Бехзод Фазлиддинов

behzod-fazliddinРодился 20 сентября 1983 года в Республике Узбекистан. Окончил факультет международной журналистики Узбекского государственного университета мировых языков (2005), Университет мировой экономики и дипломатии (2007). Изданы книги – сборники стихов на узбекском языке: «Муқаддас замин» (1999), «Боғларингдан кетмасин баҳор» (2000), «Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан?» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012). Behzod FAZLIDDIN was born on September 20, 1983 in Uzbekistan. He studied at International Journalism Faculty of the Uzbek State World Languages University in 2001-2005 for bachelor degree. After that he graduated from the University of World Economy and Diplomacy in 2007 for master degree. So far he has published five poetic books in uzbek language, such as “The sacred Land” (1999), “Let spring stay forever in your garden” (2000), “Retreating to my mother’s heart” (2003), “When will you flourish?” (2008), “My expected and unexpected days” (2012).

Цикл стихов "НАҲОТКИ МЎЪЖИЗА БЎЛМАЙДИ СОДИР?.."

Отрывок

*** Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда. (Бутун бир кўчани ёритарми шам!..) Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда Умрида ёруғлик кўрмаган одам.   КЕЛДИМ Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар, Дунё товланишдан чарчамади ҳеч. Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар, Келиб кўзларимдан кишанларни еч.   Бору йўғим билан ўзимга хосман, Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ. Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон, Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.   Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам, Мудом борлигингни билиб яшадим. Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам, Ёдингни машъала қилиб яшадим.   Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб, Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман. Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб, Сен учун ўзимни асраб юрибман.   Асло тополмасин қайғу изингни, Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан. Уйқуларингда ҳам асра ўзингни, Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.   Ой яна бепарво кўчамдан ўтар, Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим. Кўзларингни очгин, пардани кўтар, Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!   СЎРОҚ Дилни дилга йўлламай, Йўлни йўлга уламай. Ҳеч йўқса, бир гулламай, Сўлиб кетаверайми?   Танда бор чўғим – шу деб, Бандалик чоғим шу – деб, Менинг бор-йўғим шу – деб, Нолиб кетаверайми?   Кўкламлар нафасида, Гуллаш арафасида Тошларнинг орасида Қолиб кетаверайми?   Қандай кунга кўндим-ай, Ич-ичимдан синдим-ай. Ёнингизда индамай Ўлиб кетаверайми?   Нега жимсиз?!   ЁРУҒ НИЯТ Нафас ростлаб олай, имкон бер, Бошқа шоир ёзмас, ёзмасам. Юрагимни кўтарарми шеър – Қалбдан чиққан ҳар сўзим – қасам.   Уйғотувчи Сўз сўраб ўсдим, Достон-достон бўлар ғам-ғуссам. Майли, мени ўқима, дўстим, Дарддан сўйлаб кўнглингни бузсам.   Қоғозсиз ҳам куним ўтарди – Ер юзида қайси шоир тўқ? Шуни билиб қалам кўтардим – Ўлмай туриб ташлаб кетиш йўқ.   Кулма дардим кучайган пайти, Ким қўйибди бизга миннатни? Юпатмоқчи эдим шеър айтиб Кўнгли тўлиб кетган миллатни...   ЎҒИЛ Дада, далангизга дард сочиб келдим, Яна машаққату заҳматлар Сизга. Белингиз оғриди, мен қочиб келдим, Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?   Ая, соғинчингиз сочи оқарди, Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим. Шу ёшимда фақат севиш ёқарди, Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.   Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ, Кимдир тўкаверди нур изларимга. Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ, Озор бериб қўйдим азизларимга.   Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса, Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг. Боласини ўйлаб юраги куйса, Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.   Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб, Мени кутиш учун келган оламга. Қўллари толмасин челак кўтариб, Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.   Дада, дардингизга бошман, биламан, Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг. Ҳали юзингизни ёруғ қиламан, Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.   