Муаззам Иброҳимова

screenshot_2013-04-01-01-17-21-1Муаззам Иброҳимова Я родилась 1975 году в городе Кувасай в Ферганской области . С 5- класса пишу стихи и рассказы. По воле судьбы стала педиатром но не прекращала писать. После рождения первенца стала писать сказки, что бы рассказывать их перед сном своему малышу. Так и появились мои чудные творения. До этого дня изданы три сборника сказок для детей. Мать четверых детей. На конкурс прислала сборник из рассказов, пьес и стихов—" Нур қидириб" (В поисках света)    

Рассказы "НУР ҚИДИРИБ"

—Биз яна суратга тушамиз. Мумкинми? Насиманинг саволидан севиниб кетган сураткаш ёйилиб илжайди: —Нага мумкин бўлмасин қизим. Мархамат! Кийимларингизни ўзгартирмоқчи бўлсаларингиз ана алохида хона. ...Уларни анча кутиб қолдик. Суратчи кўрсатган хонага кириб кетишганича ярим соатда ҳам чиқай дейишмайди. Театрга чипта олиб қўйганмиз, пича асабийлашдим. Бир вақт қарасам, болалари шаҳзода ва маликлардай ясанган, ўзи ҳам энг сара миллий либосда Увайсий ва Нодирабегимлар каби улуғвор қиёфада турарди. Бўйнида тоза олтинлари эмас, мис зебигардон, бошида ҳам Чорсуда сотиб олинган арзон тиллақош, келинчакларники каби оппоқ харир рўмол эса унинг хусни ва малоҳатини янаям очганди. Кўзлари эса яна жиққа ёш: -Момоларимга ўхшадимми апажон? “ Оз бўлса ҳам ўхшабсан” денг! Зора шу тупроқда ётган аждодларимнинг руҳи шод бўлса. Мен Афғонистонда бу холатда суратга туша олмайман. Тошконда орзуйим ушалсин. Биламан, бу суратларни ўз яқинларимдан бўлак, ҳеч кимга кўрсатишим мумкин эмас. Толиблар қўлига тушса ўлдиришлари мумкин. Сандиғимда авайлаб –асраб, кимлигимни эсдан чиқармаслик ва ҳар куни бир марта кўриб туриш учун ҳам суратга кўпроқ тушмоқчиман... Ўша куни Насимани анча кузатдим. Жонсарак. Ҳар бир деталга аҳамият беряпти. Суратчи қизларининг европача ўтқизиб, камерага тик қарашни буюрса, норози бўлиб, бошларини ҳиёл эгиб, ҳаё билан жилмайиб туришларини талаб қилар, ўғлини эса аксинча, бошини баландроқ кўтариб, мағрур қарашини ва шавкатли аждодларимизга муносиб виқор билан акс эттиришни истарди. -Соҳибқиронни суратини кўрганимисиз ака? -Ха, нима қипти? У фото эмас, мойбўёқда чизилган. Қолаверса болангиз кичкина, бунда виқор нима қилсин? Насиманинг астойдил жахли чиқиб, суратчини урушиб берди: —Хай, хай,хай... Бу нима деганингиз? Болам – ўғил бола! Бўлганида ҳам, аждодлари Темурбек, Бобур Мирзолар. Агар ўғил фарзандларимизда ота-бобосига хос виқорни мурғаклигидан кўра олмасангиз, катта бўлганида ҳам топа олмайсиз. Сиз суратчисиз, хузурингизга келган ҳар бир ўзбек боласини миллати шаънига муносиб равишда суратга тушишни ўргатинг. Талаб қилинг! Катта тўпалон бироз кейин содир бўлди. Суратчи миллий кўринишда бир қанча суратларга олгач, болалар учун кийим илгичда бир қанча эртак қаҳрамонларининг либосларини кўтариб чиқди. Суратларни нархи билан қизиқмай, бир дунё пул тўлаётган меҳмонлар хорижлик эканини сезган суратчи Насимани телефонда