Журъат

ippОбразование высшее, кандидат психологичнских наук. Творчеством занимаюсь давно. автор 18 книг разного направления стихи, рассказы, научная работа по педагогике и психологии, книги по воспитанию. Публисцистика, автор многочисленных статей, увлекаюсь тюркологией.


Рассказ "Тимсол"

отрывок

 Ҳикоя

 

Инсон табиати шундай, ниманидир излаб яшайди. Биров ўз кифтида ўзи тушуниб етмаган бахтни, бошқа биров ўзи билмаган ҳолда ўз бошига ажабтовур ғавғолар кўтариб юрган ҳола яшайди. Ҳар ҳолда инсоннинг ўзи учун янги-янги туйғу, янги ҳис туйғулар излаб яшаши табиийроққа ўхшайди. Шундай бўлмаса қариган чоғида Толстой бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдиргандай уйидан чиқиб кетармиди, замонасининг мутафаккир, ўқимишли одамларидан бири бўлган Ганди ўз жонига шунча азобларни раво кўрармиди, ўз юртида ҳарбий вазир лавозимида бўлган Анвар пошо азоблар тортиб уйидан узоқ бир жойда “Ота юрт” учун жон берармиди? Ҳа, айтгандай, қўшним “Император”, тузуккина оила бошлиғи умрининг гуллаб турган бир пайтида шаҳарнинг қоқ ўртасидаги  ерости йўлакчасига тушиб тиламчиликка чиқармиди... .

Шу саволлар калламда ғувиллаб юрган бир пайти Алишер Отабоевнинг С. Моэмдан қилинган “Тиланчи” асари таржимаси қўлимга тушиб қолди. Асар менга олдиндан таниш, унинг русчадаги матнини қайта-қайта ўқиганман, аммо инглиз тилидан бевосита ширали қилиб ўзбек тилига таржима қилингани менга ростакамига ёқди. Ёш таржимоннинг ажойиб, теша тегмаган миллий ибораларимиз дурдоналаридан олинган топилмалари рус тилидаги таржималардан ўз “қиррабурунлари” билан бўртиб-бўртиб, Алишернинг русларникидан фарқ қиладиган, отасиникига ўхшаш қоп қора қошларидай ажралиб турипти.

Ҳар икки таржимада ҳам Моэмнинг “Тиланчи” ҳикоясидаги энг нозик тасвирларидан бири, яъни шаҳарнинг қоқ ўртасида ўтирган тиланчининг унга берилган пулни эзғилаб-эзғилаб узоққа отиш манзараси авваллари ҳам кўз олдимдан кетмасди. Бу таржимада яна бир бор бўртиб кўз олдимда яхлитланди. Ўта таниш бўлиб қолган манзарани мен кўпинча шоирнинг мана бу тасвири билан таққослаб юраман:

“Соя ҳам танламай ўтирмоқдасан,

Кўчадан ўтганлар оёғин санаб.

Сен кимнинг боласи, эй, тирик жасад?

Қай шоир куйлатди сўзларни танлаб.

Кўзингга бунчалар сингиб кетган мунг,

Бунча  қайғуларни қайдан олдинг, гунг”.

Ҳа, Моэм ўз Тиланчисининг кўзларини чиройли тасвирлайди. Айнан мана шу кўзлардан у ўзи излаган маънони, асари қаҳрамони Тиланчининг ички дунёсини қидиради. Шоир айтганидек:

“Кўзларинг мунгини кўриб тош қотдим,

Мен ҳам ғамларимни ўзим уйғотдим”... .

