Шариф Ахмедов

Sharif AhmedovШариф Ахмедов – писатель и переводчик. Родился в 1969 году в Асака Андижанской области Узбекистана. Учился на факультете журналистики ТашГУ. Исследователь латиноамериканской литературы. В его переводе на узбекский язык опубликованы десятки рассказов Хорхе Луиса Борхеса и Хулио Кортасара. Наряду с этим Шариф Ахмедов перевёл самую значимую книгу ливано-американского философа и поэта Халиля Джебрана «Пророк» (в узбекском переводе – «Ал Мустафо»). Живёт и работает в Нидерландах.

Sharif Ahmedov - a writer and translator. Was born in Asaka city (1969), the Republic of Uzbekistan. In 1992 he graduated from the journalism faculty of Tashkent State University. He specialises in modern Latin American literature. He has translated dozens of short stories of Jorge Luis Borges and Julio Cortázar. Sharif Akhmedov has also translated the most significant book of the Lebanese-American philosopher and writer Khalil Gibran - "The Prophet" (in Uzbek translation - "Al Mustafo"). Lives and works in the Netherlands.


Сборник рассказов "Метаморфозы одного сна и другие истории"

БИР ТУШНИНГ ЭВРИЛИШЛАРИ

 

       (отрывок из рассказа)

  "Колриж туши" ҳикоясида Борхес таниқли инглиз шоири Самуэл Тейлор Колриж (1772 - 1834) ҳаёти билан боғлиқ воқеани қаламга олади. Уйқуга кетишидан аввал нашадори қабул қилиб, Пэрчес рисоласини ўқишга тутинган шоир тез орада мудроққа чўмади. Чин мамлакатини забт этиб, улкан салтанат барпо қилган мўғул ҳукмдори Қубла Хон (аслида Қубилойхон) қурдирган муҳташам саройни ва бу саройни тараннум этган тенгсиз гўзал достонни туш кўради. Уйғонгач, сеҳрли тарзда нозил қилинган асарни қоғозга туширишга уринади, аммо кимнингдир бемаврид ташрифи ишнинг белига тепади.  "Ҳайрат ва алам ичра англадимки, - дейди сўнгроқ Колриж, - мен тушимнинг умумий манзарасини ҳамон кўриб турсам-да, саккиз-ўн мисрадан бошқа барча сатрлар дарё юзасидаги халқачалар янглиғ ғойиб бўлган ва таассуфки, уларни қайта тиклашнинг имкони йўқ эди”. Аянчли ҳолга қарамасдан, Колриж замондошлари унут бўлишдан сақлаб қолинган сатрларга юқори баҳо бериб, достоннинг мўъжаз қолдиқлари ҳам инглиз тили мусиқасининг юксак намунаси эканини эътироф этишган эди.

Шундан сўнг ҳикоянавис "тарих бу каби ғаройиб ҳодисаларнинг яна бир қанчасига гувоҳ" эканини айтади ва бизни шу каби бошқа ҳолатлар билан таништиради. Тушларнинг фусункор қудратини ўз тақдирида татиб кўрган бастакор Жузеппе Тартини ("Иблис нағмалари" сонатаси), ёзувчи Роберт Люис Стивенсон ("Жекил ва Ҳайд" романи) ҳаётига доир мисоллар ҳақида сўзлайди: "бастакор тушида Иблиснинг гўзал бир соната ижро этишига гувоҳ бўлади; Тартини уйғонгани ҳамон “Иблис нағмалари” ("TrillodelDiavolo") номи билан довруқ қозонган асарини ёруғ дунёга олиб чиқади. Стивенсон бошидан кечирган воқеа тафаккур ихтиёрсиз фаолиятининг яна бир ёрқин намунасидир. Ўзининг “Тушлар ҳақида мулоҳазалар” ("ChapteronDreams") асарида маълум қилишича, у бир сафар “Олаля” сюжетига эга бўлади, 1884 йилда кўрилган туш эса “Жекил ва Хайд” сюжетини ҳадя этади". Инглизларнинг илк бахши шоири Кэдмон воқеаси ҳам ғаройиб эди. "Отхонада, отлар орасида пинакка кетишга чоғланган маҳал, кимдир унинг исмини айтиб чақирди ва куйлашга амр этди, - деб ҳикоя қилади ёзувчи. - Кэдмон куйлай олмаслигини айтди, аммо буйруқ такрор янгради: “Яратилиш ибтидоси ҳақида куйла”. Ва шунда бахши аввал ўзи ҳеч эшитмаган мисраларни баралла куйлай бошлади".

