Ёрматова Гулрух

DSC02661Я Ёрматова Гулрух Самадовна, родилась в 1974 году, 31-декабря в РУз, Кашкадаринской области.  Образование — высшее. В 1998 году закончила КаршиГУ факультет филологии. После окончания университета,стала работать журналистом. В данное время работаю в газете “Хордик плюс” редактор отделения прозы. Начиная с 12-ти лет пишу рассказы, стихи, очерки.


ЧОҲ

отрывок

Уйда қолган охирги якка-ю-ягона бисот — катта араби гилам ҳам сотилди-ю, шусиз ҳам эр-хотин ўртасида кундан-кун тарнглашиб бораётган вазият бомба мисол портлади.

— Энди нимани сотасиз? Мени сотасизми? — деди Норгулнинг жаҳлдан лаблари пир-пир учиб. Эри пинак бузмади.

«Сен киму, гапинг нима бўларди» дегандек беписанд қўл силтаб, пиёладаги кўк чойни хўриллатиб ича бошлади.

— Сиздан сўраяпман? -Шу ҳолида ҳам эрининг димоғидан эшакқурт ёғилиши Норгулнинг жон-жонидан ўтиб кетди.

— Сотардим-у, сени гиламнинг пулига олмайдида, — масхаромуз кулди эр. Норгул титраб кетди. Гарчи эри бу гапни унинг жиғига тегиш учун айтган бўлсада, аммо Норгул неча йиллик ёстиқдошидан бундай сўзни кутмаганди.

— Эр бўлмай ўл! — деди у аламдан титраб-қақшаб. — Сенам эркакмисан?! Болаларинг қуруқ нонга ҳам зор. Сен эса пинагингни ҳам бузмайсан. Юрак борми ўзи сенда?

— Сенлама-ей, ҳозир пичоқ билан тилимлаб ташлайман! — ўдағайлади эр.

— Ўлдир! Бундай яшагандан кўра ўлганим яхши! — Норгул ҳўнграганча уйга кириб кетди. Аммо зум ўтмай яна остонада пайдо бўлди:

— Насиба, укаларингни чақир, қизим. Момонгникига кетамиз, — деди ҳиқиллаб. Боядан бери отаси билан онасининг жанжалини эшитиб, бир чеккада мунғайиб ўтирган етти-саккиз ёшлардаги қизалоқ чопқиллаганча кўчага югурди...

— Ура! Момомникига борамиз! — ҳеч нарсадан бехабар болаларнинг шодон қичқириғи оламни титратиб юборгандек бўлди гўё. Норгул болаларини етаклаб йўлга тушди.

— Кетсанг, қайтиб келма, — деди эри ортидан бақириб. Норгул қайрилиб қарамади ҳам. «Сени бор-йўқлигингдан нима наф» деди ичида. Ва йўлма-йўл кетаркан ғазаби тошиб борди.

— Аблаҳ, ноинсоф, — деди овоз чиқариб. Болалар қўрқиб кетишди. «Аям бизни уришяпти» деб ўйлашди шекилли, катта-катта қадам ташлаб қадамларини жадалаштирди.

— Ая, этикчамни ечиб олсам, сиздан ўзиб кетаман, — деди кичик ўғли Нодир. — Ечайми?

— Майли, ечақол.

Болакай резина этикчасини ечиб, қўлига оларкан чопқиллаганча онасидан бир-икки қадам олдинга ўтиб кетди. Тупроқ йўлда унинг жажжи панжаларини изи қолди. Норгулнинг хўрлиги келди. «Ёз ўтиб бораяпти ҳамки, болам ҳалиям этикда» деди алам билан. Яна эрини қарғади. Шу ишёқмасга берган онасидан норози бўлди.

Қизининг дабдурусдан учта боласи билан эшикдан кириб келиши онани хавотирга солди.

— Ҳа, тинчликми, бундайгина? — деди набираларини бирма-бир бағрига босиб кўришаркан қизига синовчан тикилиб.

— Тинчлик эмас, — Норгулнинг яна ғазаби қайнай бошлади.

— Нима бўлди?

— Дард бўлди, бало бўлди! — Норгул супа лабига таппа ўтириб, бирдан дийдиё қила кетди:

— Қилдийиз, қилдийиз мени бахтсиз қилдийиз. Ўзимникига бераман, деб мени ўтга ташладийиз.

— Вой, секинроқ, қўшнилар эшитади.

— Эшитса эшитсин ўша қўшниларингиз, — Норгул бақириб юборди:

— Тўйиб кетдим, ажрашаман!