Оғир ўйга ботдим. Инсон кўзи, бу асли нима? Биз психологларнинг асарларидан кўпинча инсон тафаккурига, бу сирли дунёнинг нималигига жавоб излаймиз. Аммо инсон кўзи нима, деган саволни улар олдига ҳаммамиз ҳам ва ҳар доим ҳам қўявермаймиз. Инсон кўзи уни жаннату жаҳаннамга олиб борадиган йўлми? Инсон кўзи одам миясининг ташқарида кўриниб турадиган аксими? Биз нимага баъзан бировнинг кўзига тикилишдан қўрқамиз ва баъзан унинг синчков қарашларига дош беролмаймиз. Ҳатто ўзимиз бирор гуноҳ билан бу инсоннинг олдида гуноҳкор бўлмасак ҳам. Аммо кўпинча ҳатто ўлимга ҳам, “Тангрининг қрғиши” бу, деган сохта даъволарга ҳам, кўзи қонга тўлиб қўлида болта кўтариб келаётган важоҳатли қотилга ҳам тик қараймиз.

Доим бирор “сенсация” билан донг чиқариб қолишга интилиб ва шуни орзу қилиб юрган журналистлар, баъзан йиллаб ёдда қолар бирор ўз мавзусини излаб юришади. Бошқа бир пайти ўзининг ёнгинасида бўлаётган ўта тақводор номозхоннинг кеча нўхатшўракка тўйгани учун бугун номоз пайти ҳаво қўйиб юбориб номоздан секин чиқиб кетганидай ўта нооддий, антиқа воқеаларга ҳам эътибор бермай ўтиб кетади.

Масалан, менинг қўшним қилган мана бу воқеа, тўсатдан, зарурати бўлмаган ҳолда шаҳарнинг ўртасига чиқиб тиланчилик қилиш, ҳар қандай журналистни қизиқтириб қоладиган воқеа бўлди. Аммо бу ҳодисани ҳеч бир чаққон журналист бирор газетада айюҳанос солиб ёритмади ва бу психологлар учун оламшумул ҳодисанинг фалсафий, ҳаётий, қолаверса балки оддий саргузашт, балки у биров билан гаров ўйнагандир, маъноси очилмасдан қолиб кетаверди.

Воқеа мана бундай бўлган эди. Ён қўшним, яхшигина оила бошлиғи, аммо қўшнилар орасида ўзининг бошқаларни унча писанд қилмай юриш туриши, бошқалардан ўзини алоҳидароқ тутиши, атроф тили билан айтганда ўзида бўлмаган қобилиятларни ўзида бор, деб санагани ва ўзини анча мағрур, қўшнилардан юқорироқ тутиб юриши  учун уни кўпчилик “Император”, деб аташар, у ўзини бошқалар шундай деб аташларини билса ҳам бунга деярлик эътибор бермасди. Ҳа, айнан мана шу одам мен учун ўта сирли ҳодисани содир қилди. Бир кун эшитсам, қўшнилар орасида бу гаплар анча вақтдан буён айланиб юрган экан, менга кейинроқ етиб келди. Ҳа, мана шу Император қўшним шаҳарнинг катта бир, бошқалар куйиб пишиб таксичиликлар қилиб юрган бир пайти, салқингина ерости йўлагида тиланчилиқ қилаётган эмиш.

Тўғрисини айтсам юрагим алғов-далғов бўлиб кетди. Бу инсоннинг аслини олганда моддий муҳтожлик томони унчалик йўқлигини ва айниқса анча такаббурлигини, мағрурлигини билардим. Ўзимча ўйладим, бу нима, ўзни синашми, мағрурлик қани ундайда, ирода устидан кулишми, ҳалимлик қани ундайда. Балким уни “Император” атаб келган “эси паст” қўшнилар устидан шу йўл билан кулишдир бу. Балким Император ҳамма ҳозир ғирромлик билан таксичилик қилиб юрганда тиланчилик қилсам нима қипти, бу ҳам пул топишнинг бир йўлику, деб бошқаларга ҳалоллигини кўрсатиб қўймоқчидир. Ахир у билади, қонун бўйича тиланчиликдан топган пулдан солиқ тўланмайди ва бу пуллар ҳаром саналмайди, ҳатто баъзи диний қарашларда бундай пул топишлар ҳаром йўл билан пул топиш йўли ҳисобланмайди. Аммо таксичиликдан топган пулдан солиқ тўлаш кераклиги аниқ. Тиланчилик қайси бир маънода савоб иш, таксичилик эса давлат назорати ва ижозатидан ўтмаган ҳолда пул топиш йўли бўлгани учун бу ҳаром пул топиш эканлигини у тушунади. Нима бўлганда ҳам собиқ қўшним Императорни ўз кўзим билан кўрмагунимча бу муаммо борасида бирор лўндароқ хулосага келолмаслигимни билдим.

