Акром Малик

20141101_150951Акром Маликов (Акром Малик) родился 19 сентября 1990 года, магистрант узбекской филологии Национального университета Узбекистана имени Мирзо Улугбек. Автор сборник стихов: «Вели, моё сердечко» (2007), «Требование к самому себе» (2012).

Akrom Malikov (Akrom Malik) was born in the 19th September, 1990. Now he is a magistrant of Uzbek philology faculty of National university of Uzbekistan named after Mirzo Ulugbek. His works are published newspapers and magazines of Uzbekistan. Following his books, collection of poems, were published: “Let me, my heart” (2007) and “Need to selfness” (2012).


Повесть "КУТУБХОНАЧИ"

отрывок

Кузнинг ёмғирли кунлари бошланди.

Дарахтлар зарғалдорқ тусдаги либосларидан айрилдилар. Самони қоплаган кулранг булут кўнгилни ғалати, соғинилган, аммо тушуниксиз ғамгинликка, маҳзунликка тўлдирди.

Субҳи козибда шитирлашни бошлаган ёмғир тонг ғира-шира ёришганда чинакамига челаклаб қуйилди. Йўллар лой бўлгани учунми ёки ҳаво одам кайфиятига таъсир қилиб, уйга биқинтириб қўйгани сабаблими бомдод намозида жамоат кам бўлди. Ҳамма тарқади. Аммо Кутубхоначи жойидан қимирламади. Бошини эгиб олган, кўзлари юмилган, икки қошлари бир-бирига яқинлашиб, ўртада “дўнг” пайдо бўлган, кенг елкаси букилган, қадоқ қўллари икки тиззаси устида... Унинг бу ўтиришига ҳамма одатланиб қолган, биров нега бундай ўтирибсан сўрамайди ҳам.

Масжид хонақоҳи жимжит. Чироқ ўчирилган. Ташқарида булутли ҳаво бўлгани учун нима қоронғу. Эшик очиб ёпилгани ва дераза очиқ қолдирилгани учун ёмғир ҳавоси ичкарига учиб киради, бутун хонақоҳни тўлдириб гир айланади, Кутубхоначининг димоғига сингади, унинг танасига хуш ёқади, бурун катаклари кенгади, худди ёмғир ҳавосидан кўпроқ баҳраманд бўлмоқчидек чуқур нафас олади. Узун, сал оқ оралаб мошкичири тусга кирган соқолини кузнинг ёмғир нами аралашган шабадаси тортқилайди, Кутубхоначи бу ҳолдан беҳад улкан лаззат ҳис қилаётгандек...

Шу кўйи бир қанча вақт ўтди. Ниҳоят Кутубхоначи оёққа қалқди. Очиқ турган деразага яқинлашди. Ичкарига шамол олиб кираётган ёмғир зарралари юзига урилди. Соқолига сингди. Ҳовли боғга айланган эди: анжир, анор ва олма экилган. Буларнинг ҳаммаси Кутубхоначининг меҳнати. Ажириқлар сарғайиб кетган, кузги гуллар баргларини тўкиб мунғайган, мойчечакларгина жилмайиб ёмғирга юзларини чаяётгандек... Анорнинг майда барглари қизғиш, аллақандай қорамтир, ҳатто жигаррангга мойил... Анжирнинг шапалоқдек барглари ўзининг оёқлари остига тўкилган... Тўкилган ва қорайиб кетган. Анжир танаси эса оппоқ, йўқ оқ эмас, кулранг, аниқроғи соф пўлат тусига кирган...

Олма шохларида қолиб кетган яккам-дуккам меваси тебранади, ҳар шамол турганда барглар кўкка кўтарилади, обдон чирпирак бўлгач, сарғайган ажириқ устига ястанади.

“Анжирни, анорни кўмиш керак... Бир ҳафтадан кейин айни вақти... Хазонларни тўплаб олмаларнинг тагига уюб қўйишим керак. Совуқ авжга чиқса, тутатиб юбораман...”

Кутубхоначи қилиши керак бўлган ишларини хаёлдан ўтказаркан, ёмғир томчиларини ўз танаси билан ҳис қилишни истади. Тўнини ечиб, икки буклаб, девор тагига қўйди ва эшикка юрди. Тўшалган шолчаларни қайириб қўйган эди, ана, айвоннинг зийи, гарчи тувак гуллар икки қатор қилиб терилган бўлса ҳам шундай шалаббо...

Бирдан салқин шабада эсиб, Кутубхоначининг эти сесканди. У ҳозир ўзининг бир неча йилдан бери қайта-қайта ювиб киядиган ягона бўз кўйлагида эди. Зинадан пастга тушиб, чап томонга юрди. Тарновдан тушаётган сувлар тўғри боққа оқизиб қўйилган эди, эгатлар сувга тўлиб ётибди.

...Оҳ, ёмғир!

Минг томчи бўлиб ерга отилган ёмғир Кутубхоначининг вужудига хуш ёқди. Ҳар битта томчини томирлари билан сезаётгандек эди. Ҳатто ҳар бир томчини санаб бергудек... Икки қулочини кенг ёйди: ёғғир томчилари унинг кўксига отилди. Юзларини ёмғир юва бошлади. Кўкка юзини қаратди ва кўзларини оҳиста юмди, икки қўлини пастга туширди. Ажин йўлак солган пешонасига, чакаларига, қорайиб туртиб чиққан ёноқларига, қилич бурнига тушган ёмғир томчилари мўйловига, соқолига сингди, ундан ўтиб бўйинларига, бўйнидан елкасига, кўкрагига қараб сизди. Кутубхоначининг наздида ёмғир унинг томирлари ичига сингиб, қонга айланаётгандек, юрагига етиб бориб, бир неча йилдан буён ёнаётган алангага даво бўлаётган эди...

