Эльдар

Асанов ЭльдарТворчеством занимаюсь с ранних лет. Первый сборник стихов был опубликован в 2003 году. Также занимаюсь журналистской деятельностью. Интересуюсь историей и этнографией народов Средней Азии, а также тюркскими и иранскими языками. Являюсь исследователем филологического факультета Национального университета Узбекистана. Специализируюсь на исследовании древнетюркских рунических надписей среднеазиатского ареала.


Рассказ "Интернет"

отрывок

...Ҳар доимгидек зерикарли. У гавжум ва сершовқин кўчада одамлар орасидан туртиниб-суртиниб ўтиб бораркан, торгина уйига қандай қилиб тезроқ етиб бориш ва якранг кунининг қолган қисмини нима билан ўлдиришни ўйларди. Эртага худди шунақа яна бир кунга қадам қўйиш учун...

...Мана у маконида. Дим кўчадан қутулиб, каталакдек уйига келди. Бир қадам ташлаганингдан бошинг деворга тақалади. Тор бўлса ҳам, ўзининг ошёни. Бу ерда унинг хаёллари кашандалар ўпкасидан таралаётган тамаки ҳидига қўшилиб ҳавога учиб кетмайди, қулоқлари жимжитликни эшитади, нигоҳлари эса оппоқ деворлар тимсолидаги бўшлиққа қадалган бўлади. Қайси томонга қараса ҳам.

Бир муддат ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қилди. Бунинг иложи йўқлигини кўп бора синаган, шунда ҳам ҳар сафар қандайдир янгилик кашф этиш илинжида қайта-қайта жазм қилади. Янгилик ўрнига доимгидек мағлубиятга эришгач, ўзининг ожизлигини яна бир бор тан олади.

“Нега одам ўйлайди? – фикр юритади у. – Ҳатто ҳозир ҳам ўйлаяпман. Агар бир лаҳза хаёл оғушидан чиқиб кета олсам, ана шунда балки ўзимга керакли нарсага етишарман. Менга нима керак ўзи? Билмайман... ”.

Ниҳоят, бу фойдасиз машғулотдан ҳоригач, ўзига янги эрмак қидира бошлади. Ҳа, интернет. Неча кунлардан буён интернет аталмиш техника ҳазили билан кўнглини ёзади. Янгилик, кишилик жамияти тараққиётининг улкан қадами. Илм-фан аҳлининг башариятга навбатдаги совғаси... Аслида эса ҳеч қанақа янгилик эмас, худди ўша нарса: ўша сўзлар, яна бироз тушунарсизроқ, ўша овозлар, яна бироз ноинсонийроқ, ўша тасвирлар, яна бироз сохтароқ. Бу прогрессми, регрессми – аниқ айтиш қийин. Барча “янгилик”ларнинг тараққиёт йўлакчасидан орқага ёки олдинга ташланган қадамлигини унинг ижодкорлари белгиламайди зеро.

Интернетдан ҳамма қандайдир йўлда фойдаланади. Кимдир иш юзасидан, кимдир ахборот олиш мақсадида, кимдир пул топиш илинжида, яна кимдир бекорчилик фаришталарининг кўнглини овлаш учун. У эса нима мақсадда тармоққа уланишини аниқ айтолмайди. Шунчаки уланади.

Интернетда чат деб аталадиган, одамлар йиғилишиб, бир-бирининг устидан кулиб ўтирадиган хизмат бор. Чойхонага ўхшаган. Лекин чойхонадан қулайроқ, ҳавфсизроқ: бировни билиб-билмай сўккан тақдирингга бетингга пиёла учиб келмайди.

У ўзига “Ҳеч ким” деган исм бериб, соатлаб чатда ўтиради. Соатлаб бир-бирини танимайдиган одамларнинг масофавий суҳбатини ўқийди. Жуда қизиқ. Ҳаётнинг ўзичалик ёлғон иш. Иккита суҳбатдош жанжаллашиб қолса, қайси бири мард, қайси бири қўрқоқлигини аниқлаб бўлмайди. Бировнинг кўнглига тегсанг, айбингни тан олишинг, узр сўрашинг шартмас. Ҳисларингни яширишдан осонроқ нарса йўқ чатда. Ёки, аксинча, йўқ ҳисларингни бўрттиришдан... Бир сўз билан, ёлғонликда телефондан ошади...

