Aliya

IMG-20131212Родилась 1990 году в Сурхандарьинской области. С детства интересуюсь литературой и начала писать стихи. Мои стихи и рассказы публикуются в различных газетах страны и за рубежом под псевдонимом Алия. В прошлом году были опубликованы две мои книги под названиями «Оқ қушлар қўшиғи» («Лебединая песня») и «Осмон бир дунё» («Возвышенный мир»). Я стала победительницей Республиканского фестиваля «Юксак маънавиятли авлод – 2015» («Высокодуховное поколение – 2015») и Республиканского конкурса одаренной молодежи «Юрт келажаги – 2015» («Будущее страны – 2015») по номинации «Литературное произведение» по направлению «Проза». И еще была награждена в конкурсе «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси -2015» («Самый активный пропагандист духовности года - 2015») по номинации «Самая юная пропагандистка года». Активная участница волонтерских групп пропагандистов духовности Республиканского Общественного Движения Молодежь «Камолот».


повесть "Болалар уйининг боласи"

отрывок

Айтишларича, Она - ўн саккиз минг оламдаги энг буюк зот қилиб яратилган экан. Аллоҳ унинг қалбига меҳрни тўлдириб, оёғи остига жаннатни тўшаган, ҳатто фаришталарга ҳам бундай юксак мақом бермаган экан.

Она фақат фарзанди билангина шундай юксак унвонга сазовор бўлиши мумкин. Чунки, у учун бу дунёнинг ягона бойлиги - фарзанди. Бу дунёда ҳамма бир-бирига хиёнат қилиши мумкин, фақат она ўз боласига эмас!

Кўпинча, Оналарни фаришталарга ўхшатишади. Улар қалби пок, гуноҳлардан фориғ ва юзларидан нур ёғилиб туради гўё. Бир сўз билан айтганда, ростдан ҳам фаришта...

Аммо, фаришталар фарзандлари учун дунёдаги энг эзгу тилакларни тилаш бахтига муяссар бўлишмайди... Улар Яратганнинг номини тилга олиб, фарзанд камоли тилга олинган ДУОларни зикр қилиш орзусидан мосуво яратилган! Уларда Онанинг қайноқ қалби-ю, дарё меҳри топилмайди! Улар Она бўлиш бахтига эриша олмайдилар...

Шундай экан, Оналарни фаришталарга эмас, фаришталарни Оналарга қиёслансанса, тарозу тоши бир мувозанатга келади.

Аммо, Оналарнинг барчаси шу қутлуғ номга лойиқми? Ростдан ҳам, агар уларнинг бари Она деган номнинг асл масъулиятини англаб етолган бўлса, болалар уйидаги болалар қаердан пайдо бўлиб қолишаяпти?

Бугун яна оғриқли нуқта, эслаганда юракни тирнайдиган мавзу қаламга олинди. Аммо, бу шундай бир тарихки, эшитган одам беихтиёр ёқа ушлайди...

Бунга «она меҳри» деб таъриф бериш, балки, жуда қўпол «ўхшатиш» бўлар. Лекин бу қадар паст кетиш учун «инсон» деган ном жуда-жуда юксаклик қилади!

****

«Қайсидир замонда бир аёл бўлган экан. Турмуш қурганига олти йил бўлган бўлса-да, сира фарзандли бўлолмапти. Бормаган табиби, қилмаган давоси қолмапти. Лекин ҳеч қандай нафи бўлмапти.

Аёл ҳар куни отаси набирасига деб келтирган бешикка суяниб, узоқ ўй сураркан. Кейин алла айтаркан. Шундан кейин кўнгли хотиржам бўлиб, бошқа ишларига қараркан. Ҳар куни алла айтиб, бешик тебратмаса, иши унмас экан.

Кунларнинг бирида мўжиза юз берибди: аёл алла айтиб бўлиб, ўрнидан туриб кетаётса, бешик ичидан овоз келибди. Очиб қараса, бешик ичида чақалоқ ётганмиш...

