Алишер Назар

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (2 голосов, средний бал: 5,00 из 5)
Загрузка...

Алишер Назар (Узбекистан)

Родился в 1976 году Чиракчинскым районе, Кашкадарьинской области. Окончил факультет журналистки Международной Гуманитарной Академии в 1998 году. После учёбы работал в редакциях разных газет. В настоящее время является редактором телерадиоканала «Узбекистон». Опубликовал две книги: «Бизга аталган тонглар» (1999 года), «Холислик эхтиёжи» (2012 года).

_______________________________________________________________________________________________________

ОЖИЗ ОДАМ ҲАҚИДА

 

Бу одамга алам қилади,

Қаршисида мудом бир тилсим:

Нега унинг душмани йўқдир?

Нега унга қаршимас ҳеч ким?

 

Нега унга ҳасад қилишмас?

Ёки ҳеч ким келиб урмас дўқ?

Кўчалардан карвони ўтар,

Ҳурадиган бирорта ит йўқ!

 

Узун-узун режалар тузмас,

Уйқу қочмас олис тунлари.

Сочларида бирорта оқ йўқ,

Юрагида йўқ санчиқлари.

 

Алам қилар унга шуниси,

Ўтиб борар беғалва, бесас.

Курашгиси келар унинг ҳам,

Лек арзирли ғаним топилмас.

 

 

ЙЎЛОВЧИ

 

Кетиб борар ҳорғин йўловчи,

Ёлғизоёқ сўқмоқлар аро.

Рутубатли самоватлардан,

Шом қўйилиб келар таборо.

 

Олисларда бойқушлар сайрар,

Чорлагандек бўлади кимдир.

Йўл четига ташлаб жандасин,

Чўзилади ҳорғин мусофир.

 

Самоларга кетар хаёллар,

Тушиб келар юлдузлар бари.

Сукунатни бузади гоҳо,

Туннинг оғир хурсиниқлари.

 

 

ЯШАШНИНГ ЙЎЛИ

 

Келдингми,

бас, энди ортга йўл йўқ,

Тошга айлантиргил энди бардошни.

Бошингни кўтарма,

токи бошқалар,

Кўрмасин сендаги бу мағрур бошни.

 

Юлдузлар меники,

ой меники де,

Кўнгил тўлиб турсин,

киролмасин ғам.

Совуқ болишларга юзингни босма,

Жилмайишни ўрган оғир бўлса ҳам.

 

Саволлар бермагил,

саволлардан қўрқ,

Аччиқ жавобларнинг баридан воз кеч.

Ҳаёт — шу, йўллари равонмас, бироқ

Кўзни юмиб юрсанг қоқилмайсан ҳеч.

 

 

БОЗОРДАМАН

 

Бозор тўла тужжор…

бозор тўла ғам,

Расталарга териб қўйибман кўнглим.

Бозор тўла тужжор қайрилиб боқмас,

Бунда харидордан даллол кўп Тангрим.

 

Бозор тўла тужжор…

кузатади Вақт,

— Кўнгил йўқ… тугаган… оввора бўбсиз.

О, менинг азизим, о, харидорим,

— Юрагимни қанча нархлаяпсиз сиз?!

 

Бозор тўла тужжор…

тиззагача лой,

Тортқилайди биров,

тортар аллаким.

Аллоҳим, бозоринг қанақа бозор?

Ахир қолмаяпман ўзимга ўзим.

 

 

 

* * *

Қор ёғар.

Оқликка чўлғанар дунё,

Кимдир шивирлади, кўкка зорланди:

— Ё Раб, тирикликнинг айёмларида,

Кўрармиканман яна қорларни!

 

Қор эса ёғарди майин ва масъум,

Кимдир шивирлади, чақнаб кўзлари:

— Яхшиям қор ёғди, қутқарди толе,

Энди босилади изларнинг бари!

 

 

ХАТО

 

Мўлжаллаб тепкига борди бармоқлар,

Қўрқардим, қўллари титрарди дир-дир.

Оҳ, тепки босилди!

Мен эса тирик!

Кўксини чангаллаб йиқилди кимдир.

 

Ай ношуд сайёдим, ай, ношуд сайёд.

Шунчалар эдими мендаги қасдинг?

Ўқинг юрагимга қадалганида,

Мен бунча ўлмасдим,

Бундай ўлмасдим!

 

 

* * *

Қадаҳдаги — дунё — тахир, азизим.

Ичмоққа маҳкуммиз ахир, азизим.

 

Энди саҳарларда кўксингни очгил,

Оғриқларга тўлсин бағир, азизим.

 

Самоларга туташ битта йўл ахтар,

Ердаги йўллари чағир, азизим.

 

Яшашга маҳкуммиз, яшаш-чи, эвоҳ,

Яшамасликдайин оғир, азизим.

 

 

ЁЛҒИЗ АЁЛ

 

Кеча узун.

