Мухаммад Шариф

Muhammad ShriffМухаммад Шариф (Мухаммадшариф Маматкулов) родился в 1968 году. В 1993 году окончил факультет журналистики Ташкентского государственного университета и уже более 20 лет работает журналистом. Его первые рассказы были напечатаны в начале 90-х годов в местной периодике . В 2015 году в российском журнале «Звезда» был переведен и опубликован его рассказ «Кулдиргич». В 2014 году «Воспоминания о С.А.» - повесть о жизни Советской Армии стала лучшим прозаическим узбекским произведением в конкурсе «Новеллазия», где участвовали около 100 авторов из пяти стран Центральной Азии. Повесть была переведена на русский и английский языки и размещена на сайте http://novellasia.net/ru. В 2016 году в Узбекистане отдельной книгой был издан его первый сборник рассказов «Толкуприк».
   

рассказ "СОМОН ЙЎЛИ"

(на узбекском)

отрывок

Чанг қишлоқ узра қўниб-ўтириб бўлди. Сомон зарралари деразалардан уйларга кириб борди, кимнингдир тўнтарилмай қолиб кетган қозонини босди, токка осилган солмадаги сути юзини қоплади. Қишлоқнинг шакли-шамойили энди бор бўйича кўринди. Бодраб чиққан юлдузлар қишлоқ кўчалари ва катта асфалт йўлни қоплаган сомонларда жилваланди.

Тонгга яқин ҳаво мусаффоланди ва енгил шабада турди. Чангга териси юпқаларнинг тунги аччиқ-аччиқ чучкириклари ҳам тиниб, ёзнинг оромбахш ва салқин тонги ота бошлади.

Катта йўлдан машиналар ғизиллаб ўта бошлаган пайт Ботир адирга отланди. У кўча томонга эмас, ҳовли тепасидаги далага юрди. Шу тариқа адирга элтадиган йўлга кесиб чиқиш мумкин. Ёмғирларда ювилиб, қуёшда туллаб, ўркачга ўхшаб қолган пахсадан ошиб ўтди, кейин қўшниларнинг девори бўйлаб юрди. Қишлоқ чети бўлгани учун кўплар девор олмай, дарахт ва буталарни тиғиз экиб қўра қилган, баланд бақатераклардан тортиб, пастак дўланаю наъматаклар далани қишлоқдан ажратиб турарди.

Ботир дарахтлар оралаб кетар экан, илкис тонгги сокинликни бузиб янграган қуш сайроғини эшитди. Кутилмаганда таралган бу сас унинг ҳали тўла уйғонмаган сезгиларини ҳушёр торттирди. Қушнинг товушида дарахтзорнинг сеҳрли садоси ҳам бор эди. Ботир бу оҳангни эшитмаганига юз  йиллар бўлдиёв.

Ҳали тонг оқариб улгурмади, тонги майинлик ва сокинлик аро янграган товуш уни ерга михлаб қўйгандек бўлди. Ботир шу қотганича бир қанча пайт туриб қолди. Товуш иккинчи марта такрорлангандан кейин яна ўзига келиб, атрофга зор аланглади.

“Наҳотки яна шундай қушлар биз томонларга қайтиб келган бўлса?!”

У ишонқирамай, дарахтларни бир-бир кўздан кечира бошлади. Энкайиб дарахтлар оралаб юрди. Қуш яна овоз берди. У чўккалади. Ортидаги қайрағочга суяниб, кўзини юмди ва ўзини алланечук сархуш ҳис қилди.

Атрофга таралган товуш дарахтларга урилиб акс садо берар, бора-бора қуюқ барглар орасида сингиб кетишидан аввал оқараётган тонг ҳавосида зангор-яшил из қолдириб кетаётгандек туюларди.

Ботир кўзини кирт очиб, овчидек атрофга аланглади. Ёввойи бир ҳиссиёт ич-ичидан тўлқин уриб кела бошлади. Қаердан келмоқда эди бу товуш. Қушни ҳуркитиб юбормаслик учун оёқ учида, дарахтларни бир-бир ушлаб қадам ташлади. Қушнинг сайроғи тингач, бу сеҳрли оҳанг қайта янграшини кутиб карахт қотар ва шохларни кўз қири билан кузатар, кўз қорачиғининг қўққис ҳаракати ҳам қушни ҳуркитиб юборгудек эди.