Яна Колриж воқеасига қайтиб, у кўрган тушни юзага келтирган яширин ва сирли кучнинг ишоралари ҳақида тахминлар сўзланади. Шоир ажабтовур бу тушни 1797 йилда кўрган, унинг бағридан олиб чиқилган достон қисмини эса 1816 йилда нашр эттирган. Орадан йигирма йил ўтиб, яъни 1836 йилда Парижда, Оврўпада илк бор, XIV аср форс муаррихи Рашидиддин асари таржимаси эълон қилинади. Асарда Қубла Хон ўз тушида кўриб, ёдида сақлаб қолган лойиҳа бўйича сарой барпо эттиргани маълум қилинган эди. Шуларга асосланиб, "дастлабки туш саройни ҳаётга тадбиқ қилди, беш асрдан сўнг кўрилган иккинчи туш эса сарой кўнгилга солган достонни (ёхуд достон муқаддимасини) юзага чиқарди; тушларнинг ўхшашлиги ортида аллақандай оламшумул режа яширин, айни шу икки туш оралиғида кечган улкан вақт эса ушбу режа ижрочиси ғайриоддий ҳилқат эканидан далолат беради" дея хулоса қилади Борхес ва шундай экан, бир неча аср аввал бошланган бир туш тарихи ҳали адоғига етмаганини таъкидлайди.

Энди асар доирасидан четда қолган айрим ҳолатларга назар ташлаймиз. Фусункор тушлар ҳақида сўзланар бўлса, Қубла Хон туш кўрган тундан қарийб бир аср аввал – 1197 йилда озарийларнинг мумтоз шоири, “Хамса” битиш бобида ҳазрат Алишер Навоийнинг устози Абу Муҳаммад Илёс ибн Юсуф Низомий Ганжавий “Ҳафт пайкар” достонини яратди ва унда ўз тушларида намоён бўлган етти улуғвор сарой малоҳатини тараннум этди ("Колриж туши"га илова"). Модомики, Қубла Хон барпо эттирган саройга дахлдор ҳолатлар ҳақида сўз бораётган экан, Мирзо Улуғбекнинг тарих 1425да ниҳоясига етказилган "Тўрт улус тарихи" рисоласидан мухтасар маълумот будир:

"Қубилой тез фурсат ичида Ултон шаҳрида тўхташни лозим кўриб, Чаканду ёнида бир (бинога) асос қўйди. Бу жойга Диду деган ном берди. У ерда тахтгоҳ учун бир қаср қурди. Унинг тупроғидан ҳатто осмонлар ҳам ёруғ бўлди. Бу тахт одамларни қаршига чорларди. Унда Қубилой осмону ой каби эрди. Бу хислатли жой фирдавс жаннати каби бўлиб, бу машҳур подшоҳ фармони билан унинг чор атрофига девор тортдилар. Деворнинг бири биридан бир ўқ етадиган масофада узоқ эди. Биринчи девори Кирёс деб аталарди. Иккинчиси эса амирлар жойи эди. Учинчиси қоровуллар жойи бўлиб, тўртинчиси подшоҳнинг турадиган жойи эди. Мўғуллар бу шаҳарга Хонболиғ деб ном қўйдилар. Яна ундан қолган ёдгорликлардан бири катта дарё бўлиб, у Зайтун дарёсидан сув олиб, Ҳиндистон бандаридан тортиб қирқ кунлик йўл эди ва Хонболиғ шаҳарининг қоқ ўртасидан оқиб ўтарди. Унинг кенглиги шундай эдики, одамлар ундан кема орқали ўтишар, савдогарлар бу дарёдан савдо-сотиқи учун юқори ва паст томонларга борардилар. Айтишларича, айлана узунлиги тўрт фарсанг экан. Баъзилар эса шаҳар кенглигини тўрт фарсанг дейдилар. Ал-илму индаллоҳи".