Онасининг ранг-қути учиб, қизининг елкасидан ушлади:

— Оғзингдан шамол учирсин. Сени! Учта кўзмунчоқдек боланг бор-а?!

— Кўзмунчоқдек болаларини ўйлаяптими, ўша танбал жиянингиз. Болаларим сув ва ҳаво симириб катта бўлишмайди-ку, ахир?!

— Юр, уйга кирайлик, жон болам. Келасолиб дейдиё қилма юрагимни эзиб.

Она-бола уйга кириб, яна тортишишди. Норгул ҳадеб «сиз бахтсиз қилдийиз» дея баланд келгани сайин онаси «ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади» дея уни юпатишга уринарди.

Ўша куни онаси Норгулнинг кўнгли учун иссиқ нон ёпиб, учоқ қозонда ош дамлади. Набиралари анча очиққан экан. Ҳап-паш дегунча лаганнинг таги кўриниб қолди. Капир яна сузиб келди.

— Олинглар болаларим, тўйиб олинглар.

Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, онаси қизининг қўлига тугунча тутқазди.

— Нима бу? -ҳайрон бўлди Норгул.

— Ош билан иккитагина иссиқ нон.

— Нима қиламан уни?

— Эрингга оборасан.

— Нима-а? ҳали мени қайтиб кетади, деб ўйлаяпсизми?! Ўлсам ҳам бормайман ўша уйга. Жиянингизга раҳмингиз келаётган бўлса ўзингиз боринг.

— Ундай дема қизим. Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин, дейди.

— Десин, минг марта омин десин. Тезроқ қутулайдим ўшанда.

— Кейин нима қиласан?

— Ишлайман. Ўлиб қолсам ҳам учта боламни боқиб оларман.

Қизининг қайсарлигидан онасининг энди жаҳли чиқа бошлади.

— қаерда ишлайсан, иш бўлмаса, — деди.

— Мардикорчилик қиламан, — деди ачитиб.

— Ҳа, мардикорчилик қилганларнинг пичоғидан мой томиб ётибдида ўзиям. Бир сен қолувдинг.

— Ана йўлида юролмайдиган аёллар ҳам Тошкентга бориб жарақ-жарақ пул топиб келишаяпти. Мен ҳам ишлайман. Ўлар жойда эмасман ахир.

— Болаларинг-чи? -ҳафсаласи пир бўлди онанинг.

— Сиз қараб турасиз. Ахир ўзингиз бергансиз ўша бағритошга, ўзимники деб. Энди қарайсизда. Битта ўзим жизғанак бўламанми?

— Майли, ўзинг биласан. Лекин айтиб қўяй, эринг ортингдан сўроқлаб келса, олдига солиб жўнатиб юбораман.

— Бормайман, — баттар қайсарлиги тутди Норгулнинг.

— Қизим, тушунгин. Олдингидек шаштим йўқ, менинг.

Аканг Россияга кетгандан буён янггангнинг қош-қовоғи очилмайди. Кунора онасиникига югургани-югурган. Сўрасам бобиллаб беради. Ҳозир ҳам кетганига уч кун бўлди. Дом-дараги йўқ. Қари қайнонам нима бўлдиям демайди. Ош-овқатимни, нонимни ўзим пиширсам. Ўз уйимда омонатдекман болам.

— Қўрқманг, сизга энди ўзим қарайман…

Норгул эри билан ажрашишга узил-кесил қарор қилган бўлсада, аммо онаси буни сира истамасди. Қизига Худодан инсоф беришини сўраб, ҳар куни куёвинин йўлига кўз тутарди. «Келади» дерди кўнглини тўқ тутиб. «Ҳеч бўлмаса болалари учун келади». Аммо ёз ўтиб, куз келди ҳамки, куёвидан дарак бўлмади. Қизи эса уйига қайтиб боришни хаёлига ҳам келтирмасди. «Ажрашиб кетишса-ю» хаёлига келган фикрдан қўрқиб, ёқасига туфлаб қўйди. Қизининг феълини яхши билади. Оғзи полвон, жаҳл устида бир-иккита аччиқ гап гапириб юборган бўлса куёви ор қилаяптимикан-ё. Ишёқмас бўлса ҳам оғир босиққина йигит эди-ку, жияним. Наҳотки, у ҳам Норгулга ўхшаб калта ўйласа…

Кампир ўйлай-ўйлай бир куни секин набираларини гапга тутди:

— Аянг билан даданг нимани устидан жанжал қилишди ўзи?

— Гиламни устидан, — деди Насиба.

— Гиламни устидан? -ҳайрон бўлди бувиси.

— Гилам нима халақит берибди, уларга.

— Дадам гиламни сотиб ун олувдила. Шунга аямни жаҳллари чиқди.