Уйдагилардан атайлаб аниқлаб олдим, Императорнинг шаҳарнинг қайси жойида ва қачонлар туриб тиланчилик қилаётганлигини. Бир куни шаҳарнинг ўша томонига бориб қолганлигимдан фойдаланиб, аслида хаёлимда бу жойга келиш нияти ётганлигини яширмай қўя қолайин, машинамни узоққа қўйдимда ўша ерости йўлакка қараб пиёда кетдим. Ёрости йўлакка яқинлашган сайин юрагим ҳапқираётганини сезаяпман. Ахир оддий тиланчини эмас, таниш одамни, кечагина тиланчи бўлмаган, ҳатто тиланчиликка унда на моддий ва на маънавий эҳтиёж бўлмаган танишимни кўраман. Учрашиб қоламиз албатта, танишлигимизни бир биримизга билдирамизми, ким олдиндан вазиятни юмшатишга “эрийди”. Калламда саволлар ғуж-ғуж. Шошиб кетаётган одамдай тез келаётганлигимни сездим, йўлакка яқинлашган сайин оёқларим негадир ўз ўзидан ҳолсизлангандай, юришим ўнмайди, секин судралгандай зиналардан пастга туша бошладим.

Ерости йўлаги, биров ўнгга, биров чапга, биров олдинга, биров орқага, чумоли уяси олдига бориб чумолиларни кузатсангиз бунақангги ҳаракатни маза қилиб томоша қилишингиз мумкин, шошилиб кетаяпти. Ҳар ким ўз оила тўрвасини кўтариб ўз дарди билан, ҳар кимнинг ўз дарди ва ташвиши калласини эговлайди. Ҳозиргина судралгандай пастга тушаётган одам, Императорни узоқдан кўрганимдан оёқларим ўз ўзидан тезлашиб кетди. Энди ўй хаёлим мени сезиб қолмасин, балки хижолат бўлар, мен ҳам қай ҳолатда бўлишим номаълум, деган хаёллар тезлигимни ошириб юборганини ўзим ҳам сезмай қолибман. Умуман олганда менинг пиёда бу томонларда бўлишимни у хаёлига ҳам келтирмаса керак. демак, мени тез сезиб қолмаслиги аниқ. У ҳам мени такаббур, олифта санаб ҳар доим, бир қадам йўлга ҳам машинада юришимни биладику ахир. Шу хаёллар билан тез ўтиб кетмоқчи бўлдим. Не ҳол, мана, Императорнинг турган жойига яқин келаяпман, у қадди қомати келишган киши бўлишига қарамасдан ўзини букчайган, хор, ночор киши ҳолатига сола олганлигини кўрдим. Қанчалик тез юришга ҳаракат қилмайин кўзларимиз бир бири билан тўқнашди, аммо  ноқулайлик ҳолати вужудга келиб улгурмади, негаки вужудларимиз бир бири билан учрашишни истамаганлиги учун биз аслида бир биримиз билан учрашмадик.

Шоир сўзи билан айтганда:

“Бирдан ҳушга келдим, оёғим латта,

Дардларим санадим мунгга салмоқлаб.

Ҳаммаси вазнсиз, турдим ҳайратда,

Сен ҳам ўтир, дедим ўзни бармоқлаб.

Сендаги шижоат мунгни енгмоқда,

Эй гадо, бу олам қайга кетмоқда?”