Тонг ҳали узоқ.

Жовдирайди аёлнинг кўзи.

Неча йилки, шу узоқ йўлни,

Босиб ўтар унинг бир ўзи.

 

Кўринмайди йўлнинг поёни,

Кетиб борар мунгли ва музтар.

Тошдек қаттиқ кечаларда гоҳ,

Тушларига чимилдиқ кирар.

 

Хумраяди кўкда юлдузлар,

Тўлғонади,

болишлар ботар.

Қаро тундек бир қучоқ сочлар,

Кечаларга сочилиб ётар.

 

Чорлагандек бўлади кимдир,

Титраб кетар у хавотир-ла.

Имлар уни михлаб қўйилган,

Девордаги мунгли хотира.

 

Хурсинади бепоён кеча,

Юраккача бир оғриқ етар.

Сўнгра кеча ёлғиз аёлнинг,

Нафратидан оқариб кетар.

 

 

* * *

Нега сизнинг бунча бошингиз эгик?

Саратон тафтида кўзларингиз — муз?

Айтинг-чи, қолдими бисотингизда,

Бирорта ҳайқириқ,

бирор тирик сўз?

 

Ўрнингизга биров яшаётгандай,

Чиқиб кетолмайсиз нега бу издан?

Бунча тинч ухлайсиз тушагингизда,

Чўчиб тушинг ахир,

илтимос сиздан!

 

 

* * *

Сизга нима бўлди,

бунча бахтлисиз?

Нега бошингиздан баҳорлар кетмас?

Заминнинг фарзанди эмасмисиз ё?

Бунчалар юксаксиз овоз ҳам етмас.

 

Бироқ ҳар парвознинг қайтажаги бор,

Қарзга олгансиз-ку ахир бу жонни!

Тутиб қолай деса бирор қўл етмас,

Шунча юксаклардан қулаш осонми?

 

 

* * *

Ишонманг бу кўнгил эртакларига,

Унда хиёнатнинг кўп нишонаси.

Шу маъюс термулган нигоҳлар асли,

Қанча нигоҳларнинг оғриқхонаси.

 

Унинг юрагига ачинасиз сиз,

Кўксингизни юлиб “ол” дейсиз — малҳам.

Аслида бу юрак бир мозорхона,

Битта лаҳадида ётибман мен ҳам.

 

 

Т А В А Л Л О Л А Р

 

1

Ҳар неки сўрадим, бердингу фақат…

Сен менга ўзимни жуда оз бердинг.

Яшашдек жазони берган Худойим,

Куйини бермасанг, нега соз бердинг?

 

2

Тўлиб бормоқдаман, тўкилмай туриб,

Аллоҳим, қалбимга наззора эт бир.

Ахир саҳройингда ташна бир қулман,

Мусофирман, мусофирман, мусофир!

 

3

Келдим… кетмоғимнинг нишонаси бу,

Кетар йўлларимни кўрсатгин Жаббор!

Ўзим бу йўлларда бош урай десам,

На девор бор менда, на пешона бор.

 

4

Чарчадим, назар сол бу йўллар аро,

Ўзимни йўқотдим, Сени йўқотдим.

Ишон, йўлсизликдан қийналмадим мен,

Йўлим кўплигидан қийналиб кетдим.

 

5

Бўм-бўшман, кел, Ўзинг тўлғаз,

Кўксимга кир, кўнглимга киргин.

Тангрим, ахир яшашим учун

Йўқотишга нимадир бергин.

 

6

Бағримдан самолар кўчиб кетгандай,

Ерда қолган кўнгил бўм-бўш, нотавон.

Аллоҳим, Аллоҳим, айт, қачонгача

Бир сиқим буғдойга тўлайман товон.

 

7

Шундайин дард берсанг, шундай ташналик,

Дунёни бир қултум сув каби ютсам.

Ўзимга кирсамда сарҳадларимда,

Сени излавериб йўқолиб кетсам.

 

8

Дунё оқиб борар беун, бесамар,

Тошдай қаттиқ кунлар бошларим ёрар.

Аллоҳим, Аллоҳим менга аён эт,

Кўксимда нимадир ўртаниб борар.

 

9

Қўлларим дуода, ҳовучим тўлмас,

Самон йўлларида ўлтираман жим.

Илҳақман, интизорман, лек имдод бўлмас,

Сабрим тўлиб борар, тўлмайди кўнглим.

 

10

Умримни бесамар кунларга сотдим,

Бунда топганларим ҳаммаси — рўё.

Сенинг омонатинг асрай олмадим,

Қимматга тушди-ку менга бу дунё!

 

11

Букун бозоримиз қизиб бородур,

Ғаддор дунё биздан ўзиб бородур.

Рўёга харидор нафси баломиз,

Икки дунёмизни бузиб бородур.