Ҳар гал сайроқ янграганда у қуш турган жойга тобора яқинлашиб қолганини ҳис қилар ва ҳаяжони ортарди. Субҳидам, мусаффо ҳаво, сада ва дўланаю наъматаклар, шудрингда юмшаган шох-шаббалар, ёввойи ялпиз ва чучукмиянинг ўткир ҳиди ҳамда қишлоқ четидаги бу сокинлик, буларнинг бари қўшилиб уни аллақаерларга чорлагандек бўларди.

У чакалакзор орасида анча юрди. Орада қуш узоқ вақтгача товуш бермади. Лекин у ҳар бир дарахт ва бутани сергаклик билан кузатишдан тинмади. Ва ниҳоят, у ярим қуриб бўлган қайрағоч шохида ўтирган қушни барглар орасидан илғади. У яна ҳам яқинроқ бориб бамайлихотир кузатмоқчи бўлди ва қурғаб қолган ариқ ичидан қайрағочга яқинлаша бошлади. Илкис унинг шундоқ ёнидаги қоратол ковагидан чумчуқ пириллаб учиб чиқдию ҳуркиган қуш учди-кетди. Ҳавода тўлқин-тўлқин из қолдириб, лоп-лоп этиб ғойиб бўлди. Қайрағочнинг қуруқ шохи титраганча қолди. Ботирнинг кўксидан ҳам бир нима потирлаб чиқиб, қушга эргашиб кетгандек бўлди. Нима эди у?!  Нега энди уни яна ташлаб кетди? Неча замонлар бўлди унинг юраги бундай урмай қўйганига...

Ботир қоратолга елка тираганча сирғалиб ўтирди, оёғи остидаги ажриқларни чимдиб юлди, қадоқ бармоқлари ер тирнай бошлаганда қўлига лаппакдек тош илинди. У тошни тозалаб ялтиратмоқчидек кафтига ишқаб арта бошлади ва шу алпозда хотираси ҳам тиниқлаша бошлагандек бўлди.

***

Ўзи ёшлигидан миқти, лекин абжир ва чайир бола эди. Маҳалласидаги болаларга бош бўламан деб ўзини ўтга-чўққа урар, маҳалла шаъни, қишлоқ шаъни деб жанжалга бош суқишдан тап тортмас, тўйларда кураш тушар, эшакдек чайир бу боладан бир-икки синф юқорида ўқийдиган ўспиринлар ҳам ҳайиқиб турарди. Шу сабабдан у тўйларда ўчоқ атрофида йиғиладиган йигитлар даврасида фахрли меҳмондек ўтирарди. Дошқозон учун ковланган, қарсиллаб олов чатнаб турган ерўчоқ атрофида олди-қочди суҳбатлар, аскиялар, армиядаги ярми лоф саргузаштлар тинмасди. Ҳарбий хизматдан янги келган, дўпписини пешонасига қўққайтириб, кўйлагининг олдини киндиккача очиб, учини белбоғнусха тугиб юрадиган посон йигитлар билан тенгма-тенг бўйлашадиган Ботирга тенгқурларининг ҳаваси келарди.

Мактабни тугатиш йили синфдошлар охирги марта ғўза чопиққа чиқишди. Олдинда ҳали битириш кечалари, орзу-ҳавасларга тўла янги дунё. Синфдош қизлару йигитлар бу дамлар қайтиб келмаслигини ҳис қилгандек аҳил тортиб қолган. Энди аввалгидек оёқ остида топталган ёки ногоҳ чопиб ташланган ғўза ниҳоли ҳақида қайғуришлар ўрнини бошқа туйғулар эгаллаган. Эгатларда чўккалаб олиб қуриладиган суҳбатларнинг адоғи йўқ, нигоҳлар, қарашлар алланечук сирли ва маъноли.

“Исталин” лақаби билан машҳур туман маориф бўлими мудири ўша пайтлар катта бир йиғинда: “Косонсойда қуёш нури биринчи бўлиб Гўрмиронга тушади, бироқ бу қишлоқдаги мактаб ўқувчилари далага нима сабабдан ҳаммадан кеч чиқади?!” деб ўшқирганди. Мактаб директори ва ўқитувчилар эса йигит-қизларни оқшом пайти даладан қайтаролмай ҳалак эди.