ОЧИЛМАГАН МАКТУБ Ҳаммасини кўриб, билиб турибсиз – Чидаб бўлмайдиган феъл-атворим йўқ. Сал елкамни қисиб ўтсам, тийиқсиз – Кесаклар бирлашиб дўқ уради, дўқ.   Мендан нима кетди – қўлимдан келар Замонсоз юзларга нур сўраб яшаш. Ҳар махлуқ устимдан кулмоқчи бўлар, Баъзан оғир ботар Одамга ўхшаш.   Омад ҳам беғараз йўқламас, ёҳу, Билиб туриб атай бой бердим нақдни. Керагидан кўпроқ имкон берди-ю, Ҳеч раво кўрмади энг зарур Бахтни.   Ўзимга ўзимни обдон талатиб, Томошаталаблар ўйин кутдилар. Аҳёнда бир қошиқ асал ялатиб, Ортидан косалаб оғу тутдилар.   Билмайман, не сабаб омондир бошим, Нега тарс ёрилиб кетмайди юрак? Кўзимда тош каби қотади ёшим, Дардимни ололмай сўзлар жонсарак.   Биласиз, бурнимнинг учида жаҳлим, Ҳеч эплай олмадим ишонтиришни. Тушунгим келади, етмайди ақлим Сиз ҳам талаб қилманг тушунтиришни. *** Отамнинг гапини бўлдим бехосдан, Онамнинг кўзига қараб қўйдим тик... Шунданми, сўзларим қолмиш ихлосдан, Шунданми, бахтимнинг бошлари эгик.   Бидирлаб акамга гап бермай ўсдим, (Мендан олдин бунёд жигар эди у.) Нордай иниларим йўлини тўсдим, Синглимнинг кўнглини ололмадим, ув!   Тағин шу ҳолимда ўзимга мастман, Афсус, афсуслардан фойда йўқ. Афсус... Ҳануз шоир бўлиб шоир эмасман, Одам бўлиб одам эмасман ҳануз.   Энди кимга не наф доду арзлардан, Қаҳратонда қолган қушдай қақшайман. Узилиб кетмасми бўйним қарзлардан, Шунча гуноҳ билан қандай яшайман?! *** Ялинчоқ эмасман, кибриммикан бу? Ўзимнинг ўзимга жабриммикан бу? Яшашим мумкин-ку жонимни сийлаб, Тош тишлаб юрибман, сабриммикан бу?! *** У айтади: нодирсан, Беқиёссан, ботирсан, Ҳар нарсага қодирсан.   Бу айтади: кимсан сен? Иллат тўла хумсан сен. Қўлда турмас қумсан сен.   У шивирлар: тур, бўлгин, Балиқларга тўр бўлгин, Зўрлар ичра зўр бўлгин.   Бу пичирлар: ўч энди, Ҳечдан кўра кеч энди, Ўз уйингга кўч энди.   У айтади: ўқ бўлсанг, Бу айтади: йўқ бўлсанг... *** Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида, Кимларнинг бахти бут кимнинг дардида, Тентираб юрибман сўзлар юртида – Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.   Кунда нафс отига тиларман тўзим, Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим, Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим – Муҳаббат аралаш, исён аралаш.   Узилиб-узилмас ишонч иплари, Аёвсиз отилар бало тўплари, Руҳимда эврилиш талотўплари – Эътиқод аралаш, гумон аралаш.   Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман, Гоҳ асал ялайман, гоҳ тош тишлайман, Бирда сарғаяман, бирда яшнайман – Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.   ТУШУНМОВЧИЛИК Бўлди, йиғламайман, бўлди – кулмайман, Юрагингни ортиқ этмайман безор. Ўзимдан бошқани хафа қилмайман, Ўзимдан бошқага бермайман озор.   Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим, Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига. Кулиб бахтсизларга халақит бердим, Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.   ***   то ҳануз жумбоққа ўхшайди умрим, то ҳануз улгуриб бўлмас яшашга, то ҳануз кўзимда эзғиланар қум, то ҳануз нўноқман ўзни асрашга.   наҳотки ҳаёт шу, тириклик шудир, наҳотки умрбод ўртанмак – қисмат? наҳотки мўъжиза бўлмайди содир, наҳотки тоабад чўзилгай ҳижрат?   билмайман, бу бошда яна не савдо, билмайман, не жиндир жонда рақс тушган. билмайман, билишдан надир муддао, билмайман, руҳ қуши қаёққа учган.   то ҳануз… наҳотки… билмайман…                АҲВОЛ Куйиб битдим – нима ўзгарди? Қачонгача ўзимни ейман? Беҳудага юзим қизарди Ё бемаврид келдимми, дейман.   Аҳмоқ қилди, гар гапга кирсам, Ожизлигим инжиқлик бўлди. Маҳмадона чиқдим гапирсам, Жим турганим писмиқлик бўлди.   Гул чеҳралар самимий сохта, Тўхтаб қолган соатлар бебурд. Қололмайман узоқ бу шохда, Кетай десам, у томон ҳам мўрт.   ***   Шу бир парча Қуёш. Тупроқ. Ҳаво. Сув. Яна нима керак бахтли бўлгани? Нега бунча катта кетади Орзу? Вақтнинг имкони йўқ қулоқ солгани.   Қанотлари ёниб ўйнар капалак, Муваққат гўзаллик кун ўтмай бежон. Юрак пештоқида ҳислар камалак, Эрта-индин бошқа туйғулар меҳмон.   Мавҳум бўшлиқларга узанган қўллар, Сароб сарҳадида кўринмас охир. Зардоб йиғиб борар мажруҳ кўнгиллар, Аҳволи оғирдир, аҳволи оғир.   Балки, шу ташвишда кексайди Очун... Ҳассаси неча бор йўқолар кўрнинг? Буюк қарзимизни эслатиш учун Силкиниб қўйгани етмасми Ернинг?