 

12

Кўнглимда йиғлайди минг йиллик фироқ,

Сен менга яқинсан, мен Сендан йироқ.

Саҳарларда туриб сасинг излайман,

Эй дўст, айрилиқдан бағрим минг қўроқ.

 

13

Қўлларим узанган яна Сен томон,

Кўнглимда кўклардан ёғилган ҳукм.

Бу чағир йўллардан юраолмайман,

Ўзинг йўлла энди йўлчингни, Тангрим!

 

14

Гоҳида сиғмайди ёдимга ёдинг,

Бир оғриқ бошланар бағримда сим-сим.

Ахир Сенга қандай бахшида этай,

Ўзимга етмаган ўзимни Тангрим?

 

15

Манам мусофирман, соғинчларим мўл,

Васлинг умидида кўзёшларим кўл.

Сенга етолмайман туманлар аро,

Агар кўрсатмасанг Ўзинг тўғри йўл.

 

 

 

ҚУЁНБОТИР ҚИССАСИ

 

Унча олис эмас, яқин замонда,

Аниқ билолмадим қайси томонда.

 

Дарёларга туташ ўрмон бор эди,

Унда жонзотларга дармон бор эди.

 

Яшардилар тулки, бўри, олмахон,

Ҳамма ўз ризқин еб сақлар эди жон.

 

Яшар эди ҳар ким ҳаёти билан,

Ўзининг қўшиғи, баёти билан.

 

Ана шу мўъжиза ўрмон четида,

Оппоқ қайинларнинг кунгай бетида —

 

Кўм-кўк майсазорда шодумон, қувноқ,

Бир гала қуёнлар яшарди иноқ.

 

Ўртада оқибат шоҳона эрди,

Битта сабзи топса, қирқ бўлиб ерди.

 

Нима жин урди-ю билмадим уни,

Қуёнлардан ботир чиқди бир куни.

 

— Бас, етар хавотир, қўрқув, ҳақорат!

Қачонгача ғурур этилгай ғорат!

 

Барини енгамиз ҳамжиҳат бўлсак,

Ахир буюк шараф шу йўлда ўлсак!

 

Қуёнботир ёниб нутқ этар эди,

Майсазорни шовқини тутар эди.

 

Ўт чақнаб кетарди унинг кўзидан,

Жасорат томарди ҳар бир сўзидан.

 

Минбарда турарди гўё жаҳонгир,

Қавм эса бу сўздан титрарди дир-дир.

 

— Овозингни ўчир, — деди бир қуён. —

Бўрихон эшитса қолгани аён!

 

— Бўри бўлса нима, ўзига, — деди. —

Кўрсатиб қўяман кўзига, — деди.

 

Қавм аҳли қўрқувдан донг қотиб қолди,

Шунда бир донишманд қуён сўз олди:

 

— Болам, бизни қўрқоқ деганлари чин,

Бироқ бундан хафа бўлмоғлик нечун?

 

Ахир бу қисматга доим шерикмиз,

Асли биз шу қўрқув билан тирикмиз.

 

Азалий ҳақиқат ўлмайди, болам,

Қуённинг ботири бўлмайди, болам!

 

Қўрқув билан бутун бу ҳаёт жоми,

Қўрқув яратганнинг буюк инъоми!

 

Аччиқ ҳақиқат шу: дунё тургунча

Қанча қўрқоқ бўлсанг, яшайсан шунча!

 

Қуёнботир аламдан қаҳ-қаҳа отди,

Сўнгра Шер акадек бир наъра тортди:

 

— Мангу ҳақиқатлар синади энди,

Бўрилар ҳам бунга кўнади энди!

 

Минбарни тарк этди қуёнлар зўри,

Пастда уни кутиб турарди бўри.

 

— Сенми ҳали, — деди бўри тутоқиб,

Йиртқич тишларидан сўлаги оқиб, —

 

Бунча ҳайқирасан, жондан тўйдингми?

Ёки бизни писанд қилмай қўйдингми?

 

Шартта бўғизлади қуёнботирни,

Аслида ўлмоғи аён ботирни.

 

Қолганлар ҳам тегирмон тошида эди,

Аччиқ ҳақиқатнинг қошида эди.

 

Оч бўри ғажирди қоқ устихонни,

Шер бўламан деган шўрлик қуённи.

 

Шунда не бўлди-ю, ака бўрихон,

Тишини синдириб олди ногаҳон.

 

Аҳли қавм фалокатдан титраб кетди,

Кўзлари жовдираб марҳамат кутди.

 

Шу пайт кўпни кўрган донишманд қуён,

Журъат билан чиқиб ҳайқирди:

 

— Эълон!!!

 

— Дўстлар бошимизга тушди яна иш,

Бўрининг ташвиши бизнинг ҳам ташвиш!

 

Бу савдодан қайга қочамиз дўстлар!

Синган тишга аза очамиз дўстлар!