— Ҳм, гап бу ёқда дегин.

Кампир ниманидир ўйлаб бир муддат жим қолди. Сўнг бошига катта чорси рўмолини ташлаб кўчага отланди. Толариқ билан катта қишлоқнинг ораси анча узоқ. То куёвникига етгунча чарчаб қолди. Қишлоққа кираверишда бироз ўтириб нафас ростлаган бўлди. Сўнг бир-бир қадам босиб куёвининг дарвозасига яқинлашди. Қизи бор пайтлари бўлса-ку, бошқа гап эди. Тортинмай кираверарди. Аммо ҳозир...

Аста дарвоза тирқишидан мўралади. Ҳовлида ҳеч ким йўқ. Ҳамма ёқни ўт босиб кетган. Ҳатто ошхона ёнида тахлаб ташланган ҳар-хил тахта-тухталар ўртасида ҳам қумай ўт ўсиб улкан яшил тепалик ҳосил қилганди. Сўри устидаги дастурхон йиғиштирилмаган. Нимадир бор шекилли, иккита товуқ навбатма-навбат чўқилашаяпти. Ҳовли тўридаги икки хонали уйнинг эшик-деразалари ланг очиқ. Демак, уйда кимдир бор.

— Насиба, ҳой Насиба? -кампир дарвозадан кириб, кириб овоз берган бўлди. Аммо ичкаридан ҳеч қандай сас эшитилмади. Кампир дарвозахонадан ўтиб, айвон томон юрди.

— Ҳой, ким бор, уйда одам борми?

— Ҳа, ҳозир, — ранги униқиб кетган деразадан куёвининг боши кўринди. Зум ўтмай остонада ўзи пайдо бўлди.

— Эй, келинг, — деди қовоғини солиб. Афтидан қайнонасининг ташрифи унга ёқмади.

— Тузукмисиз куёв, бардамгинамисиз?

— Ҳм, яхши.

У гапинг бўлса гапир дегандек без бўлиб қайнонасига қаради. Кампир баттар ўнғайсизланди.

— Бир хабар олай девдум. Дам олаётганмидингиз?

— Ҳа, мен ҳар куни, ҳар доим дамдаман. Қизингиз чаққандир, — кесатди у.

— Қўйинг, менга бундай гапирманг. Жанжал қилган бўлсангиз қизим билан қилгансиз, мен билан эмаску. Болам, сизниям олдингиздан бир ўтай деб келавердим.

Кампир куёви таклиф қилмаса ҳам бориб сўрига чўкди.

— Кишт, кишт! Нима балони чўқилашаяпти булар, — деди товуқларини ҳайдаб. Сўнг дастурхондаги узум ғужалаларни ва нон ушоғини ариқ лабига қоқиб, дастурхонни тахлаб қўйди. Куёви эса ҳамон айвонда серрайиб турарди.

— Энди шундай қилиб юраверасизларми? -деди қайнона муддаога ўтишдан бошқа иложи қолмаганлигини сезиб.

— Қизингиздан сўрамадингизми?

— Сўрадим болам, сўрадим. Сўраганим учун ҳам олдингизга келаяпманда. Энди ёш эмассизлар. Ўртада учта бола бор. Икковингизга ҳам биров сочини тараб тургани йўқ, қачон мен билан турмуш қураркин деб.

Қайнонасининг бу гапи ёниб оловга керосин сепгандек бўлди.

— Қизингизга йўқ бўлса йўқдир, — деди куёви тутоқиб. -Аммо менга қуриб кетгани йўқ. Ҳозир бир имо қилсам эшигим тагига ўнта қиз қаторлашиб келади. Ўйланаман. Берсанг ейман, ўрсанг ўламан, дейдиганига эмас, топармон-тутармон аёлга ўйланаман.

— Ҳай-ҳай, ундай деманг-е, куёв. Ҳртада болаларингиз бор-а.

— Бола бўлса белимда, хотин бўлса йўлимда. Гап шу. Қизингизни қорасини кўрмай энди бу уйда. Сиз ҳам тарбия соатингизни қизингизга ўтинг энди, — у чап тамом дегандек уйнинг эшигини тарақлатиб ёпиб, ичкарига кириб кетди. Кампир музтар бўлиб қолди. Бир кўнгли гап билан куёвин узуб-узуб олсамми? ам деди. Аммо узоқни ўйлади. Балки ярашиб кетишар. ҳозир иккови ҳам аланга-оташ бўлиб ёниб турибди. Орадан бироз вақт ўтгач, шаштларидан тушиб қолишар балки...

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (11 голосов, средний бал: 2,45 из 5)

Загрузка...