гаплашаётганидан фойдаланиб, Темурбеккка этик кийган мушук либосини кийдириб ўтқизиб қўйди. Уни бу ишдан қайтармоқчи бўлдим, аммо у “Кўрасиз, онаси фикридан қайтиб хурсанд бўлади” деб, узун пати бор қора шляпани йигитчага кийдириб, яна қўлига фотоаппаратини олди. Телефондаги суҳбатидан сўнггина ўғлига кўзига тушган Насиманинг фиғони фалакка чиқди. -Иби, сиз Темурбегимни масқарабоз қилиб қўйибсизку? - Қанақа масқарабоз? Эртак ўқиганмисиз. Бу этик кийган мушукку! Насима суратчининг хай-хайлашишига ҳам қарамай, шошиб ўғлининг эгнидагиларни ечиб ташлар экан, овози титраб жавоб берди. — Темурбек бобомиз миллат қаҳрамони бўлган, мушук, кучук эмас! Хайфе, сизга. ЎЗБЕКСИЗКУ! У ўзбилармон суратчидан яхшигина ранжиган бўлсада, миллий қиёфадаги барча суратларни сотиб олди. Сифатсиз чиққанларини ҳам қолдирмай, сумкасига авайлаб жойлар экан, қатор осиқлиқ турган либослар томон ишора қилиб, деярли ялиниб илтимос қилди: -Ака, Чорсу деган бозор бурнингиз остида экан. Илтимос, манави ёт миллатлар кийимларини ахлатга ташлаб, миллий либосларимизнинг ҳар ҳилидан олиб чиқинг. Сиз оддий одам эмассиз. Бир болани беклардай кийинтириб суратга олсангиз, унда миллий ғурур уйғонади . Ўша йигит вақти келиб халқига, миллатига муносиб хақиқий БЕК бўлиб камолга етади. Қизларимизга аламбалоларни эмас, тиллақошларни тақтириб сурат ишласангиз, ўзлигини топиб, момоларидай хушсийрат, хуш ибо бўлиб улғайишади. Ана ўшанда халқдан келадиган дуоларни ҳам, Хақдан бўладиган ажру-мукофотларни ҳам бир учи сизга тегади... Ўша куни оддий суратчида миллат тарбиячисини кўра олган мен-олий маълумотли мутахасис эмас, ўрта таълим сабоғини ҳам ололмаган афғонистонлик оддийгина ўзбек аёли Насима эди. Ундан кўп нарсаларни ўргандим. Тўкин-сочин бозорларимизга кираётиб астойдил, Аллохга меҳр билан шукрона айтишдан тортиб, уфқдан бош кўтарган қуёшга қараб салом беришгача ибрат олдим. —Ассалому алайкум. Яна мунаввар нурларингни кўришга мушарраф қилган Аллохимга беҳисоб шукур! ...Уларнинг қайтишлари ҳам осон бўлмади. Насима қучоқлаб олганича қўйворай демайди: -Опажоним, сизларга роса хавас қилдик. Қанийди , бизда ҳам шундай фаровонлик бўлса! Тинчликни эҳтиёт қилинглар. Бу ерда ўтган ҳар бир кунимиз хотирамизда абадий қолади. Кўзлари жиққа ёш Садия эса қизимнинг қўлини қўйвормай, отасига ёлворарди. -Жон падарим, кетмайлик. Қаранг, йигирма етти кун яшаб, бирор марта портлама кўрмадик. Илтимос, биз онам билан қолайлик. Сиз бориб моможонимни ҳам олиб келинг. Ҳаммани чақириб келинг! Мен Мавлудани мактабида у билан бирга, мазза қилиб ўқирдим. Қизининг илтижоларига нима деб жавоб қайтаришни билмай турган отанинг холатини тасвирлаб беришга ожизман. Жигарпорасини қанчалик овутишга ҳаракат қилсада, уддасидан чиқолмасди. —Сиз уни мактабини кўрмадингизда. Катта, обод. Ҳамма томони гул. Китоблари кўп кутубхонаси ҳам бор . Муаллималари ҳам чачвонсиз. Деразаларидан муллалар мўралаб кузатмайди. Халиги, ер курраси (глобус демоқчи) ҳам