Қишлоқ аҳли аёлни телбага чиқаришипти. Унинг эри эса, «туғмаслигига чидадим, аммо, телбалигига чидамайман!» - деб, аёлини ташлаб кетибди.

Гап шундаки, аёл фарзандга муштоқлигидан... бешик ичига кириб қолган мушук боласи унинг кўзига чақалоқ бўлиб кўринган экан...»

Мунис яна қўғирчоқлари билан гаплашиб ўтирибди.

Унга қараб ўтириб, юрагим эзилади. Шунчалар маъсум, шунчалар маҳзун қарашлар... Уни минг йилдан бери биладигандекман.

Ишдан бўшагандан буён уй ишларини бажаради-ю, қўғирчоқларга кўмилиб ўтиради. Униям дўхтирма-дўхтир судрайвериб, жуда толиқтириб қўйдим. Ҳар сафар шифокорлар иккаламиз ҳам соғлом эканимизни айтишади. Ҳар сафар бир хил гап: резус-фактор мос келмасмиш... «Ажрашиб, бошқа турмуш қилиб кўринглар. Албатта фарзандли бўлиб кетасизлар!» - деган дўхтирларни бўғиб қўйгим келади. Начора, уларнинг иши шу. Кўнгил эса тушунмайди табиат қонунларини...

Бу на менинг ва на унинг айби. Тақдир шундай. Аммо, уни ташлаб кетолмайман. Қўйиб юборолмайман шунчаки. У - менинг ягона муҳаббатим. Фарзанд ҳақидаги армонларимиз ошгани сари унга янада қаттиқроқ меҳрим тушади. Уни ташлаб кетсам, менсиз нима қилади? Мен усиз нима қиламан? Усиз менга ҳаёт ҳам, бахт ҳам, ҳатто фарзанд ҳам татимайди...

Ота-оналаримизга «айб менда»лигини айтганман. Ҳар сафар унинг оиласи келиб, «Мунисани олиб кетамиз. У оналик бахтини туйиши керак!» - деб жанжаллашишади. Мунис бечора эса йиғлаганча оёқ тирайди: «Менга сизсиз бундай бахтнинг кераги йўқ!» Кейин қайнонам ҳам қизига қўшилиб йиғлайди...

Охирги ойлар ичида ҳамма кўникди. Ҳаётимиз сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Менга кўча-кўйдаги дўст-душманларимнинг гап-сўзлари бир тийин эди. Тинчгина ишга бориб-келар, одамларга қўшилмасдим. Мен учун бутун дунё Мунис ва ишимдан иборат бўлиб қолганди...

Бугун эрталаб ишга кетишга тайёрлана туриб, унинг ҳам тараддудланиб турганига гувоҳ бўлдим.

- Қаёққадир отландингми, Мунис? Бирга бориб келайми?

У индамади. Ерга қараб, табассум қилди. Одатда, ниманидир айтишни истамаса, шундай қиларди. Бўйинбоғимни боғлаб бўлгач, секин иягидан ушлаб, ўзимга қаратдим.

- Сени хафа қилиб қўйишларидан қўрқаман...

Ҳар гал кўчага чиққанида бирор таниш-билиш учраб қолиб, албатта ярасини янгиларди.

- Хавотир олманг мендан. Бугун болаларни кўрсам ҳам йиғламайман. Ваъда бераман...

Кўнглим алланечук бўлиб, ишга отландим.

У қаёққа бормоқчи бўлиши мумкин? Ота уйига борса, яна кўнгли эзилиб келади. Ишдан ҳам бўшаган бўлса, яна борадиган бирор жойи бормикин?

Ишхонада ҳам хаёлим паришон бўлиб ўтирдим. Ҳозирда ойнинг ўртаси, бу пайтда ишимиз кам бўлади. Ҳисобот топширувчилар ой боши ва охирида келишади. Шуни ҳисобга олиб, зарур ишим чиқиб қолгани тўғрисида раҳбариятни огоҳлантирдим-у, уйга шошилдим.

