Хафиза Эгамбердиева

DSC_0045Я журналист и редактор газеты «Сандувоч». Занимаюсь публицистикой, пишу стихи, повести и рассказы. Я начала заниматься творчеством еще в детстве (пишу с 12 лет).

Член сообшества писателей Узбекистана.


Повесть "БИР ДЎМБИРА ҚИСМАТИ"

отрывок

  Газетанинг навбатдаги сони Наврўз байрамига бағишланадиган бўлди. Бундай пайтда шаҳардаги тантаналардан репортаж тайёрлайман, дегувчилар кўп.  Арафада негадир кўнглим кенгликларни тилаб, чекка қишлоқларга боргим келди. Ўтган йили семинарларнинг бирида қўштепалик  кекса адабиёт ўқитувчиси Норқизил Панжиевнинг ўз қишлоғига таклиф  этгани ёдимга тушди.

 Муҳарриримиздан сўраб, котибамиз Зиёдани ҳам йўлга ҳамроҳ қилиб олдим. Бир соатдан зиёдроқ вақтим йўлда ўтди. Мактабда иккинчи соат бошланган экан. Ўқитувчилар хонасига борганимда Норқизил муаллимнинг ёзда пенсияга чиққанлигини, айни пайтда ўн-ўн бешта қўй  қилиб, Қўштепага чиқиб кетганини, ҳар куни шомда қайтишини айтишди. Вақт тиғиз, сабрим чидамай мен ҳам тепаликка чиқишга ошиқдим. Қаршининг теп-текис йўлларида юриш  бошқа-ю, тепаликка кўтарилиш бошқа. Йўл ярмида ҳамроҳим билан ҳансираб, чарчаб, ортга қайтмоқчи бўлдик. Кабинетга михланиб ўтириб, ҳар ишни енгилини  кўзлаб, ўрганиб қолганмиз-да. Кекса ўқитувчи ишғол қилган баландликка чиқолмай, ортга қайтишдан ор қилдик.

Мана, ниҳоят баландликдамиз. Бор бўй-басти билан пойимизда  намоён бўлган, бўй қизнинг чимирилган қошидек туташиб, ёнма-ён турган икки қир ўсма эмгандек кўм-кўк. Эндигина бош кўтараётган нимжонгина  ўтлар офтобнинг нурларига  интизор-илҳақ, беҳол титрайди. Ҳамалнинг кириб келишига ҳам оз қолибди. Кечагина ёққан ёмғирнинг ва ўт-ўланларнинг иси баҳор келаётганидан дарак бераяпти. Ҳадемай улар кучга кириб, кўкпатли гиламдек қирни эгаллайди. Бундай лаҳзаларда қушлар каби қанот  боғлаб, кенгликлар сари учгинг келади. Кўкликлардан кўз тўлади. Оний фурсат ёлғиз қоласан. Табиат ва сен. Айни дамда тирикликнинг ўзиданоқ нашъа туйсанг, умр елдек ўтиб кетаётганидан маҳзун тортасан. Баҳор отлиқ чавандоз ёнингдан неча бор ўтиб кетди? Қай бирининг қўлидан тутдинг-у, қай бирини келиб-кетганини ҳам пайқамай қолдинг? Баҳор кўз олдингдан  ўтдими ёки кўнглинг туб-тубидан. Тепага ўрлаганинг сари ҳуркак хаёлларнинг ипи дам-бадам узилаверади. Баландликдан туриб, фикрлаш осондек туюларкан. Ахир қанотсиз одам боласининг қувончу ташвишлари пастда. Бўйи билан баравар турмуш юкидан гоҳ эгилиб, гоҳ кеккайиб яшаяпти. Шу сабабким, баланд тоғларга, қирларга бир бор чиқиб, ўз юкидан баланд турмоқ истаб қолади киши.

Ҳа, тепада кўзларинг тиниб, қулоқларинг том битиб қолгандек бўласан. Тирикчилик ташвишлари, муаммолар, эртанинг қайғуси нари сурилади. Кўксингни тўлдириб нафас оласан, эркин  нафас. Вужудинг  ила ўраб олган юрагингга ҳам кенглик керак бўлади. Осмонга термуласан. Ҳузурбахш лаҳзалардан бошинг айланади. Осмон билан ер бирлашгандек, нурдан либос кийган илоҳий қўшиқлар кўнгилга оқади. Уни ҳаводек ютоқиб симирасан. «Ҳайто-ҳуйт!». Тирикликнинг бу овози сергаклантиради.  Хоҳишингни, истакларингни чегаралаб атрофга қарайсан. Ана, чўпон бир уюр қўй-эчкиларни қайириб қайтаяпти. Оқ каптарлар пастга эниб, қишлоқдаги дарахтлар орасидан кўриниб турган томларга қўнади. Қирнинг ўнгирида жойлашган қишлоқнинг кираверишида жойлашган мактаб биноси дов-дарахтлар орасидан оқариб кўриниб турибди. Ўнг томонида спорт майдони. Танаффус бўлдими, сукунатнинг юрагини ёриб, шўх-шодон  овозлар уйғунлашиб, бир жарангдор куй ҳосил қилди. Эҳтимол, уни тинчлик куйи, деб атаса жоиз бўлар.