бор. Бизникини биринчи муаллимамни ўлдиришганида, портлатиб юборишган. Ўшанда кўп дугоналарим ҳам Аллох хузурига кетишганди. Мен хасталигим учун тирик қолганман ёдингиздами? Энди ўша мактабга боргим келмаяпти. —Мани қийнама бачам. Хозир кетмасак бўлмайди. Кейин бизга виза бермай қўйишади. Сизларни ҳам ташлаб кета олмайман. Қизча бўлса шашқатор ёшларидан хўл бўлган ёноқларида қотиб қолган сўнгги умидчалар билан отасининг раҳмини келтиришга уриниб, муллалар ўқига дучор бўлган учта бармоқли қўлга осилганча илтижо қиларди: —Жон падарим, қизингизни ҳам гапларига қулоқ солинг. Сиз подшоҳи одил юрт —тинч бўлади дердингиз. Асл Ватанимизнинг подшоҳи одил эканини билдим. Тошконда руҳсат беришмаса, Сурҳонда яшасак ҳам майли... Атиги етти ёшлик қизнинг мурғак қалбидан отилиб чиқаётган нолаларга тошдан ясалган юрак ҳам дош бера олмасди. Балки ўша дақиқаларни виде тасмага муҳрлаб, барча урушқоқ одамлар, қирғинбаротларга сабабчи бўлаётган манфур кимсалар ва баъзи давлатларнинг президетларига юборсам, шу қизча лаънатлаётган урушларга чек қўйилармиди?! Билмадим! Ҳаёт нега бешавқат?! Садия ҳам, унга ўхшаган миллионлаб жабрдийда болалар ҳам худди Мавлуданики каби чиройли, ёруғ, глобусли синфхоналарда ўқишга хақлари борку! Қўнғироқсоч меҳмончамни бағримга босар эканман, ичимда вулқондек тошиб чиқаётган ниятларим билан, яратганга нола қилдим. —Художон, дунёни тинчлантириб бер!!! Ха, азизларим! Кўпчилигингиз йиғлаб тинглайдиган ва деярли ташриф қоғозимга айланиб қолган ўша шеъримнинг илк сатри обод Ватанимиздан қайтиб кетгиси келмаган Афғонистонлик қизчанинг кўз ёшлари билан дунёга келганди. Уларни Ўзбекистонга бутунлай қайта олишларига изн бермайдиган катта тўсиқлар афсуски болалигидан мосуво бўлган болажонларнинг қўли билан қўйилмаган. Агар шундай бўлганида борми, улар хар қандай тўсиқни парчалаб, қўрқув ва тахликада яшаётган минглаб оилаларни Амударёнинг бу қирғоғига кўчириб келган бўлишарди. Садияга жўр бўлган қизим ҳам, ялинишга тушди; —Ойижон, ўзингиз тушунтиринг адасига. Нега қолишларига рози бўлмаяпти. Ахир, Тошкент роса каттаку. Қизимнинг кўзларидан ўпиб, жавоб беришга лойиқ жумла топа олмай азобда эдим. Садия қайтгиси келмаётган Афғонистон ҳам қачонлардир Турон аталмиш қудратли Давлатнинг бир бўлаги бўлгани , Шўро деган лаънати тузум туфайли жабрини оддий одамлар ва шу жумладан минглаб болалар тортаётганини тушунтириш осон эмасди. Бор матонатимни йиғиб, астойдил дуо қилишгагина куч топа олдим: -Илоҳим, сизнинг юртингиз ҳам тинч бўлиб, толибон ва бошқа муллаларга Аллох инсоф берсин! Илоҳим, ҳеч қачон муаллималаринг ва дугоналаринг портлаб кетмасин... Хозир Садия ўн бир ёшда.