МАЙЛ

Бу қандай бедодлик, бу қандай исён – Ўз соям ўзимни ютаман, дейди. Менмас, ичимдаги махлуқ, Художон, Дунёнинг тагига етаман, дейди. *** ...чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим, чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт. чунки билиб-билмай ниятни буздим, чунки еру кўкдан бўлмади нажот;   чунки ўзим билан келишолмадик, жиндаккина ақлим эгмади бўйин. имкон ила вақтни бўлишолмадик, чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин;   чунки изғиб юрар бунда қора руҳ, баттар авж олдириб ҳазин оташни. этимни чимчилар совуқ бир андуҳ, чунки истамадим осон яшашни...   чунки...   УЗУН ОРЗУ   Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан, Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам. Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан, Армон етолмаган манзилга етсам.   Қувиб тутолмаса ортимдан лаъин, Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол. Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин – Учишим ҳеч кимга келмаса малол.   ***   Бу хатолар, аччиқ хатолар Ҳузурингга очиб берди йўл, Саволларга дуч келдим нуқул, Юрагимда сассиз садолар.   Қанотларим куйиб пастладим – Баланд уча олмас ёлғизлар, Мудом йўқлик изимни излар, Ўзгинамни Сенга асрадим.   Қўлда қолиб кетди дуолар – Нима бўлди? Нима жин урди? Кипригимга азоб ин қурди, Энди мени дардлар даволар.   ***   Йўлимдан айирди йўлсизлик йўли, Сен  ахир – энг порлоқ йўлга йўлловчи. Мен – тонгнинг қуёшга талпинган қўли, Хуржуни ўзидан катта йўловчи.   ***   Юборсанг Ўзингнинг ёнинггга юбор, Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир. Кўзимдан ўтолмай саргашта ғубор, Номингни айтганга нажот бор, ахир.   Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим, Бошқани ўйламай, бошқани демай. Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим, Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай.   Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан, Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла. Тазарру мендандир, мағфират Сендан, Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.   Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй. Тоабад дунёга ишқим тушмасин. Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй – Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.   Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда, Осий ҳисларимни буткул даф этгин. Вужудим бахшида, Руҳим бахшида, Севгимни Севгингга мушарраф этгин.   ***   Яшайсан де, ўлмайсан деб айт, Айтгин: Умринг кетмас шамолга. Ахир қуёш ботмоқда бу пайт, Кун айланиб борар заволга.   Оҳ, қўрқаман, хавотирдаман, Кўрганларим туш чиқмасми, деб. Энди олам бўлганда чаман, Икки қўлим бўш чиқмасми, деб.   Яшайвер де, севавер дегин, Чекинмасин юракдан ғайрат. Ишончимга куч-қудрат бергин, Руҳ булбулин бетиним сайрат.   Ўтса ўтди, бўлса бўлгандир, Не десам жон аччиқлигида. Жуда бахтли бўлгим келганди Кўзларимнинг очиқлигида.   Яшайсан де, ўлмайсан деб айт, Айтгин: Умринг кетмас шамолга. Гарчи қуёш ботмоқда бу пайт, Кун айланиб борар заволга...   ***   Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу, Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади. Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу, Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.   Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар, Салобати ўша, виқори ўша. Таровати сўнмас диловар боғлар – Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.   Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи, Япроқлар тизилиб келди сўзимга. Қобирғаси синган хазонлар оҳи Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга?   Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол – Демангиз, бу фақат илҳом онлари. Руҳимда яшади шундай безавол Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.   Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар... Азал нафасини келтиргай абад. Япроқлари оят ўқиган боғлар... Табиат тилида илоҳий суҳбат.   ***   Шу кеча эртагин тугатмаса қор, Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак, Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак, Майлига, кечикса кечиксин баҳор.   Эртани ўйлама, чўчима сира, Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди, Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди, Ҳар босган изимиз – биллур хотира.   Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини, Оҳиста чекиниб тун пардалари – Юзингда порласа ой парчалари, Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини.   ***   Кўкдан элчиларни қабул қилди-да, Оҳиста оқ чойшаб ёпинди борлиқ. Ҳар лаҳза ажойиб эртак бўлди-да, Бўғотлар бўйнида самовий ёрлиқ.   Бу ёғи не бўлар – елка қисар ер, Дарахтлар гунг, гўё тушган асирга. Битиб улгурмовди мен бошлаган шеър, Энди нима дейман янги фаслга?!   Керагидан зиёд боқдим-у ортга, Ҳануз юрагимдан кетмас титроқлар. Кечаги умримни солмоқда ёдга Бандида дийдираб турган япроқлар.   Қорга ўхшаб кетар қурмағур ҳаёт, Бир кун эриб, бирда айланар музга. Аёз деразамга гул солган заҳот, Ҳали қўшиқларим кўп эди кузга...

СЎНГСЎЗ

Қанот қилиб энг учқур сўзни, Юлдузларни эттириб хиром, Ҳаммасига чирт юмиб кўзни Шартта учиш керак – вассалом! Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (2 голосов, средний бал: 3,00 из 5)
Загрузка...