Ишим билан уйим ораси пиёда юрганда ўн беш дақиқалик йўл. Аммо, пиёда юришга сабрим чидамади. Такси тутдим.

Машина ичида кетиб борарканман, кўчамиз бошида машинага ўтираётган аёлимга кўзим тушди. Ёнида бир аёл ҳам бор эди. Қишнинг қор-қировли совуқ кунлари, қалин кийимларга бурканиб олган у аёлни танимадим. Масофа ҳам узоқроқ эди, юзини аниқ кўрмадим.

«Бирорта дугонасимикин?» - деган ўй келди хаёлимга. Синфдош дўстларининг барчасини танийман - улар фарзанд ҳақидаги гаплар сабаб жанжал чиқавергач, бизникига келмайдиган бўлиб кетишган. Ҳамкасблари орасида ҳам бунақа башанг аёл йўқ.

- Шу машинанинг ортидан ҳайданг, - дедим рульда ўтирган ёшгина йигитчага.

У ҳам бир сўз демай, истагимни бажарди.

Машина изидан узоқ юрдик. Шаҳарнинг мен деярли билмаган жойлари кўп экан. Ниҳоят, ярим соатлардан сўнг машина тўхтади. Ундан тушган Мунис рўпарасидаги бинога қараб, узоқ туриб қолди...

Секин мен ҳам машинадан тушдим. Ҳисоб-китоб қилдим-у, унинг ортидан бордим.

- Мунис!

Уни жудаям яхши биламан, деб ўйлардим. Йўқ, унинг мен бехабар жиҳатлари ҳам кўп экан! Ҳамма нарса хаёлимга келса ҳам, унинг «Меҳрибонлик уйи»га келиши етти ухлаб, тушимга ҳам кирмаган эди.

У мени кўриб, бир зум ўзини йўқотиб қўйди. Кейин айбдорона табассум қилди. Худойим, уни нақадар гўзал қилиб яратгансан-а? Фақат, кўзларидаги қайғу унинг ойдек ҳуснига доғ бўлиб турибди холос...

- Кўнглим ғаш бўлаётганди, - дедим ёнига етиб олгач. У совқотгани сезилар, оппоқ юзлари ёғупа сурилгандек қизғиш тусга кирганди. - Юрақол...

- Бугун... Сўнгги бардошларимни тўплаб, шу ерга келишга ўзимда журъат топдим... - Мунис кўзларимга қарамасдан, ўзига-ўзи гапирарди.

Ростдан ҳам бу ерга келиш учун тоғдек улкан бардош бўлиши керак. Бу ерда... Бу ерда Мунисимдан ҳам маҳзунроқ юрак соҳиблари бор. Ундан-да ғамгинроқ чеҳраларга дуч келасиз бу ерда. Кўз ёшлар рангидаги маъюс кўзларга боқишнинг ўзи бўлмайди...

- Ёлғиз келдингми? - сўрадим ундан.

- Сиз ёнимдасиз-ку...

- Улар-чи? - уни олиб келган машинага ишора қилдим.

Умуман олганда, мен уни бояги аёл билан бирга келган, деб ўйлагандим. Машина ичига қарадим. У ҳали кетмаган, чамаси, Мунисни кутиб турарди. Кимлигини билиш учун у аёлга термулиб қараганим ёқмади шекилли, юзини ўгириб олди.

- Уйдан пул олиб чиқишни унутибман. Шунинг учун қайтариб олиб бориб қўйгач, пулини икки ҳисса қилиб тўлашимни айтдим...

Ичимда таъриф этиб бўлмас даражада кучли бир фарёд бош кўтарди. Бу ачиниш ҳисси шу қадар аламли эди-ки, уни тутиб қолиш учун тилимни тишлаб, қонатиб юборган бўлсам, ажаб эмас! Бечорагинам, қисмат сени не кўйларга солмади.

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (105 голосов, средний бал: 4,57 из 5)

Загрузка...