айланган қалбимга бирров мўралаб ўтмоқ бўлган инсон борки, нафратим оловида куйиб, кул бўларди.

Шундай бўлса-да, тошда ҳам гиёҳ ундирди Худойим! Бир томчи ёмғир юрагимдаги нафрат оловини ўчириб, лолаларни ундирди унда! Аммо... Бу гал ҳам ишончим оқланмади, мени дунёларга алишмайдиган орзуим, ота-онанинг дунёвий орзу-ҳавасларига алмашиб кетди. «Тенг тенги билан!» - деди. Ўтмишимда, мен қилмаган хатоларни юзимга солди шу сўзлари! Ўзим қилмаган гуноҳ учун муҳаббатимдан қарғиш олдим ўша куни. Юрагим фақат интиҳор сўрарди мендан...

Дилим вайрон ҳолда уйга қайтдим. Туғилган куним эди ўшанда. Йигирмага етгандим. Кайфиятим йўқлигини сезган онам, нима ўйда эканимни билиб-билмай, мени ёнига чорлади.

- Опангнинг хасталиги билан бўлиб, сенинг борлигингни бешинчи ойга ўтар пайтинггача билмай юрган эканман ўша кезлар... Қўлимда иккита ёш бола, бу ҳам етмагандек, биттаси тез-тез касал бўлади... Дадангнинг қаршиликларига қарамай, сени олдириб ташламоқчи бўлдим, қизим. Мени тушун, ўшанда қўл-оёғим боғлиқ, боши берк кўчага кириб қолгандим. Аммо, кеч қолганимни айтишди.

Орадан вақт ўтди, ой-куним келиб, сен дунёга келдинг. Ҳаммаси яхши, сен соппа-соғ эдинг. Икки кун ўтгач эса тонг саҳарда мен ётган палатага врач кириб келди ва сенинг аҳволинг оғирлигини айтди. Сени сақлаб қолиш учун тез-тез қон қуйиб туриш, муолажалар нафи тегиши учун эса катетер қўйиш кераклигини айтиб, дадангни топиб келишни сўради. У пайтлар алоқа йўқ, ўзидан билиб келмаса бировни чақиришнинг ҳам иложи йўқ. Кечгача кутдик. Даданг келмади. Охири катетер қўйиш учун ҳужжатга ўзим имзо чекдим.

Туни билан ухламадим. Дуо қилмадим, бунга ўзимни ҳақсиз сезардим. Тилимда фақат тавба-тазарру: «Боламни олдираман, деганимга Худойимнинг қаҳри келиб, уни мендан олиб қўймоқчи...»

Шу кунгача сендан ўзимни узоқ тутганим сабаби ҳам мана шу виждон азоби, сенга ўзимни ҳақсиз кўришимда эди...

Умрингдан бор экан, Худойимга беҳисоб шукр. Ҳали узоқ яшайсан, бунақа туғилган кунларни кўп-кўп бирга нишонлаймиз ҳали. Ҳамиша бирор синовга дуч келганингда ўша кунни эслайман: «Мени қизим иродали, у ҳаммасини енгиб ўтиб, албатта маррага етиб келади!»

  1. Бизнинг кунлар...

Ҳалигача шу сўзлар менга қанот бўлиб келади. Бу сўзларнинг қудрати мени бутун Ўзбекистонга танитди. Мана шу сўзлар сеҳри юртимизнинг исталган бурчагида яшаб келаётган мухлисларимда мендан дастхат олишга иштиёқ пайдо қилади. Мен мана шу сўзларни ижод минорасига маёқ қилдим, қўлимдаги - йўлимни ёритган машъала бўлди улар...

«Мен Онамнинг қизиман! Онамнинг ишончи ҳаққи, енгилишга ҳаққим йўқ!»

Ҳа, мен ёзишни истаган сўзлар, қачондан буён дилимдан қоғозга кўчолмаётган оғриқлар шу эди. Гарчи, болалик ақлим ўртамизга урган деворни ҳатлаб ўтишга ўзимда аллақачон журъат топган бўлсам-да, ҳамон ўша қулаган деворнинг соялари, асоратлари кўнглимда аксланиб турибди.

Уйқу бермайди кечаларимга. На бировга айта оламан, на ўзим тушуна оламан. Виждоним қийналади. Чунки... мен онамнинг фариштадек аёл эканини аллақачон англаб бўлган бўлсам-да, ҳануз ўша бад ўйларим узрини келтира олганим йўқ.

Ўртада девор бор!

Телефонимнинг маҳзун мусиқа таратиб жиринглаши хаёлларимни бўлиб юборди. Катта опам экан. Бугун уч опа-сингил йиғилишиб, онамга совға олгани чиқмоқчи эдик. Эллик уч ёшни қаршилайдилар бугун...

Келишилган вақтгача бир соатдан кўпроқ вақт борлигини ҳисобга олиб, ҳозиргина кўнглимдан, хотиримдан ўтказганларимни оққа кўчиришга тутиндим. Аммо, бир зумда ўйларим хазондек тўзғиб кетди. Йўқ, мен адибаман, онамнинг сувратини борлиқнинг энг гўзал, энг рангин ташбеҳларида яратишим керак. Энг гўзал таърифда...

«Онажон...» дея сарлавҳа қўя олдим холос...

  Кўнглимни хазонваш кузларга бердим, Энг улуғ сўзларни музларга бердим, Сиз-чи, йўлларимга гул тиладингиз... Қоронғу умримга нур беладингиз... Сиз - мен ёзолмаган энг гўзал шеърим, Рангин англолмаган камалагимсиз... Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (97 голосов, средний бал: 2,96 из 5)
Загрузка...