Ҳадемай бу шовқин қиш бўйи димгирифта бўлиб, бир четда қолиб кетган қирни ҳам қоплайди. Пастга энганинг сари ғам-ташвишлар  ростлигини тан ола бошлайсан. Тепаликда туриб ўйлаган фикрларинг пастга  тўғри келмайди. Пастдагилар ҳам баравар тепага кўтарилишса, шунда бирон ўзгариш булар. Бу кўтарилиш эса фақат Наврўзда юз бериши мумкин.

Ҳутнинг сўнгги кунлари бўлганлиги боис қуёш нурлари кишига хуш ёқади. Ҳар замон узоқлашгиси келмаётган қиш совуқ эпкинини юборади. Эндигина униб чиқаётган бу майсалар бир қарич бўлганидан ё ўроққа ёки  қўй-қўзиларга ем бўлиши ҳақида ўйлармикан, балки шу сабаб енгилгина титрашаётгандир. Ёинки қуёш нурларига осилиб, кўкка қадар бўй чўзамиз, дермикан. Ўт-ўланларнинг, қушларнинг тилига тушунсак, яшаш осон бўлармиди, балким.

Кеча ҳам бу қирларда орзулар уммонида сузганлар борлигига, бугун ва эртага ҳам қирга кимдир чиқиб-тушишига ишонасан. Қишлоқнинг яхши-ёмон  кунига гувоҳ бу забонсиз қир қанча йилбошини ўтказган бўлса. Яхши-ёмонни елкасида бирдек кўтариб, қувонган, эзилган, топталган, балки пинҳона оққан кўз ёшларини шимган. Бугун эса юраги тарс ёрилгудек  бўлиб навбаҳорни кутаяпти. Наврўз байрамига ҳам саноқли кунлар қолди. Мактаб директори бизга қўшиб юборган   бола Норқизил муаллимни топиб, бизни кўрсатди. Бир фурсатни нафас ростлашга сарф қилдик.

Ўрта бўйли, икки юзидан қон тепиб турадиган, миқти гавдасига нисбатан эпчил ва чайирлиги сезилиб турадиган муаллим тез-тез юриб, ёнимизга келди. Муаллимнинг қўлида қизғиш заранг таёқ. Негадир шу таёқни  муаллимнинг ўзига ўхшатдим. Ёмон одатим бор. Болалигимда далага чиқсам, ҳамманинг кетмони ўзига ўхшайди, деб ўйлардим ва кетмонда  эгасининг юзини  кўрардим.

 -Наврўз ҳақида ёзишим керак, қўштепаликларнинг йилбошисини роса мақтагандингиз, - дедим салом-алик қиларканмиз.

Норқизил муаллимнинг айтишича, қўштепаликлар ҳар йили Наврўзни шу қирда нишонлайди. Шоду хуррамлик қирдаги жимликни бузиб, куй-қўшиқлар янграйди. Кимдир келида атай кўкартирилган буғдойни туйса, кимдир унинг  оппоқ ширасини қозонга тўкиб келади. Юзига доғ тушган ҳомилали келинчаклар буғдой ширасига юзларини артишади. Сумалак ковлашни бошлаган момоларга ёнғоқ беришади. Аёл кўзи ёриган пайт сумалакда  қайнаб чиққан ёнғоқ мағзи билан юзини артса доғлар кетармиш. Ҳа, қўштепаликларнинг атир-упаси  ҳам, дори-дармони ҳам табиат. Йилбошига тараддуд кўриш буғдой кўкартириш билан бошланади. Ҳам энгил-боши, ҳам  кўнгли тоза, рўзғори саранжом-саришта, фарзандлари қобил кайвони аёл аввал ўн-ўн беш кило cара буғдойни ювиб, дока ташланган катта тўқима сават устига   ёяди.  Бу  иш  Наврўздан  бир  ҳафта  олдин  бошланади. Агар вақт тўғри ҳисобга олинмаса, буғдой майсаси  хиёл  зиёда  ўсса, сумалак  аччиқрок таъм ҳосил қилади. Унда буғдой кўкартирган аёлнинг боши балога  қолади.  Майсани ўтказиб юборибди, деган таънани бир йил эшитиб юришнинг ўзи бўлмайди. Шу  боис бу машаққатли иш ҳар йили Зайпа  момонинг чекига тушаркан. Майсанинг ширасини олиш ҳам осон иш эмас. Бу юмуш билаги бақувват, таҳорати бор, озода жувонларга топширилади. Оёқ олиши озгина гумонга сабаб бўлганлар сумалак бошига даримаслиги лозим. Йўқса, сумалакка шифобахш қувват берадиган малаклар қочиб  кетармиш. Қўштепанинг сумалаги суюқмас, жуда қуюқ бўлади. Улар суюқ сумалакни хом деб ўйлашади. Муаллимнинг фикрича, суюқ сумалак ҳам яхши. Айниқса, ошқозон-ичак касалликларига бопта тушади. Зарда қўзғамайди. Қаттиқ сумалак эса қанча сақланса ҳам, айнимайди. Илик уздидан ўтказиб, сумалак пишиғигача туради. Қишда озгина саримой  солинса, юмшоқ, ҳузурижон бўларкан.