Асрлар кечиши зайлида хон саройидан фақат харобалар қолгани, Колриж достонидан эса атиги эллик мисра сақланиб қолгани айтилар экан, Қубла Хонга дахлдор яна бир улуғвор йўқотиш ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз. Вақтики келиб, Хитой ва Кореяни бўйсундирган улуғ хон Японияга икки карра босқин уюштиради. Дастлаб 1274 йилда 900 кема билан бу ўлкага келган мўғуллар довулга дучор бўладилар. Орадан етти йил ўтгач ҳозирланган навбатдаги юришда эса тўрт минг тўрт юз жанговар кемалар ва 140 минг навкар иштирок қилади. Аммо не кулфатки, бу гал ҳам дафъатан қўзғолган кучли довул мўғулларга қақшатқич зарба бериб, муқаррар қисматларини бўйнига ола бошлаган японларга омонлик, Қубилойхонга эса мисли кўрилмаган талафот етказади. Довулда барча кемалар ғарқ бўлиб, юз мингдан зиёд лашкар жувонмарг кетади. Шундан кейин япон оролларидан мўғуллар қадами қирқилади. "Илоҳий эпкин" маъносидаги "камикадзе" калимаси шундан қолгандир.

Колрижнинг яна бир улуғ ватандоши Суинберн (1837 - 1909) "Қубла Хон" достони қолдиқларига юксак баҳо берган, Борхес эса "асосий фазилати мусиқий оҳангдан иборат бўлган достонларни бошқа тилга ўгириш ёхуд уларни баён қилишга ҳар қандай уриниш беҳуда чиранишдан бошқа нарса эмас ва бу ҳаракатларнинг нафидан кўра зарари кўпроқдир" дея огоҳлантиради. Аммо бу ўринда юксак огоҳларни четлаб ўтишга журъат этдик ва афсонавий бу назм таржимасига қўл урдик. Журъатимиз ҳосиласи не қадар бўлгани эса нозиктаъб шеърхонга ҳаволадир[1].

Қиссадан ҳисса надир? Олис ҳукмдорнинг сарой борасидаги тушидан дебоча олган бутун бошли бу тарих, турли эврилишлар билан асрлар давом этди. XIII аср адоғида Чин юртида кўрилган ўша илк (илк эдими, аслида?) тушга дохил ва ҳозирча бизга аён бўлган барча ҳолатларни бир тизимга жойлашга уриниб кўрамиз. Бу қуйидагича бўлади:

Қубла Хонга тегишли дастлабки туш – бу тушда кўрилган лойиҳага асосан муҳташам сарой барпо этилиши – Пэрчес қаламига мансуб ва уйқу олдидан Колриж мутолаа қилган асар – сарой барпо этилганидан беш аср ўтиб, унинг бемисл малоҳати тараннум этилган достоннинг нозил қилиниши – Тартини, Стивенсон ва Кэдмон воқеалари – озарий ҳазратнинг "Ҳафт пайкар" достони – Темурийзода алломага тегишли "Тўрт улус тарихи" рисоласи – бой берилган кунчиқар юрт истилоси – "Қубла Хон" достонининг каминага мансуб ўзбекча ўгирмаси – "Колриж туши"га Нодир Шамс деган одам битган дастлабки илова[2] – ва албаттаки, ҳозир, айни шу дамда битилаётган (яна бир дақиқа) ушбу иккинчи илова.