Ҳаммамиздаги бизни Жаннатга олиб борувчи компаслардан бири кўзлар учрашди, аммо ўша Жаннатга олиб боришдан бошқа йўлларга бизни олиб қочувчи, кўпгина ҳолларда ўша тоза йўллардан бизни мосуво қилгувчи вужудлар учрашмади. Мен тез ўтиб кетишга ҳаракат қилдим, албатта орқамга қарай олмаганлигимни изоҳлаб ўтирмасам ҳам бўлади. Аммо ўй хаёлим Императорда эди. У мени танидими? Нега таниса индамади? У ноқулай ҳолатга тушдими? Нега бу ноқулайликни кўзларим, вужудим, бутун ҳаётим даврида олган тажрибам ёрдам берган ҳолда  сезмади.

Ёдимда, кўзларимиз бир бирлари билан учрашган замон, икки компас орасига тўсатдан темир тиқилганда унинг стрелкалари силкингандай, ўзларини бошқа бошқа томонга олиб қочишди. Менинг нигоҳим Императордан ўз ғурурини сақлаб қолиши учун қочдими ёки ғурурим паймол бўлганидан қочдими. Император менга қараган бўлса у ўзини қандай сезди, у ўз ғурурини синовдан ўтказаётган бўлса “Мана мен ўз ғуруримни енга олган инсонман”,  дедими? Ёки унинг ўй хаёлидан ҳеч қандай мулоҳаза ўтмадими? Балким у оддий тиланчилик орқали пул топиш йўлини тутиб кўргандир, мен ўйлаган ғурурни синаш масаласи унинг хаёлидан ҳам ўтмаган, бу ўйлар фақат менинг калламда тўсатдан гул топган асалари галасидай ғувиллаб  юргандир.

Хаёлимдан ялт этиб Моэмнинг Тиланчиси ўтди. Йўлакдан ташқарига чиқиб улгурган бўлсам ҳам негадир елкамдан ерости йўлагининг бетонлари босаётгандай эди. Бирдан хаёлимдан мен “Пул берсам Император олармиди?”, деган савол ўтди. Ахир, Моэмнинг Тиланчиси унга берилган пулни олмаган эди. Энди қадамларим секинлаган, қайси томонга қараб кетаётганини, мўлжалини йўқотган гаякдай ўзим ҳам билмас эдим. Аммо, хаёлларим чалкаш, пул берсам олармиди, Моэмнинг Тиланчиси олмаган эди, Моэмнинг тиланчиси олмаган эди..., деб ўз ўзимга такрорлайман.

Вазият негадир ўта жиддийлашиб кетди. Кўз олдим қоронғулашиб тезгина яқинда турган скамейкага ўтириб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Аммо кўз олдимдан киноларда бўлаётгандай манзаралар тикланар, кимлардир кимларгадир пул чўзар, кимлардир бу пулларни берган кишининг юзига қараб отар.... кимлардир бу пулларни териб олар.

Шу пайти бирдан тўй манзараси кўз олдимдан ўтди, одамларнинг пул чиқариб артистларга садақа қилаётгани мени ҳайратга солди. Қизиқ, артислар садақа олишдан ҳақоратланмайдими? Бу, аслида, садақа пуллар нималарга ишлатилар экан, катта-катта уй солишгами ёки баъзи гадолар вафотидан кейин уларнинг уйларидан топилган хазиналардай бршқаларга қолиб кетармикан. Ҳар ҳолда қайсидир артист билан бу ҳақда бир суҳбат қилишим керакга ўхшайди, унга берилган бу пулларнинг садақа пулларга жуда ўхшашлиги ҳақида. Ҳа, шу жойда маълум маънода бир сўровдай нарса уюштирсам бўлар экан, артисларнинг ичида қанча фоизи Флобернинг “Садақа олганни қанча ҳақоратласа, берганни ҳам шунча ҳақоратлайди”, деган сўзларини билишлари ва уларнинг бу сўзларга муносабатлари ҳақида.

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (3 голосов, средний бал: 5,00 из 5)

Загрузка...