Лекин Ботир ҳамон ўша-ўша, унинг чапани феълида ғурур ва ориятдан ўзгаси йўқ эди. Қизлар ҳақида эса уларни ҳимоя қилиш зарурати туғилгандагина ўйларди. Кузатувчан одам борлиқда соат сайин ўсиш-ўзгаришни илғайдиган серавж май кунларининг бирида Ботир даланинг уватига тушди. Эгатлар тутқаторнинг тагида бўлгани учун ажриқ ва ғумайга тўла эди. Синфдошлари анча илдамлаб кетиб, ўқариққа яқинлашиб қолганди. У гоҳ тошлоқда кемшик бўлган кетмончасини тошга қўйиб теради, гоҳ ажриқларни юлқилайди, лекин ишда тиним ҳам йўқ, унум ҳам йўқ. Лекин у ортда қолиб кетганига сира парво қилмайди, чунки одатда қизлар иш охирида ҳашар қилиб, эгатини қайтариб келишини билади.

Кун қизигандан қизиб борар, ердан кўтарилган ҳовурда ўқариқ томондаги синфдошлар жимирлаб кўринарди. Тепароқда қизлардан бири ёмғирпўшини тутнинг шохига илиб кетибди. Ботир ўша зангор, чумчуқ галасидек кутилмаганда бир кўтариладиган иссиқ елда ҳилпираб қўяётган ёмғирпўшни марра белгилаб, унга етгунча бош кўтармасликка аҳд қилди. Ҳадеб эгат охирига қарайверса, худди олдинга эмас, орқага қараб кетаётгандек туюлади.

Ботир паккага етиб келганини боши ёмғирпўшга текканида сезди. Нафас ростлаш учун бошини кўтармоқчи эди, шохга илинган силлиқ либос унинг юз-кўзидан сирғалиб ўтди. Ботир кетмончасини ерга урган кўйи қотиб қолди. Унинг бутун вужуди ёқимли бир ҳисдан сесканиб кетди ва беихтиёр ерга ўтирди. У сармаст эди. Бироздан сўнг ўзига ҳеч ким қарамаётганига ишонч ҳосил қилгач, бошини яна бир марта кўтариб, юзини ёмғирпўшга қайтадан тегизди...

Ва парвоз қилаётгандек бўлди. У пахта даласи узра учарди, бошларига оқ дурра танғиб олган қизлар, кўйлагини бошига ёпинғич қилган  болалар пастда ер таталаб ётар, у эса тобора баландроқ учар, кўм-кўк осмонда лочин каби қанот керар, сўнг камон ўқидек пастга шўнғир, кейин қалдирғочдек ер бағирлаб учар, бора-бора ўзини печакгулга қўнаётган капалакдек ҳис қиларди. Ногоҳ унинг назарида баҳор осмони булут тўплаб, момақалдироқ турди, яшин чатнаб, шаррос ёмғир қуйди. Юз-кўзига тасирлаб урилаётган муздек томчилардан сесканиб, ваҳм аралаш ёввойи қутқу ичида телбалардек қичқириб, ич-ичидан кўкрак қафасига потирлаб урилаётган тилсим қушни учириб юборгандек бўлди гўё.

Гўё бирдан ёмғир тиндию атроф чароғон бўлди, у ҳали кўрмаган турфа ранглар, сезмаган ҳидлар орасида каловланиб ўтирар экан, бу сержило оламда унга нимадир, кимдир таниш эди. Синфдоши Замира, унинг ёмғирпўши, ҳиди, кумуш қўнғироқдек жарангдор ва ёқимли овози...

Ботир шу алпозда анча вақт қолиб кетди. Юраги гупиллаб урар, калласида жарқалдирғочдек чарх ураётган фикрлар кетидан қувиб етолмасди. У кўзини юмганча эгат ичига ётиб олди. Анча вақтдан кейин кўзини очди. Энди у дунёга бошқача нигоҳ ташларди. Худди бир умр чанг бойлаб ётган дераза ойналарини кимдир ярақлатиб ювиб қўйгану ташқарида у шу пайтга қадар сезмаган ҳаёт тўқ ва бой рангларда жўшқин давом этарди.