Қубла Хон кўрган тушнинг ҳосиласи билан инглиз шоирига мансуб достон ўртасидаги маълум ришталарни айтмаса, қолган ҳолат ва мисолларнинг бари кечмиш йўлларида ўз ҳолича ва алоҳида мавжуд эди. Аммо Борхес закоси уларни яхлит бир шодага жойлади ва ифтихор шундаки, бизни ҳам ушбу улуғвор шажарага улуш қўшмоққа ундади. Унинг ўзи айтганидек, агар "режа тўғри бўлса, келажак асрлар қаърида яширин аллақайси бир оқшом чоғи “Қубла Хон” достони мутолааси билан машғул кимдир биров ҳайкал ёхуд мусиқани туш кўради. Бу одам бир замонлар яшаб ўтган икки нотаниш одам тушларидан бехабар бўлади ва тушлар синоатига йўл очгучи калит энг сўнгги тушда яширин" бўлар, эҳтимол. Эҳтимол эса ушбу шажара ҳали яна узоқ давом этажакдир.

                                                                   *   *   * Postscriptum.Мен эсам яна бошқа бир сарой ҳақида хаёл қиламан. Вақтики келиб, кўчманчи қўшинлар зарбалари остида юртни ташлаб чиқишга мажбур қолган ўз кентдошим - мирзо Бобурнинг ортга чекиниш баробарида[3] Афғонистону Ҳиндистонни забт этиши, ҳар икки бу мамлакатни парокандаликка дучор қилган қабилавий урушларга барҳам бериб, бу ўлкаларда маъмурчиликни қарор топдириш ортидан уч юз эллик йил қадарли бутун даврни бағрига олган маҳобатли салтанатни муқаррар этиши ҳақида ва, табиийки, шавкатли Валинеъматнинг зурриёди комили - Шоҳи Жаҳон иродаси ила барпо этилмиш муаззам Тож Маҳал ҳақида хаёл қиламан.

Давру даврон доруссалтана Аграда - сокиноқар Жамна бўйларида қад кўтарган Тож Маҳал - бағрикенгликка асосланган бобурийлар ҳукмронлигининг энг равшан рамзи ўлароқ, Мовароуннаҳр ва Ҳинд меъморчилиги сифатларини ўзида мужассам қилган ушбу иншоот кейинги даврда адоқсиз муҳаббат ва битмас садоқатнинг беназир тимсоли бўлиб, етти иқлимга довруқ таратди. Бемаврид қазо чойшаби тортилмиш суюкли Мумтоз Маҳалбегим хотирасига султон Шоҳи Жаҳон қурдирган мақбарага доир маълумотлардан муҳтарам ўқувчи етарли бохабар экани важидан, эътиборни яна бошқа жиҳатларга тортамиз.

Тож Маҳал барпо этилиши ҳаққи турли юртлардан келтирилган йигирма минг нафардан зиёд моҳир усталарнинг йигирма йилдан ортиқ заҳматли умри сарф қилинди. Манбаларга кўра, сана 1653да қурилиш ишлари тамомлангач, мақбара шу кунга қадар собит турган ўзининг якуний шамойилига эга бўлди - яхлит мармар саҳнга жойлашган, баландлиги 74 метрли беш гумбаздан иборат, чор тарафи эса азим миноралар билан зийнатланган, ҳовуз ва фавворали беҳиштий боғлари кўзларни яшнатувчи улуғ иншоот! Ўзининг муҳаббат афсоналари ва тенгсиз малоҳати билан қалбларни ҳамон мафтун этаётган муаззам мақбара! Инглиз шоири тушларига бостириб кирган ва уни достон ёзишга чоғлаган олис мўғул ҳоқони тушлари маҳсулидан кўра, бобурий ҳукмдор иншо эттирган мана шу сарой - аслида улуғвор ва маҳобатлироқ эди. Ҳад билмас кибр тимсоли ўлароқ, Чин-мочинда барпо этилган Қубла Хон саройидан кўра, фарзанди аржумандларнинг мукаррама волидаси, жондан азиз завжаи муҳтараманинг ўлмас хотирасига аталиб, бемисл ва беминнат муҳаббат тимсоли ўлароқ, Ҳинд заминини зийнатлаган Тож Маҳал фазилатларини тараннум этиш - аслида мантиққа яқин ва тушунарлироқ эди. Зотан, биринчи саройнинг тушлардан бино бўлганидан бошқа фазилати йўқ, кейингиси эса муҳаббат ва садоқат каби муҳташам туйғулар маҳсули экани билан ҳар қандай тушлар ҳосиласидан чандон юксакроқдир. Қолаверса, XIII аср адоғида Қубилойхон қурдирган сарой кушанда йилларга ем бўлиб, ундан атиги харобазор урвоқлари қолган бўлса, Шоҳи Жаҳоннинг кўнгил обидаси ҳамон муқим ва муқаррар.