Улар билан телефондагина гаплашиб турамиз. Насима ижтимоий тармоққа кирмай қўйган. Сабабини сўрасам, хўрсиниб жавоб қайтарди. —Интернетга турмуш ўртоғимнинг саҳифаси орқали, Ўзбакистондаги бирорта ҳаммиллатим билан суҳбатлашиш ва у қўядиган суратларни кўриб туриш учунгина кирардим. Шукрки, Ватанимизни ўз кўзларимиз билан кўриб келдик. Кекса қайнонанам хозиргача кунига ўн марталаб, таасурортларимизни сўрайди. Хира тортган кўзларини юмиб олиб, гўё биз билан бориб келгандай эшитавериб аллақачон ёд бўлиб кетган воқеларни қайта-қайта баён қилдириб чарчамайди. Ха айтганча опа, Самарқандга борибсиз. Сафар таъсуротларингизни болалар ҳам ўқиса бўладиган шаклда зўр ёзибсиз. Укангиз қоғозга чиқартириб келган эди. Қўшниларимиз ҳам йиғлаб ўқишди. Регистон, Шоҳи Зинда хақида ёзганларингизни Садия, Ҳадияларнинг мактабларида ҳам ўқиб беряпти муаллималар. Кейинчи... Уни аранг тўхтатиб, овозим титраб миннатдорчилик билдирдим. -Сизга ташакккур сингилжон! -Нима учун? -Илк танишган чоғларимиз, қилган илтимосингиз ва айтган гапларингиз ёдингизда борми? -Қайси гап апажон? - “Вақт келиб Ватанимга борсам, ҳар бир иморат, тарихий обида ҳақида болаларимга ўзим гапириб беришни истайман” дегандингиз. Ташрифингиз чоғида бу вазифани тоғдай ғурур билан бажараётганингиз ва сизга қулоқ тутиб турган фарзандларингиз нигоҳидаги ўтни кўриб, уялиб кетгандим. -Апажон, ўша бир ой болаларим онгида қандай фахр уйғтганини биласизми?! Эси йўқ гўдаклигида бориб, хозир олтига кирган Темурбегим ҳам, вақти келиб Афғонистонда ҳам осудаликни ўрнатиш мукинлигига ишоняпти. “ Жўраларимга айтдим “ уруш-уруш ўйнамасак, катта бўлсак ҳам урушмаймиз. Ана ўшанда Бобур акам, Беҳруз акамлар яшаётган Тошканга ҳам бемалол бориб келамиз” деганини эшитиб, юрагимда яна умид уйғонди. Ха айтганча, Садия сиз каби доктор бўлмоқчи. Ҳадиям эса муаллима... ВАТАН, БОЛАЛАР ВА ТИНЧЛИК... У билан бошқа ҳеч қандай мавзуда гаплаша олмаймиз. Хар сафар суҳбатимиз дуолар билан бошланиб, дуолар билан якунланади. Менимча, дунёдаги барча оналар ҳам бизга ўхшаса керак. Фарзандларининг келажаги, истиқболига бўлган ишончгина юрагимизга қувват беради. —Апажон, халиги шеърингизни яна бир марта ўқиб беринг. Шу шеърдан сўнггина гўшакни қўйгувчи синглимнинг илтимосини рад этмай, томоғимда турган муштдек тош билан бошлайман: Художон! Дунёни тинчлантириб бер! Аллохим оламни овутиб қўйгин! Қайноқ урушларнинг бошини силаб, Музқаймоқлар бериб совутиб қўйгин! Художон, армонни олдинга чақир! Гўдаклар кўзига ботган армонни Мультфильм қўйиб бер,мўлтираб қараб Қиқирлаб кулдирсин жумла –жахонни. Аллохим орзулар ушалмасми айт? Оқ тушмай тупроққа қоришса сочлар. Дод десам, фалакнинг парвойи фалак Кўрмасам кўзимни ютади очлар. Дардларни чақириб олгин Художон! Ўлимни чалғитиб ўйинчоқлар бер! Бешик, беланчакка мўралаб турган. Ажални алдатиб қўғирчоқлар бер! Жохилни жахонга устун қилмагин Терорнинг тилини сайратиб қўйма. У дунё майлику, бу дунёда ҳам. Одамкуш бандангни яйратиб қўйма! Аламни чақиргин, аламзада кўп. Меҳрга ташналар меҳрга қонсин. Эртакка айланиб қолмай бу дунё. Эртаклар болажон дунёга қолсин ! Художон, Дунёни тинчлантириб бер!

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (84 голосов, средний бал: 4,10 из 5)

Загрузка...