Бугун ҳам у ўзи мутлақо танимаган одамларнинг ғойибона суҳбатидан баҳраманд бўлмоқда. Салом-алик, севаман-ёнаман, кимсан ўзи менга ортиқча гапирадиган... Нега чатда мавзулар доираси бу қадар чекланган? Нега бир-бирини сўкиш ва севишдан бошқасини билмайди булар? Ажабо, неча муддатдан буён бирор марта ўзи суҳбатга қўшилмабди. Ким билан, нимани гаплашади?

Ногаҳон кўзи рўйхатдаги “Аноним” исмли фойдаланувчига тушиб қолди. Ичида нимадир қимирлаб кетгандек бўлди. Балки исм, балки исм ортига яширилган, бир фойдаланувчи, бир Худо биладиган қандайдир мўъжизакор куч уни ўзига боғлаб қўйди. Умрида ҳеч ким билан суҳбатлашмаган, ҳеч кимнинг бағрига интилмаган, ҳеч кимга ишонмаган инсон негадир мана шу ўзи бирор марта кўрмаган ва, афтидан, ҳеч қачон кўрмайдиган “Аноним”га яқинлик ҳис қилди. Ва беихтиёр уни суҳбатга тортди.

“Ҳеч ким” – Салом.

“Аноним” – Салом.

“Ҳеч ким” – Биров билан суҳбатлашаётганмидинг?

“Аноним” – Йўқ.

“Ҳеч ким” – Унда нега каналда ўтирибсан?

“Аноним” – Сен-чи?

“Ҳеч ким” - ...

“Аноним” – Мен ҳам шунинг учун.

“Ҳеч ким” – Сен ўзи... кимсан?

“Аноним” – Бу муҳим эмас.

“Ҳеч ким” – Лекин мен ўзим мутлақо танимаган инсоним билан суҳбатлаша олмайман.

“Аноним” – Таниган инсонларинг билан-чи, ҳеч суҳбатлашасанми?

“Ҳеч ким” – Ҳа.

“Аноним” – Нимани суҳбатлашасан?

“Ҳеч ким” – Айтарли ҳеч нарса. Ҳол-аҳвол сўрайман. Уларнинг гапини эшитаман.

“Аноним” – Сен шуни суҳбат ҳисоблайсанми?

“Ҳеч ким” – Мен бошқачасини билмайман.

“Аноним” – Дунё сенинг ақлинг билан ўлчанмайди. Агар дунё фақат сенинг ақлинг билан ўлчанса, билгинки, у фақат сенинг дунёинг ва унда фақат сен яшайсан.

“Ҳеч ким” – Мен барча бирдай яшайдиган дунёни кўрмаганман.

“Аноним” – Шу боис сени у дунёга қабул қилишмаган.

“Ҳеч ким” – Сен... мени танийсанми?

“Аноним” – Қаердан танийман, ахир ўзинг суҳбатга тортдинг.

“Ҳеч ким” – Мен ҳақимда нима биласан?

“Аноним” – Фақатгина нимадандир қочишинг ва ниманидир топа олмаслигингни биламан.

“Ҳеч ким” – Қаердан биласан?

“Аноним” – Буни ўзинг айтиб турибсан.

“Ҳеч ким” – Ахир бу ғойибона суҳбат, мени кўрмасанг, рост ёки ёлғон гапираётганимни аниқ билмайсан-ку?

“Аноним” – Рост билан ёлғоннинг чегарасини белгилаб бера оласанми?

“Ҳеч ким” – Реал ва виртуал ўлчам.

“Аноним” – (кулги) Одамни ушлаш мумкин дегани бу ҳали у реал дегани эмас. Инсон ўнта бунақа Интернет ўйлаб топса ҳам, ҳақиқатни алдай олмайди. Ҳамма нарса битта асосга бориб тақалади аслида. Ёлғон тақдирларни белгилашни бошлаганда ҳақиқат ўлароқ қабул қилинади. Ва унутилган ҳақиқатлар ёлғонга айланади.

Алоқа узилди.

У ўзини қўярга жой тополмасди. Ким бу “Аноним”, нега бунча кўп нарса билади – бу сингари саволлар уни мутлақо қийнамайди. Унинг хаёли битта нарсада – яна бир бор суҳбатлашиш, яна бирор нима ҳақида гаплашишда. Бундан уни бир кун ажратиб турарди. Бутун бошли йигирма тўрт астрономик соат. Вақтни ўлдириш керак...

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (56 голосов, средний бал: 4,64 из 5)

Загрузка...