Самуэл Тэйлор Колриж чала қолган асарини 1797 йилда қоғозга тушириб, орадан 19 йил ўтгач - 1816 йилда нашр эттирган экан, қурилиши 1653 йилда тамомланган бемисл Тож Маҳалга доир ва, умуман, бобурийлар салтанатига оид ҳикоятлар бу вақтда Оврўпа адабий доираларида дурустгина маълум бўлганига шубҳа қилмаймиз. Колрижнинг бошқа бир ўтмишдоши - Жон Милтон (1608-1674) "Бой берилган жаннат" номли унутилмас асарида бу салтанатнинг улуғвор Агра ва Лоҳур кентларини тараннум этгани ҳам шу боис, илло, бежиз эмас эди[4]. Илк бор 1667 йилда (Колриж достони қоғозга туширилишидан 130 йил аввал) чоп этилган бу асар "Қубла Хон" достони битилган XVIII аср охирларида Ғарбда етарлича шуҳрат қозониб улгурган эди.

Аммо Борхес назарда тутган ва қалбларни безовта қилиб, юрак ва тушларга бостириб киришга мойил ўша сирли куч - "одамларга ҳали номаълум бир архетип, аллақандай адоқсиз мангу вужуд" ўз ҳолича иш тутишни маъқул кўрди. Синоатли режа дебочаси ўлароқ, мўғул ҳоқонига улуғвор сарой ҳақидаги тушни нозил этди ва тушда кўрилган лойиҳага асосан такаббур Қубла Хон чиндан сарой қурдирди, орадан беш аср ўтгач эса ушбу сарой малоҳати тараннум этилган сатрлар туманли оролдан бўлган бир шоирга тушида тақдим қилинди. Мазкур шажарадан жой олган бошқа халқаларни юқорироқда маълум қилдик. Бу ўринда Қубла Хон саройи йўқликка сингиб, ғойиб бўлгани, Тож Маҳал эса барча латофати билан ҳамон барқарор экани муҳим нуқталардан биридир. Ўйлайманки, айни шу ҳол, яъни ҳамон мавжуд-муқаррар ва барчага аён Тож Маҳални тараннум этгандан кўра, ғойибликка юз тутган бошқа кўшкни қаламга олиб, уни лоақал хаёлларда мангуга муҳрлаш истаклари азалдан назарда тутилгандир, эҳтимол. Ва алланечук бир тарихий адолат талаб-истакларининг қаноати ҳосил этилиб, ўша режа-ниятларга хос мувофиқлик шу тақлид амалга ошгандир, эҳтимол. Мавжудликдан кўра, ғойибликнинг жозибаси юксакроқ эмасми, ахир?

Ҳар не бўлганда ҳам, таваллуд юртимдан бўлган улуғ ўтмишдош зурриёди иншо этмиш кўшкнинг Борхес баён этган ўша улуғвор шажарадан ўрин эгаллаши эҳтимоли - амалга ошмаган, аммо рўёбга чиқиш эҳтимоли назарда тутилган ушбу тадбир - бой берилмишлардан зада бу кўнгилга бир таскин бўлиб қуйилмакдадир...

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (65 голосов, средний бал: 4,26 из 5)
Загрузка...