У нималарнидир энди тушунгандек бўлди. Анҳордаги сувнинг шовуллаши, толкўприкнинг ғийчиллаши, қушларнинг чуғур-чуғури, қизларнинг юк машинада далага қўшиқ айтиб келишию қўшиқ тугагандан сўнг бир-бирларига урилиб-сурилиб, қиқирлаб кулишлари, бари-бари қулоқлари тагида жаранглай бошлади. Бу товуш-овозларда у авваллари илғамаган маъно, йўқ-йўқ, ҳеч кимга кўрсатиб ёки айтиб бўлмайдиган сир борлигини англагандек эди. Навбатчи қиз пиширадиган макарон бўтқаю бакда чала қайнаган ва мумқоғоз ҳиди келиб турадиган чой нега хуштаъмлигини энди илғагандек. Шаррос жала қуйиб юборганда қизлару болалар бир туп чинор тагидан паноҳ топганию елка-тирсаклари бир-бирларига ногоҳ тегиб кетгандаги орзиқиш-сесканишлар, тер ва намдан таралган ҳидлар, буларнинг бари-барида энди маъно бор эди.

У худди шунга ўхшаш, лекин бундан анчайин кучсиз, ёки агар ҳидларда ранг бўлгандайди, шу ҳиднинг очроқ рангини қачонлардир бир кўргандек эди. Ўтган йили қишда институтда ўқийдиган опаси икки толиба дугонасини олиб келганди. Ўша куни қишлоқда тўй эди. Толиба қизлар ясан-тусан қилиб, атир-упа суриб тўйга чиқиб кетишгач, Ботирнинг кўзи сандал устида қолган “Ёшлик” деган журналга тушди. У журнални қўлига олгач, ундан жуда ёқимли, лекин бегона бир ҳидни туйди. Ўшандан буён бу хуш бўй толиба қизлару ёшлик ҳақидаги журналлар билан боғлиқ бўлиб хотирасига ўрнашиб қолганди.

Лекин бугунги ифор....

Ботир бутунлай ўзгарди. Энди Замиранинг ҳар бир ҳаракатию сўзидан ўзгача бир маъно топарди. Қиз нимаики демасин, нимаики қилмасин, унинг учун ёқимли туюларди. “Замира” деган исм маъно касб этди, Замиранинг кўчаси сариштароқ, дарвозаси ёнида ўсган шотути қадрдонроқ кўринадиган бўлди. У ана шундай хушхаёллар оғушида юрган кезларда тасодифан Замира билан ёнма-ён эгатга тушиб қолди. Улар ишлаётган дала четида бир ташландиқ боғ бўларди, кўп дарахтлари қуриб кетган, ғўзадан ошиб чиққан пероб сувдан ичиб қолганлари яшнаб турарди. Боғ қаровсиз бўлишига қарамай, баҳор ва ёзда ғўзага ишлов беришга келган мактаб ўқувчиларию колхозчиларга соя берарди.

Ботир ва Замира бошқалардан ортда қолиш учун кетмончаларини ерга енгил урар ва тез-тез суҳбат қуриб, эгат ичида узоқ ўтириб қоларди. Ўшанда уларнинг суҳбатини бузиб боғдан бир қушнинг ажиб сайроғи эшитилди. Ботир тошдек қотди, Замира ҳайрат ила аланглади. Улар азбаройи қизиқишдан боққа киришди. Қушни ҳуркитиб юбормаслик учун оёқ учида қадам ташлашди. Дарахт ва буталар  қуюқлашган жойда Ботир баланд ёнғоқнинг шохлари орасида ўтирган бир қушнинг думинигина кўра олди. У Замирани сўзсиз ўзи томон имлади. Замира унга шу қадар яқин келдики, Ботир унинг гупиллаб ураётган юрак товушини, илиқ нафасини сезди ва ихтиёрсиз ҳолда унинг яноғидан шартта ўпич олди. Замира “вой” дедию ҳуркиб, сапчиб қочиб кетди. Қуш ҳам пирр этдию учди кетди. Ботирнинг юраги эса типирчилаб қолди. Замира томонга қарашга ботинолмай, кўзи лоп-лоп учиб бораётган қуш ортидан эргашди.

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (12 голосов, средний бал: 3,58 из 5)

Загрузка...