Бошидаги дўпписи ҳўл бўлганини сезгач, қўлига олди, бир қўллаб ғижимлади, шариллаб сув оқди. Энди сочлари тўкилган бош устидан ёмғир қуйилди...

Қанча вақт ўтди – буни Кутубхоначи фаҳмламади, у бу ҳавода қишлоқ аҳлининг аксари уйига биқиниб телевизор кўришини билар, башарти, чироқ бўлмаса, чойхонага йиғилиб эски ёғ чироқлар ёруғида қарта ташлашади, аёллар эса қандайдир юмушларга ёки ғийбатга овора... Болалар ёмғир ёққан даштда қўй ва молларининг ортидан чопиб  юришибди....

Кутубхоначи ички сезгиси билан кимдир масжид ҳовлисига кирганини ҳис қилди. Зудлик билан дўпписини бошига илди. Масжиднинг олди тарафига ўтди, адашмаган экан: кимдир масжид айвонида қиблага қараб ўтирарди.

Ким бўлди бу? Пешинга ҳали вақт бор... Эгни шалаббо бўлган экан, эскиган курткасини ечиб қўйибди... Аммо кўйлаги ва шими ҳам ҳўл... Оёқ кийими қани? Калиш... Калишнинг калишлиги қолмабди-ку! Ёш йигитга ўхшайди... Букчайиб олибди...

Кутубхоначи айвонга кўтарилар экан, томоқ қирди, кейин йўталди, нотаниш меҳмон чўчиб кетиб ўгирилди: ёшгина йигит экан. Юзлари юмалоқ, оқ, қош-кўзи қоп-қора, катта-катта ва кўркам кўзи маъюслик билан боқади... Айни пайтда эса бу нигоҳда қандайдир тараддуд, ҳаяжон, ҳайиқиш, ҳорғинлик ва умидсизлик тошган. Кўйлаги нам, шими уринган, юпқа, пайпоғининг учи тикилган, товонига ямоқ солинган...

Йигитча шошиб салом берди, овози хирқираб чиқди:

–Ассалому алайкум... – салом бердию, кўзларини пирпираб ерга қадалди. Кутубхоначи алик олди. Бир муддат тикилди. Йигитча эса негадир чўчиб елкасини қисди, бошини бўйни ичига тортишга ҳаракат қилди. Кутубхоначи унга нимадир демоқчи эди, аммо фикридан қайтди, кейин ўзи ҳам бошини эгди, букчайиб таҳоратхона томонга ўтиб кетди. Меҳмон унинг ортидан беғубор нигоҳлари билан қараб қолди. Кейин яна елкасини оғир юк босиб тургандек ерга чўкди...

Намозга келганлар уни Кутубхоначининг меҳмони деб ўйлашди, бир-бирига ғўнғирлаб “Абу меҳмон чақирибдими?” – дейишди. Берди чол: “Меҳмонми?” – деб сўради ҳам. Кутубхоначи: “Ҳа”, – дегандек бош силкиш билан чекланди.

Хуфтондан сўнг Кутубхоначи масжид хонақоҳининг бир бурчига суяниб мудраётган меҳмоннинг тепасига келди. Йигитча сапчиб ўрнидан туриб беихтиёр: “Ассалому алайкум!..” – деб юборди. “Ваалайкум...” – деди Кутубхоначи ва буюрди: “Ортимдан юр!”

Йигитча индамай эргашди.

Хуфтондан кейин атрофни зулмат қоплаган. Қишлоқда чироқ ўчгани учун симёғочлар қоронғуда бекор турганидан уялаётгандек кўринарди. Кўчаларда ҳалқоблар пайдо бўлган, Кутубхоначи эҳтиёт бўлиб, иложи борича четдан юрди. Меҳмон унга базўр етиб юрар, кун бўйи оч ўтирганидан мадори қочиб, кўз олди тинар, аммо йўл бошловчи унинг ҳолатини сезмаётгандек катта-катта шаҳдам қадам босиб борарди. Қишлоқнинг сўнгги ҳовлиси ортда қолгач, дўнгликда пахса девор билан ўралган ҳовли томон кўтарилдилар. Йигитчанинг оёқлари чалиша бошлади, ҳатто йиқилди, тиззаси, қўллар лой бўлди, калишидан тикан ўтиб, товонига санчилгани етмагандек тиззаси ҳам янтоқнинг ниши билан тўлди. Аммо алпонг-талпонг қилса-да, роҳбонга етишишга интилди. Пастаккина эшик олдига келишганида йигитча ўпкаси бўғзига келиб нафас оларди, мезбон эшикни очди, ичкарига кирдилар. Қоронғуликда ҳеч нарса кўзга кўринмас, аммо қандайдир дарахтларнинг шарпасини сезиш мумкин. Кутубхоначи меҳмоннинг билагидан ушлади ва етаклаб кетди, йигитча мезбоннинг забардаст кучини ҳис қилди. Текис йўлакдан ўтгач, икки қулоч баландликдаги уй олдида тўхташди, Кутубхоначи бу эшикдаги қулфни ҳам туширгач, ичкарига қадам қўйдилар.

Очень плохоПлохоУдовлетворительноХорошоОтлично (26 голосов, средний бал: 4,12 из 5)
Загрузка...