Наврўз ҳар томондан аёллар боши узра қўйиб, олиб келаётган дастурхондаги турли таомлар, кўксомсалар ейиш билангина ўтиб кетса, келгуси йил Наврўз келишини қишлоқ аҳли шунчалар орзиқиб кутармиди? Йўқ, албатта. Тўкин дастурхон уларнинг кўнглини тўлдиролмайди. Урф-одатлар, айтишувлар, миллий ўйинлар билан биргаликда достонларни асрдан-асрга, оғиздан-оғизга олиб ўтувчи кўприкдир бу байрам. Боз устига  кўнгилларда ҳар йили янгидан куртак отадиган баҳорий ҳис-туйғуларни ҳам Наврўз туфайли куз шамолидан, қишнинг заҳридан асраб қоламиз. Шу боисми, байрамга тадорик кўраётганлар ўқтин-ўқтин йўл қарашади. Машҳур  санъаткорлар ташрифи ҳам бу интиқликни йўқотолмайди. Қишлокдан атай  вакил юборишган. Келяптими?  Бошқа жойга кетиб қолмадимикан? Қозонга ёғ доғлаётганлар ҳам, сабзи тўғраётганлар ҳам бир-бир тўхтаб йўл қарашади. Ниҳоят бола-бақранинг пастга қараб қийқириб, югуриб кетаётганлигидан хотиржамлик ҳукмрон бўлади. «Ҳай-ҳайя. Раббимов!» Бу қадрдон овозни эшитишмаса уларга байрам татимайди. Кўзлар кулади, юзларга табассум балқийди. Дўмбиранинг оҳанги Наврўз байрами бошланганидан дарак беради. Гўёки дўмбира унинг руҳидек, қирга жон қиради. Ҳамма юмушини тезроқ тугаллашга, қадим оҳангларга пешвоз чиқишга  ошиқади.

Дўмбира  сайраяпти. Мусиқий алифбонинг ҳеч қайси қонуниятларига  бўйсунмаган қайсар, тепаликка интилаётганларнинг қалбидек шаддод, тўпори,  покдамон. Кўнгиллар яйраяпти. Баъзан маҳзун, баъзан шодон бу оҳанг узанига сиғмай оқаётган асов дарёдек тўполон билан бориб, эл кўнглига қуйилаётир. Неча асрлар давомида не-не қирғинбарот урушлар, талон-тарожлару босқинларни кўрган бу эл қатори дўмбира ҳам ўз бошида не-не синоатларни кўрди. Балки шу боис у хилватнишин хонадонларда, назокатли давраларда, қасрларда эмас, кенг далаларда, қирларда, тўй-байрамларда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кишиларни, бир жойга тўплай олар. Муаллим бу жойларда достон айтиб, терма тузадиганларни шойир дейишади, деди. Қишлоқ аҳли қора қошлари бароқ, катта-катта  кўзлари кўкимтир, ўрта бўй, саксонни қаршиласа-да йигитлардек эпчил ва  хушчақчақ шойирига қараганда кўзлари ёшланади. Оқидан қуй, - дейди у баъзан пиёлани кетма-кет узатиб. Шу савилни ичиб олгандан кейингина унинг дўмбираси шўхчан янграйди. Ундаги гоҳи  кўзга ташланиб  қоладиган, ўзбекка хос бўлмаган айрим одатларини ҳам, андишасизликка  йўйишмайди. Муҳими, у келади ва дўмбира оҳанги қирни эгаллайди:

-Қўштепада қўшкарнайлар ҳозирми,

Баҳорой кеп қирга хатин ёзирми,

Қизғалдоқлар қизарган бу тепада

Ой қизларим дастурхонлар ёзарми.

Шойир дўмбирани чертганча даврадагиларнинг атрофидан айланиб, айланиб  хониш  қилади:

-Бошима тож кўрдим хумоли,

Куйдайин юртимнинг шамоли,

Тоғларнинг бошини ўраган,

Момомнинг армонли рўмоли.

Сумалак бошидаги Зайпа момо ўзига тикилиб терма айтаётган шойирдан, тушиб кетган тишларини яширибми, ёки ҳаё босибми, шимарилган кенг енгларини тушириб, оғзини оқ рўмолининг бир учи билан бекитиб кулади ва дўмбира оҳангига монанд бош тебратиб, муқом қилади. Шойир момонинг муқомига мос бош тебратиб, ундан нари кетади.

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (76 голосов, средний бал: 4,17 из 5)

Загрузка...